Ўзбекистон | 15:01 / 21.01.2019
13143
11 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда “Ақлли шаҳар” технологияларини жорий этиш Концепцияси тасдиқланди

Фото: Shutterstock

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистон Республикасида “Ақлли шаҳар” технологияларини жорий этиш Концепцияси ва 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида “Ақлли шаҳар” технологияларини жорий этиш Концепциясини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

“Ақлли шаҳар” технологияларини жорий этиш лойиҳаларини амалга оширишнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

1.    “Ақлли транспорт”

“Ақлли транспорт” йўналишида технологик ечимларни жорий қилиш орқали қуйидагилар кўзда тутилади:

йўл ҳаракатини бошқариш тизимини автоматлаштириш ва транспортлар оқими кўрсаткичларини мониторинг қилиш, шу жумладан реал вақт режимида ҳаракат шартларини мониторинг қилиш;

жамоат транспортини бошқаришни дастурий таъминлаш; йўл ҳаракати қатнашчиларига автоматлаштирилган тизим орқали йўлдаги шароитлар ва вазиятлар, жамоат транспортининг ҳаракат жадваллари тўғрисидаги маълумотларни етказиш;

жамоат транспортида хавфсизлик тизимлари;

ахборот узатиш технологияларини, яъни маълумотларни тўплаш ва сақлаш жойига узатишни таъминлайдиган 5G стандартига мос келувчи алоқа воситаларини ва бажарувчи қурилмаларни, кенг қамровли Интернет тармоғи ва бошқа элементларни жорий этиш;

“Ақлли шаҳар” учун Интернет тармоғининг шаҳар платформаларини жорий қилиш;

транспортларни жойлаштириш учун бўш жойлар ва уларнинг узоқлигини аниқловчи “Ақлли жойлаштириш” технологияси;

автомобиль ва йўллардан фойдаланиш учун электрон тўлов тизимлари;

йўловчиларни ташиш ҳолатини узлуксиз мониторинг қилиш;

геоахборот технологиялари ва навигация.

2.    “Ақлли таълим”

“Ақлли таълим” технологик ечимларини жорий этиш орқали қуйидагилар назарда тутилади:

ўқувчиларни синаб кўриш имконияти билан сунъий интеллект базасида таълим бериш тизими;

шахсни интеллектуал аниқлаш тизими;

масофавий таълим ва электрон ўқитиш;

таълимнинг барча босқичларини қамраб олган электрон журналлар;

онлайн ва офлайн услубларидаги интеграция тизимлари;

қулай ва мослашувчан таълим технологияси;

адаптив ва мобил ўқитиш технологиялари.

3.    “Ақлли тиббиёт”

“Ақлли тиббиёт” технологик ечимларини жорий этиш орқали қуйидагилар назарда тутилади:

мижозлар тўғрисидаги биотиббий маълумотларнинг ягона платформаси;

тиббий карталарининг тармоқли тизимини жорий қилиш;

тиббий интернет ва мобил иловалар асосида инсон саломатлигини масофадан мониторинг қилиш тизими;

виртуал тиббий кўрикдан ўтказиш;

виртуал шифохона хизмати;

электрон рецептлар;

телеметрия ва симсиз алоқадан фойдаланган ҳолда тиббий ёрдамни уйда олиш;

илмий асосланган тиббиёт (сунъий интеллект ва телекоммуникациялар соҳасидаги техник янгиликлар асосида яратилган қурилмаларни қўллаш орқали);

даволаш натижаларидан келиб чиқиб кўрсатилган хизмат учун тўловни амалга ошириш (шифокорга ташриф буюрганларнинг сонига эмас, балки даволаш натижаси бўйича тўлов амалга оширилади);

тиббий маълумотлар, касалланишлар режалари, касалланиш ва тузалиш жараёнларини таҳлил қилиш учун сунъий интеллект технологияларини жорий этиш;

реал вақт жараёнида дори-дармон захираларини кузатиш имкониятини берувчи интеграциялашган (GPS ва мобил платформалар билан жиҳозланган) тиббий пунктлар.

