15:20 / 21.01.2019
63409

ДХА ҳайдовчилик гувоҳномалари бўйича эслатма билан чиқди

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги 116-сон қарорига мувофиқ амалдаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириш 2019 йил 1 январь — 2020 йил 31 декабрь даврида — эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари учун, уларнинг берилган санасидан қатъи назар — мажбурий тартибда амалга оширилиши ҳамда 2021 йил 1 январдан эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмаслиги белгиланган.

Ҳозирги вақтда Тошкент шаҳрида 1 миллиондан ортиқ эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари янги намунадагисига алмаштирилмаган бўлиб, мазкур ҳайдовчилик гувоҳномаларини 2020 йилнинг охирига қадар алмаштириш мажбурий ҳисобланади. Мазкур ҳайдовчилик гувоҳномаларини 2020 йилнинг охиригача, яъни 24 ой ва ҳар бир иш кунида алмаштирилганида камида 2200 – 2500 та атрофида фуқароларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш талаб этилади. 

Бироқ, бугунги кунда Давлат хизматлари марказлари орқали кундалик 500 - 600 та атрофида ҳайдовчилик гувоҳномалари алмаштирилмоқда ва мазкур давр мобайнида 85 мингдан ортиқ фуқароларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари алмаштирилишига эришилган, холос. 

Шу сабабли, 2019 йилнинг иккинчи ярми ва 2020 йил давомида мазкур давлат хизматига аҳоли ўртасида талаб кескин ошиб кетиши кутилмоқда. Оқибатда Давлат хизматлари марказларида яна навбатлар кўпайиб, тартибсизликлар ва фуқаролар ўртасида турли тушунмовчиликлар юзага келиши ва белгиланган муддатда фуқаролар ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадагисига алмаштиришга эришилмайди. 

Шу муносабат билан, фуқароларга бугундан Давлат хизматлари марказларига мурожаат этишлари тавсия этилади.

Маълумот тариқасида, миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари янги намунадагисига Тошкент шаҳрининг Миробод, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Яккасарой ва Яшнобод туман Давлат хизматлари марказларида соддалаштирилган тартибда, яъни мурожаатчиларнинг доимий яшаш манзилидан қатъий назар, паспорт ва эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда унинг талони, шунингдек ЭКОИҲнинг 70 фоизи миқдорида тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда амалга оширилиши маълум қилинади.

Top