10:42 / 25.01.2019
55585

Пенальти. Бикмаев

Мен жароҳатланган футболчи билан тўп талашмайман. Сабаби, агар тўпни олиб қўйсам, «ҳа, энди, рақиби жароҳатланган эди-да, дейишади. Агар ютқазиб қўйсам, ҳамманинг кулгисига қоламан. Ҳар икки ҳолатда ҳам ютуқда бўлмайман», – деганди, тарихдаги қайсидир футболчи. Пенальти ҳам худди шу ҳолатга ўхшаб кетади. Тепувчи ҳеч қачон ютуқда бўлмайди.  

1999 йил ЕЧЛ финалидаги ҳисобни тенглаштирувчи гол қандай содир бўлгани ҳақида иштирокчилардан бири Давид Бекҳэм ҳикоя қилади: «Мен бурчак тўпини ижро этиш учун тайёрлана бошладим. Бу сўнгги имконият, аниқ ижро этишим керак эди. Шу пайт жарима майдони томон югуриб келаётган Питер Шмейхэлни кўрдим. Ёшлигимизда у доим ўз машғулотларда бизни юқоридан тўп узатишга мажбур қиларди. Ва агар узатма хато кетиб қолса, қаттиқ койиб берарди. Биз ҳаммамиз унинг жаҳлини чиқаришдан жуда қўрқардик. Негадир ўша машғулотлар хаёлимдан ўтди ва ёмон пас узатишга ҳаққим йўқлигини англадим».

Бу қандайдир сонияларда хаёлдан ўтган фикрлар, аммо ишонса бўлади. Зеро, пенальтилар серияси деганда, илк хаёлга келадигани Роберто Баджодан ЖЧ-98 турнирида яна бир марта пенальтилар сериясига қандай яқинлашгани ҳақида сўрашганда, жуда жуда кўп нарсалар хаёлдан ўтганини ва ҳатто баъзиларини эслай ҳам олмаслигини айтиб берганди.

Марат Бикмаев зарбани ижро этаётган пайтда айнан нималарни ўйлагани менга қоронғи, масалан, яқинда Туркиядаги машғулотлардан бирида бўлиб ўтган мана бу воқеани ҳам эслагандир.

Айтиб беришларича, бир куни, машғулотлар якунига етар маҳал, Купер ҳаммани кийим алмаштириш хонасига чорлайди. Ўша пайтда Марат Нестеров билан пенальтиларни машқ қиларди ва у мураббийга ҳеч бўлмаса бир зарбани амалга оширишга рухсат сўрайди.

- Агар ура олмасанг, жарима тўлайсан, - дейди Купер

- Хўп, агар урсамчи?

- Унда мукофот мендан!

Оддий пенальти катта мусобақага айланиб кетади. Мураббийлар штаби Игнатийдан қутқаришни илтимос қилган, футболчилар эса, барчаси Марат томонда, Куперни «тушириш» учун мухлислик қила бошлайдилар. Ҳамма тўпланиб олган, ўз-ўзидан, оддий пенальти босими бир неча каррасига ортиб кетганди.

Ўша зарбани Марат Бикмаев аниқ ижро этади ва Купер ютқазади.

Бикмаев юқоридаги воқеадан ташқари, албатта, салкам ўн беш йил олдинги серияни, Баҳрайнга қарши ўйинни ҳам ёдга олгандир. Тўғриси, аввал ўша ўйин менинг эсимда йўқ эди, Маратнинг зарбаси голга айланмагач, кейин эсладим. Унинг эса, ёдида бўлгани аниқ. Балки шу туфайли, негадир, Маратнинг иккинчи марта ҳам бизни мусобақадан чиқариб юборувчи хатони амалга оширгани эмас, иккинчи маротаба ҳам шу вазифа қаршисига келгани, бу масъулиятни ўз зиммасига олгани ҳақида ўйлай бошладим.

Ўшанда Марат анча ёш бўлганди. Тўғри, ёш футболчининг қийин паллада масъулиятни зиммасига олиши таҳсинга сазовор – яқинда жаҳон чемпионатида серияда дадил ҳаракат қилган Рэшфордга тан берганман. Ёки 2006 йилги мундиал саралашининг ҳал қилувчи палласида Кувайт дарвозасига белгиланган пенальтини Жепаров ижро этгани ҳам катта воқеа бўлганди. Майдонда Қосимов бўлиб туриб, Сервернинг нуқтага бориши, унинг яқин келажакда терма жамоамиз юкини ҳам елкасига олишга тайёр эканини англатганди ўшанда.

Аммо биласизми, барибир, ёш футболчилар босимни яхши ҳис қилишмайди. Қаранг, ўзимиз ҳам ёш ўтган сари ўлимга яқинлашиб борсак-да, аслида ундан кўпроқ қўрқишни бошлаймиз, янада эҳтиёткорга айланамиз. Ёшлигимизда ҳеч нарсани ўйламай амалга оширган баъзи ҳаракатларимизнинг энди оқибати ҳақида кўпроқ ўйлай бошлаймиз, тўғрими?

Футболда ҳам шундай бўлса керак. Ёш футболчи, масалан, ўн беш йил олдинги Бикмаевнинг ҳолати бироз бошқача бўлган. Улар бирор хатога йўл қўйишлари мумкин, аммо келажак олдинда турибди, уларда бу хатони тузатиш, бошқа муҳим голлар ҳам уриб, ёшликдаги ноаниқ пенальтини унуттириш  имконига эга бўлади. Ростан ҳам Бикмаев кейинчалик, терма жамоамизда ҳам, «Пахтакор» ёки «Локомотив»да ҳам чиройли ўйинлар кўрсатди, биз ҳатто унинг Хитойдаги ўша ноаниқ пенальтисини унутиб ҳам юборгандик.

Лекин тажрибали футболчида бу қийинроқ. Унда энди хатони тузатиш йиллари, имкониятлари камроқ. Балки энди бутун умр мухлислар уни мана шу ноаниқ пенальти билан эслаб юришлари мумкин. Шундай ҳолатда ҳам нуқтага келиш, баъзилар елкасига олишни истамай турган масъулиятни ўз бўйнига олиш осон эмас. Тажрибали футболчи бундай ҳолатни ўз бошидан ҳам кечирган, қанчалик оғир бўлишини ҳис қилган бўлади. Акмал Шораҳмедовнинг автоголи уни неча йиллаб таъқиб қилганини эсланг, масалан.

Юқорида номи эслаб ўтилган Роберто Баджо ЖЧ-94 финалида пенальтини аниқ ижро эта олмаган ва бутун мамлакат томонидан маломат қилинган, ҳатто ўша пенальти унинг фаолиятига ҳам таъсир қилганди. Лекин у орадан тўрт йил ўтиб, барчани ҳайрон қолдиради ва Франция терма жамоасига қарши кечган чорак финал ўйинида, пенальтилар сериясида яна нуқтага яқинлашади. Бу сафар у зарбани аниқ ижро этади. Унинг кейин айтиб беришича, тўрт йил мобайнида деярли ҳар куни ўша мудҳиш пенальтини кўз олдига келтирган, жуда кўп маротаба тушида ўша зарбани қайта ижро этган экан.  

«АҚШда битта хато қилдим ва юртим мағлуб бўлди. Ўша пенальтини тўрт йил ичида бир кун ҳам унутмадим, ўша ҳиссиётни ҳар кун бошимдан ўтказдим. Тўрт йил ўтиб яна шундай пенальти тепиш имкониятини танладим. Неча киши менинг гол уришимга ишонмаганликларини ҳеч қачон била олмайман, аммо мен учун муҳими ўзим ишонардим. Ўтмишнинг хатолари келажак учун тажрибадир. Йўлда давом этаман».