4.    “Ақлли энергетика”

“Ақлли энергия тизими” технологик ечимларини жорий этиш орқали қуйидагилар назарда тутилади:

маълумотларни йиғиш ва оператив диспетчерлик бошқариш тизими;

авария ҳолатларида ўчиришларни бошқариш тизими;

мижоз билан ўзаро муносабатларни бошқариш тизими;

геоахборот тизими;

кучланишни мониторинг қилиш учун автоном сезгичлар;

ҳар хил турдаги қурилмаларнинг интеграциясини ҳамда маълумотларни олдиндан таҳлил қилиш ва йиғишни таъминловчи интернет қурилмаларининг рақамли платформалари;

янги авлод гибрид батареялари, юқори ўтказувчан қурилмалар, литий аккумуляторлари;

“ақлли” ўлчов тизимлари, истеъмолчилар фаоллигини таҳлил қилиш;

янги таҳлилий ҳисоб-китоб ва тўлов хизматлари (тегишли молиявий технологияларни ривожлантириш орқали);

энергия ресурслари истеъмолини ҳисоблашнинг интеллектуал тизимлари.

5.    “Ақлли сув таъминоти ва оқава сув”

“Ақлли сув таъминоти ва оқава сув” технологик ечимларини жорий этиш орқали қуйидагилар назарда тутилади:

географик ахборот тизимини жорий этиш орқали ягона ахборот тизими;

сув таъминоти ва оқава сув истеъмолчилари ва кўрсатилган хизматлар ҳажмларини ҳисобга олиш тизими;

сув ўтказгичлар ва оқава сув тармоқлари йўналиш хариталарининг электрон шакллар тизими;

босим регуляторлари ва электрон узаткичлар ўрнатилган тармоқларда сув таъминоти ва оқава сув тизими;

марказий диспетчерлик хизмати - ишларини автоматлаштириш тизими ва онлайн тизимда мониторинг олиб бориш;

сув оқиб кетиши ҳолатлари аниқланганда сув таъминотини тўхтатиш тизими;

фавқулодда вазиятларда бутун уйни иситиш кранларини ёпиш тизими;

авария ҳолатлари содир бўлганда сув билан таъминловчи насосларни ўчириш тизими;

насос ва жўмраклар ишлашини бошқариш орқали сақлаш тизимидаги сув сатҳини бошқариш тизими;

сенсорли сместителлар ва кранларга насадкалар ўрнатган ҳолда амалга ошириладиган сув таъминоти технологияларини жорий қилиш.

6.    “Ақлли уй-жой коммунал хўжалиги”

“Ақлли уй-жой-коммунал хўжалиги” технологик ечимларини жорий этиш орқали қуйидагилар назарда тутилади:

кейинчалик тегишли инстанцияларга етказилиши ҳисобга олинган ҳолда ҳисоблагичларнинг кўрсатишини аниқлаш жараёнини автоматлаштириш;

уйни энергия билан таъминлаш ҳолати тўғрисидаги маълумотни истеъмолчининг қурилмасига етказиш тизимлари;

коммунал хизмат кўрсатиш сифатини назорат қилиш бўйича махсус хизмат кўрсатиш ва шахсий офислар тизими;

коммунал ресурслар истеъмолчилари ва таъминотчилари ўртасида маълумотлар алмашинувини таъминлаш бўйича smart-ҳисоблагичларни (“ақлли ҳисоблаш асбоблари”) жорий қилиш, маълумотлар тизими;

тўловларни мониторинг қилиш тизимлари;

инфратузилмани бошқариш тизимлари;

энергия ресурсларини ўзлаштириш ҳолатларини аниқлаш ва унинг олдини олиш тизимлари;

энергия самарадорлигини ошириш усуллари ва тизимлари;

сувни тежовчи технологияларни қўллаш орқали сув сарфини ва сув таъминоти нархини камайтириш тизимлари;

истеъмолчиларга хизмат кўрсатишнинг очиқ платформалари.

7.    “Ақлли қурилиш”

“Ақлли қурилиш” технологик ечимларини жорий этиш орқали қуйидагилар назарда тутилади:

қурилишда мониторинг ва оператив бошқарув тизими;

объектларни қуриш жараёнини соддалаштириш ва қуриш муддатларини қисқартириш тизими;

замонавий ва самарали уй-жойлар қуриш стандартлари;

янги қурилиш материаллари;

қурилиш учун лойиҳа ҳужжатлари тизими;

меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай ва ишбай-мукофотлаш тизимини қўллаш;

қурилиш жараёнларини визуал моделлаштириш;

омборларни бошқарув тизимлари.

