Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Ақлли шаҳар» Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси тақдим этилди.

«Мазкур Концепциянинг мақсади - Ўзбекистонда турмуш сифатини ошириш ҳамда ҳозирги ва келажак авлоднинг иқтисодий, ижтимоий, экологик ва маданий эҳтиёжларни қондиришни таъминлашга йўналтирилган «Ақлли шаҳар» инновацион технологияларини татбиқ қилиш йўли орқали жойларда замонавий ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникацион инфратузилмалар лойиҳаларини яратишга доир асосий йўналишларни белгилаб олиш», - дейилади ҳужжатда.

«Ақлли шаҳар» инновацион технологияларини татбиқ қилишдаги асосий йўналишлар қуйидагилар:

«Ақлли транспорт» (Интеллектуал транспорт тизими)

Интеллектуал транспорт тизими - транспорт оқими ва йўл қопламалари сифати назоратини амалга оширади, кўчалардаги ахборот панеллари ҳамда фойдаланувчиларнинг смартфонларида йўллардаги вазиятни акс эттириш орқали транспортлар ҳаракатини оптималлаштиради, чорраҳаларнинг юкланиш даражасига қараб светофорларнинг ишлашини бошқаради, жамоатчилик транспортининг жойлашув жойи ва бекатга келиш вақтини кўрсатади, шунингдек тизим электромобиллар учун заряд станциялари инфратузилмаси, йўлга тахминан қанча вақт кетишига оид маълумотлар ва кўплаб бошқа фойдали функцияларга эга.

«Электрон милиция»

Электрон милиция - «электрон милиция» пультига қўнғироқ қилинганда харитада дарҳол қўнғироқ қилувчининг жойлашув манзили акс этади, навбатчи мониторида эса хабарни рўйхатдан ўтказувчи, уни қайта ишловчи ва тезкор чоралар кўрувчи дарча очилади. Бундай тизим, биринчидан, бирор мурожаатни эътиборсиз қолдирмайди, иккинчидан, ёвуз ниятли чақириқларга қарши фаол курашади.

Хавфсизлик қуйи тизими

Хавфсизлик қуйи тизими - видеокузатув, видеофиксация ва инфратузилма объектлари жисмоний хавфсизлиги таъминоти тизимлари; фавқулодда оператив хизматлар чақириғини таъминлаш тизимлари; огоҳлантириш тизимлари; хавфсизлик тизимларини бошқарувчи дастурий-қурилмавий комплекс.

Хусусан, бу тизим электрон милиция хизмати билан бирга ишлашга асосланган, бироқ у бошқа барча фавқулодда хизматлар - тез тиббий ёрдам, ўт ўчирувчилар, газчи ва энергетиклар билан ҳам мувофиқлашади. Бунинг учун Ягона жамоа ёки вазият марказидан фойдаланилади.

Электрон таълим

Электрон таълим - одатий «масофавий таълим»дан кўпроқ функцияларни ўз ичига олади ва аҳоли (ўқувчилар, талабалар, докторантлар ва б.)га уйдан чиқмаган ҳолда маърузаларни тинглашга ёрдам беради. Ақлли шаҳарлар учун таълим соҳасидаги янги технологиялар мазкур соҳани ривожлантиришга оид асосий тенденциялар, онлайн- ва офлайн-услублар интеграцияси, адаптив ва мобил таълим технологиялари ривожи кабиларни акс эттирувчи инновацион қарорлар тўпламини ўзида жамлайди. Онлайн таълим платформалари ва оммавий очиқ онлайн курслари, илғор визуализация, тўлдирилган ва виртуал реаллик технологиялари ва бошқалардан иборат.