Жамият | 12:48 / 19.01.2019
19640
4 дақиқада ўқилади

Days gone by: жаҳонга юз тутаётган Қодирий

«Ёзмоққа ниятланганим ушбу — «Ўткан кунлар», янги замон рўмончилиғи билан танишиш йўлида кичкина бир тажриба, яна тўғриси, бир ҳавасдир...»

Худди шундай деган эди, ўзининг шоҳ асарини ёзишга чоғланаётганида Абдулла Қодирий. Фалакнинг гардишини қарангки, у жаҳон романчилигига ҳавас қилиб ёзган асарга энди бутун дунё суқланиб қарайди.

18 январь куни International Hotel Tashkent меҳмонхонасида «Ўткан кунлар» романининг инглиз тилидаги илк нашри – Days gone by китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Асар Каримов фонди ҳомийлигида инглиз тилига ўгирилган бўлиб, китоб Nouveau Monde Editions нашриётида чоп этилди. 

Асарни британиялик адабиётшунос Кэрол Ермакова инглиз тилига ўгирди, таржима таҳририни Жули Уикенд амалга  оширди. Таниқли ўзбек рассоми Бобур Исмоилов китобнинг бадиий безаклари билан шуғулланди. 

Советлар қатағони қурбони Абдулла Қодирий қисқа умри давомида (1894 –1938) сермаҳсул ижод қилди. «Аҳволимиз», «Миллатимга» каби шеърлари, «Бахтсиз куёв» пьесаси, «Жувонбоз» ҳикояси, ва албатта, «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романлари билан адабиётда ўчмас из қолдирди.  

Ўзбек миллий романчилик мактабининг илк намунаси ҳисобланган «Ўткан кунлар» романи 1919 йилда ёзила бошланган. 1922 – 1925 йиллар оралиғида бобма-боб «Инқилоб» журналида чоп этилган. 1969 йилда асар асосида фильм ишланган. Асар ҳозиргача рус, турк, қозоқ, уйғур, туркман, тожик тилларига таржима қилинган, «Тошкентлик ошиқлар» номи билан немис тилида нашр қилинган. 

«Асарнинг инглиз тилига таржима қилиниши унинг хорижда ҳам ўз ўқувчиларини топишига ва ўзбек халқининг бой маданий меросини намойиш этишига умид қиламан», – дейилади фонд раҳбари Лола Каримова-Тилляеванинг тақдимот муносабати билан йўллаган мактубида. 

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 81 йиллиги ҳамда Фонднинг ноширлик йўналишидаги 11-лойиҳаси якуни ўлароқ тантанали ўтказилган тақдимотда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Пилар Альварес Ласо хоним, адабиёт ва санъат вакиллари Сирожиддин Саййид, Шуҳрат Ризаев, Гулчеҳра Саъдуллаева, Гулчеҳра Жамилова иштирок этиб, Қодирий шахсияти ва ижоди ҳақида илиқ фикрлар билдиришди. 

«Ўткан кунлар»ни суратга олиш бошланишидан аввал газетада эълон чиққанди. Унда шундай фильм ишланаётганлиги, кимнинг уйида ўша даврга оид жиҳозлар – офтоба, эгар ва шунга ўхшаш нарсалар бўлса, «Ўзбекфильм» олиб келишлари сўралганди. Эсимда, шунда ҳатто узоқ вилоятлардан ҳам одамлар келиб, топганини ташлаб кетган, фильмнинг тезроқ экранга чиқиши учун ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилган», – дея хотирлайди Кумуш ролини гавдалантирган актриса Гулчеҳра Жамилова.

Лойиҳа доирасида ўзбекистонлик ёшларга мос равишда асар лотин алифбосида ҳам совғабоп кўринишда  нашр этилди. Тақдимот якунида меҳмонларга Days gone by китоби туҳфа этилди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг октябрь ойида Қодирий таваллудининг 125 йиллиги кенг нишонланиши бўйича Вазирлар Маҳкамаси фармойиши чиққан.  Бунинг доирасида адиб ижодига бағишланган адабий музей, ижодий мактаб, кутубхона барпо этилиши, ижодкорнинг  ҳайкали ўрнатилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид