21:33 / 09.01.2019
24185

Пим Вербеек: «Қандайдир беш сония ўйин тақдирини ҳал этди»

Ўзбекистон – Уммон учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисми Уммон терма жамоаси бош мураббийи Пим Вербеек иштирокида ўтди.

«Жуда яхши ўйнадик, деб ҳисоблайман. Рақиб дарвозабони маҳорат кўрсатди. Вазиятлардан фойдалана олмаганимиз охир-оқибат ҳисобда ўз аксини топди. Ўзбекистон жарима зарбасидан ҳисобни очди. Биринчи ўйинни бундай яхши савияда ўтганимиз муҳим аҳамиятга эга. Умуман олганда, жамоамнинг ўйинидан тўла кўнглим тўлди, аммо натижадан мутлақо қониқмадим.

Бугун очко олишга муносиб эдик. Плей-оффга чиқиш учун камида 4 очко олиш керак. Келгуси ўйинимиз Японияга қарши,  бу жамоа катта эҳтимол билан Осиёнинг энг яхши термасидир. Туркманистонни ҳам ўрганганмиз – улар ҳам кучли. Аммо биз Японияга қарши ўйинда ҳам ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.

Биз рақиб жарима майдони атрофида жуда яхши ўйнадик, буни ҳамма кўрди. Ўйинчиларга айтдим: айнан якуний тўп узатишнинг муваффақиятли бўлиши кўп нарсани ҳал қилади. Ўз вақтида, аниқ ва қулай тарзда узатилган паслар бизга етишмади, шу боисдан ҳам устунликка эриша туриб, мағлубиятга учрадик. Япония билан ўйингача 3 кун бор, бу камчиликлар устида ишлаймиз.

Ўзбекистон 1:0 ҳисобида ютаётган пайтида ҳимояга асосий эътибор беришга ўтганини тушунаман. Ўзбекистон катта фидоийлик билан ўйнади, марказий ҳимоячиси қизил карточка олди. Мен футболчиларга «Нега энди биз ҳам шундай ўйин кўрсатмаймиз?» дедим. Уммон каби терма жамоалар шундай ўйинлардан тажриба тўплаши керак. Ҳа, Яқин Шарқ мамлакатлари ичида биз яхши жамоамиз, аммо бу – Осиё Кубоги.

Бор-йўғи, қандайдир 5 сония ўйин масаласини ҳал қилди. Жамоамизнинг савияси юқори эканига ишончим комил.  Ҳали 6 очко ишлашимиз ҳам мумкин.

Биринчи ўйиндан келиб чиқиб, қолаверса рақиб Япония эканини ҳисобга олиб, ўзгаришларга қўл уришимиз мумкин. Таркибимизда барча тўла соғлом. Япония терма жамоаси ҳақида етарли маълумотга эгаман. Туркманистон уларга иккита гол уриб, ожиз нуқталарини топа олди. Японияга қарши ўйинда ҳам бугунгидек сифатли ўйин кўрсатамиз, деб умид қиламан. Эҳтимол, футболчиларни алмаштирмасдан, услубга бироз ўзгаришга қўл урармиз. Чунки Япония анча ҳужумкор ўйин кўрсатади», – деган нидерланд мутахассисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Уммон терма жамоаси 2-турни 13 январь куни Абу-Дабида Японияга қарши ўтказади.

Top