Жаҳон | 08:09 / 24.01.2019
6106
1 дақиқада ўқилади

Конгресс Трампга шатдаун якунланмагунча мурожаат билан чиқишни тақиқлаб қўйди

Фото: AP

АҚШ конгресси вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси АҚШ президенти Дональд Трампга ҳукумат фаолияти тикланмагунча конгрессга “Мамлакатдаги вазият тўғрисида”ги мурожаат билан юзланишига рухсат бермаслигини айтди.    

“Шуни сизга маълум қилиш учун ёзяпманки, вакиллар палатаси ҳукумат иши тикланмагунча президентнинг вакиллар палатаси залида мурожаат қилишига рухсат берувчи резолюцияни кўриб чиқмайди”, деб айтилган Пелосининг Трампга йўлланган мактубида.

Трамп мактубнинг мазмуни жамоатчиликка маълум қилингандан кейин Оқ уйда журналистлар олдидаги нутқида мамлакатдаги вазиятга ўз қарашларини баён қилиш учун халққа мурожаат қилишнинг бошқа йўлини топишини айтган.

Трамп, шунингдек, Пелосининг хатти-ҳаракатини “ҳақиқатни эшитишни истамаслик” деб ҳисоблашини айтган.

Аввалроқ Трамп америкаликларга ҳар йиллик анъанавий мурожаатининг иккита вариантини тайёрлаётгани маълум қилинган.

Мавзуга оид