Жаҳон | 21:45 / 19.01.2019
20663
2 дақиқада ўқилади

Британия қироличаси йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидабузарлигига йўл қўйди 

Фото: Global Look

Британия қироличаси Елизавета II хавфсизлик камарини тақмаган ҳолда машина ҳайдагани пайқалди. The Daily Mail нашрининг ёзишича, қиролича турмуш ўртоғи шаҳзода Филипп машина ҳайдаш вақтида ағдарилиб кетганининг эртаси куни бундай ҳолда суратга олинган.  

Суратга изоҳларда хавфсизлик камарини тақмаган ҳолда машина ҳайдаш Британияда қонунбузарлик ҳисобланиши ва 100 фунт стерлинг жарима билан жазоланиши эслатиб ўтилган.

Бироқ қиролича бундан мустаснодир: у суд таъқибидан тўлиқ дахлсизликка эга. Айблов одатда қиролича томонидан билдирилиши сабабли, унга қарши жиноий иш қўзғашнинг иложи йўқ.

Шу сабабли қироличани ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этиб бўлмайди, бироқ бу унинг турмуш ўртоғига тегишли эмас. Таъкидланишича, шаҳзода Филипп аварияга учрагандан кейин ушбу ҳолат юзасидан тергов бошланган ва у ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилиши мумкин. 

Қиролича машина ҳайдашни Иккинчи жаҳон уруши вақтида ўрганган ва санитар машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. Қироличада расман ҳайдовчилик гувоҳномаси бор, бироқ унга бу ҳужжат мажбурий ҳисобланмайди. Шунингдек, Елизаветада қироллик оиласининг бошқа аъзоларидан фарқли, паспорт йўқ, чунки бу ҳужжат ҳам қиролича номидан берилади.

Мавзуга оид