8.    “Ақлли уй”

“Ақлли уй” технологик ечимларини жорий этиш орқали қуйидагилар назарда тутилади:

ёнғинга қарши ва қўриқлаш сигнализацияси;

эркин фойдаланишнинг назорат тизими;

авария ҳолатларни назорат қилиш (сув оқиб кетиши, газ чиқиши, электр тизимидаги авариялар);

ички ва кўча ёритгичларини бошқариш;

энергия истеъмолини назорат қилиш, катта кучланишпарни чеклаш ва истеъмол тармоғи фазаларига кучланишни тақсимлаш;

энергияни тежайдиган асбобларни қўллаган ҳолда электр таъминотининг захира манбаларини бошқариш;

интернет орқали уйнинг барча тизимларини бошқариш ва узоқдан мониторинг қилиш;

исгеъмолчининг smart-қурилмасига GSM-модуль орқали уйдаги сув таъминоти тизимининг ишлаши ҳақидаги маълумотларни етказиш;

иссиқлик сарфини, кондиционерни бошқаришни ва иссиқликнинг оптимал тарқалишини мониторинг қилишнинг интеллектуал сенсорли тизими;

реал вақт режимида объектлар қурилишини лойиҳалаштириш жараёнини масофадан бошқариш.

9.    “Ақлли ҳокимият”

"Ақлли ҳокимият” технологик ечимларини жорий этиш орқали қуйидагилар назарда тутилади:

Ижро этувчи ҳокимият вакиллари ва шаҳар аҳолиси ўртасидаги ўзаро муносабатлар тизимининг яхши ишлаши, шаҳар маъмурияти ахборотларнинг очиқлиги;

фуқароларнинг шаҳар бошқарувидаги фаоллиги;

шаҳарларни стратегик режалаштириш ҳужжатларининг долзарблиги;

шаҳар маъмуриятининг расмий сайтларидан кенг фойдаланиш;

тўлов воситаси билан шахснинг электрон гувоҳномаси;

юқори технологияларни, юқори тезликдаги Интернет тармоғини кенг спектрда қўллаш ва ундан фойдаланиш;

wi-fi гауланиш, шаҳар мобил иловаларининг мавжудлиги ва сифати;

маҳаллий солиқлар ва йиғимлар учун тўлов тизимлари;

ариза ва шикоятлар бериш учун узатувчи қурилмалардан ва фуқароларни огоҳлантиришнинг замонавий усулларидан фойдаланиш.

10. “Ақлли маҳалла”

“Ақлли маҳалла” технологик ечимларини жорий этиш орқали қуйидагилар назарда тутилади:

такси чақириш ва унинг тўлови учун интернет-хизмат ишларини йўлга қўйиш;

йўл ҳаракати ҳолатини онлайн режимда мониторинг қилиш имкониятлари;

электромобиллар учун ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғининг мавжудлиги;

каршеринг (автомобилларни қисқа муддатга ижарага бериш) хизматини кўрсатиш;

интернет тармоғидан фойдаланувчиларнинг сони ва фаоллиги;

талабаларнинг электрон карталарини қўллаш;

меҳнат бозори ҳақида маълумотларнинг мавжудлиги;

чиқиндиларни рухсатсиз ташлашнинг оқибатларини бартараф этишда жамоатчиликнинг иштироки.

Ушбу Концепцияни амалга ошириш оркали қуйидаги натижаларга эришиш кўзда тутилади:

мавжуд барча шакллардаги таълим ва малака оширишни кенгайтириш орқали, шу жумладан интернет тармоғи ёрдамида шаҳар аҳолисининг билим даражасини ошириш;

шаҳар хизматлари ва давлат органлари билан ҳамкорликда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали аҳолининг фаоллигини ошириш;

энергетиканинг барқарорлигини ошириш, сарф ва харажатларни камайтириш;

энергия ресурслари тақсимоти ва истеъмоли самарадорлигини ошириш;

истеъмолчилар учун хизматларнинг сифати, самарадорлиги ва интерактивлигини ошириш, шунингдек, алоҳида тарифларни қўллаш имкониятини яхшилаш;

келажакда инновацион технологияларни қўллаш муҳитини яратиш;

сув сарфи ва сув таъминотидаги узилишларни камайтириш, оқава сувларни тозалаш сифатини ошириш ва қаттиқ чиқиндиларнинг утилизация қилинишини яхшилаш;

аҳолига шаҳар хизматлари кўрсатиш харажатларини камайтириш ва аҳолининг кўрсатилган хизматлар учун қарздорлигини қисқартириш;

фавқулодда вазиятлар ва жиноий ҳолатларга жавоб қайтариш вақтини қисқартириш, жиноятчиликни ва жабрланганлар сонини камайтириш;

транспорт инфратузилмасининг тирбандлигини камайтириш;

йўллар ва тўхташ жойларига хизмат кўрсатишда иқтисод қилишни таъминлаш;

пиёдалар ва жамоат транспорти фойдаланувчилари учун мобил қулайликни яхшилаш.

Мавзуга оид