Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Саид Оталиқ мадрасаси қуламоқда...
Деновдаги Саид оталиқ мадрасаси анча аянчли аҳволга келиб қолган, у қулаш арафасида, дейилади «Оила даврасида» газетасидаги мақолада (2019-йил, 2-сон).
Журналист Улуғбек Жумаевга кўра, обиданинг устидан муттасил сув ўтгани етмагандек, деворлари емирилиб, кундан-кунга чўкиб бормоқда. Ёмғир обида ичига узлуксиз равишда тушиб, уни вайрона ҳолга келтиряпти.
«Аслида уч ҳалқали бўлган қўрғоннинг бугун бир ҳалқасининг ярми ҳам қолмаган. Яқин атрофдаги аҳоли чиқиндини ҳам шу ерга ташлаб кетади.
Мадраса XVI асрда Хожа Алоуддин Атторга атаб қурилган бўлиб, бу зот Баҳоуддин Нақшбанднинг куёвлари ҳисобланади.Иншоот у кишининг ўғиллари ва неваралари томонидан 26 йил давомида қуриб битказилган. Илгари бинонинг рўпарасида худди шунга ўхшаш иморат бўлган экан. Лекин у шўролар замонида ими-жимида бузиб юборилган, қадимий ғиштлари эса темир йўл вокзалидан бошлаб то ҳозирги ҳокимият биносига қадар чўзилган йўлга тўшаб чиқилган...
Аммо Саид Оталиқ мадрасасининг ҳам советлар қўлидан омон қолганига ҳеч бир мақтангулик ҳоли йўқ. Бинонинг айрим ҳужраларда овқат пиширилиб, обида деворларида тутун излари эсдалик бўлиб қолмоқда», – деб ёзади у.
Муаллиф Улуғбек Жумаевнинг сўзларига қараганда, бундан йигирма йиллар муқаддам Самарқанд ва Бухородан келган усталар бу обидани таъмирлаш ишларини бошлашган. Бунга обида пештоқидаги қурилишдан дарак бериб турган темир ҳавозалар ҳам исбот бўлади. Аммо негадир иш чала қолиб кетган. То ҳанузгача ҳавозалар ўз жойидан бир қадам бўлса-да силжимай занглаб ётибди.
Маълумот учун, Kun.uz'да Абдулазизхон мадрасасининг бугунги кундаги аҳволи тўғрисида мақола эълон қилингандан сўнг, мадрасанинг келгуси тақдири бўйича расмий изоҳ берилганди. Таъкидланишича, Абдулазизхон мадрасасида 2019 йилда таъмир ишларини ишлари амалга ошириш режалаштирилган.