Ўзбекистон | 15:55 / 22.01.2019
11858
4 дақиқада ўқилади

Божхона органларида мажбурий хизматни ўташ борасидаги низом тасдиқланди

“Давлат божхона хизмати органларида мажбурий хизматни ўташ ҳақидаги шартномаларни тузиш ҳамда шартнома шартлари бажарилмаганда харажатларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Давлат божхона қўмитаси ҳамда Молия вазирлиги қарори қабул қилинди.

Қарор билан Давлат божхона хизмати органларида мажбурий хизматни ўташ ҳақидаги шартномаларни тузиш ҳамда шартнома шартлари бажарилмаганда харажатларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мазкур низом Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтини Давлат бюджети ва Давлат божхона қўмитаси маблағлари ҳисобидан тамомлаган ва мажбурий хизмат ўташ учун давлат божхона хизмати органларига, шунингдек ДБҚ томонидан бошқа давлат идораларига юборилган шахсларга нисбатан татбиқ этилади.

Низомга мувофиқ, курсант ўқишни тамомлагандан кейин беш календарь йил мобайнида давлат божхона хизмати органларида, шунингдек ДБҚ томонидан бошқа давлат идораларига юборилганда мажбурий хизмат ўташга мажбур.

Курсант ўқишга кабул қилиниши билан ДБҚ ўртасида ўқишни тамомлагандан кейин беш календарь йили мобайнида давлат божхона хизмати органларида, шунингдек бошқа давлат идораларида мажбурий хизмат ўталиши ҳақида шартнома тузилади.

Шартнома тузишни рад этган курсант курсантлар сафидан чиқарилади.

Ўқиш учун сарфланган маблағлар бир ўқув йили учун, календарь йил ҳисобида курсантлар сафидан чиқарилган (хизматдан бўшатилган) санада амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баробари миқдорида ундирилади.

Шартнома муддатидан олдин бекор қилинганда, қопланиши лозим бўлган маблағлар, курсант (ходим):

• давлат божхона хизмати органларида хизматни ўтаган бўлса, тегишли ДБҚнинг таркибий тузилмалари;

• бошқа давлат идораларида хизматни ўтаган тақдирда ДБҚ томонидан ҳисобланади.

Курсант (ходим) томонидан шартнома шартлари бажарилмаса, ўқишга сарфланган маблағлар:

• тўрт йиллик ўқиш даврининг курсантлар сафидан чиқарилгунга қадар бўлган даврига;

• беш йиллик мажбурий хизматни ўтамаган даврига нисбатан мос равишда ундирилади.

Ўқиш учун сарфланган маблағлар хизматдан бўшатиш ҳақида буйруқ имзоланган санадан бошлаб 30 календарь кун ичида қопланиши лозим.

Белгиланган муддатда қопланмаган маблағлар суд орқали ундирилади.

Қопланиши лозим бўлган маблағларни тўлаган ходим хизматга тикланган ёки қайта қабул қилинган тақдирда ундан ундирилган пул маблағлари тўлиқ қайтарилади.

Қуйидаги ҳолларда курсантга сарфлангаи маблағлар қопланмайди: 

• курсант (ходим) вафот этиши, бедарак йўқолган деб топилганлиги ёки вафот этган деб эълон қилинганлиги муносабати билан давлат божхона хизмати органлари шахсий таркиби рўйхатидан чиқарилган кунидан бошлаб;

• курсант (ходим) давлат божхона хизмати органларидан ҳарбий-тиббий комиссия хулосаси асосида ёки ташкилий-штат ўзгаришлари сабабли бўшатилганда;

• курсант (ходим)нинг ота-онаси, ака-укалари ёки опа-сингилларидан бири назорат ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими ёхуд Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиси бўлиб, хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган тақдирда.

Мавзуга оид