Бу Баджонинг сўзлари эди. Унинг бу ҳаракати нафақат футбол оламида, балки ўзига бўлган ишончга муҳтож бўлган ҳаммага йўл кўрсатди. Якоб Аагард ўзининг «Шахматда мукаммалликка интилиш» китобининг илк бобларидан бирида муаллиф кучли босим остида қандай ҳаракат қилиш кераклигини тушунтиради ва мисол тариқасида Роберто Баджо воқеасини мисол келтиради.

Пенальти - техник томондан ижро этилиши у қадар қийин бўлмаган машғулот. Дарвозабон ким бўлишидан қатъи назар шундай. Олимлар ҳисоблашича, агар зарба маълум бир куч билан дарвозанинг бирор бурчагига сал юқорилатиб ижро этилса, назарий томондан ҳам уни қайтариш имконсиз экан. Худди шундай зарбани худди ўша нуқтага йўллаш аслида футболчилар учун у қадар қийин бўлмаслиги керак. Чунки, машғулотларда ундан қийин трюклар ҳам осонлик билан ижро этилишини ҳаммамиз биламиз. Аммо негадир, ўйин пайтида жуда муҳим пенальтилар голга айланмайди, ҳатто Месси, Роналду каби юлдузлар ҳам адашиб туришади. Бу ерда ҳамма гап босимда, совуққонликни сақлай билмасликда эмасми?

Кеча Спорт ТВда Хайрулла Ҳамидов беш йил олдинги Конфедерациялар кубогида Италия ва Испания ўртасидаги пенальтилар сериясини эслатди. Ўшанда дарвозада Буффон ва Касильяс каби дарвозабонлар туришига қарамасдан, футболчилар бирин-кетин зарбаларни аниқ ижро этишди. Адашмасам, еттинчи зарбага келибгина, Бонуччи хатога йўл қўйганди. Ёки яқинда «Манчестер Юнайтед» ва «Дерби Каунти» ўртасидаги Лига кубоги ўйинидан кейинги серияни эсланг. Футболчилар 7-8талаб голлар уриб ташлашди. Гап бу ўйинларда майдонга тушган футболчиларнинг уста эканликларида эмас, бу ўйинлар иккинчи даражали турнир бўлиб, босим камроқ бўлганида. Менимча, машғулотлар пайтида аниқ пенальтилар сони янаям кўп бўлади.  

Айтайлик, Элдор Шомуродов гол ура олмаганида, уни кечириш осонроқ бўларди, чунки у олдинги ўйинларда бизни кўп қутқарди, жонимизга оро кирди. Марат Бикмаев эса, асосий ҳужумчи сифатида турнирни бошлаб, кейинги даражага ўтиб қолди. Балки энди ОК-2019 деганда Бикмаевни фақат ўша пенальти орқали эслаймиз, Элдордан фарқли равишда бошқа ҳаракатлари ёдимизда қолмайди. Яъни, Маратнинг мана шу турнирдаги терма жамоадаги позицияси, роли, шахсий тарихидан келиб чиқилса, унинг шу масъулиятни бўйнига олганининг ўзиёқ катта жасоратдир. Гол урганида, балки, бу унинг вазифасидек оддий қабул қилардик, ура олмаса, кўрдик, нималар бўлганини. Барча муваффақиятсизликларда асосий айбдорга айланди, ҳатто унинг оилавий, шахсий ҳудудига ҳам дахл қилинди, баъзилар томонидан жуда хунук тарзда ҳақоратларга учради. Менимча, унга нисбатан ноҳақлик қилинмоқда.

Айтмоқчиманки, пенальтилар сериясида энг муҳими ва энг қийини зарбани аниқ ижро этиш эмас, ўша нуқтага бора олишдир. Марат Бикмаев бу ишни уддалади, демак унга ишонса бўлади, у билан урушга борса бўлади. У ҳеч қачон ўзини масъулиятдан четга олмайди, жамоа манфаатини ўзиникидан устун қўяди. Балки, ўша тобда пенальти тепишни истамаган, бу масъулиятдан қочган футболчилар ҳам бўлгандир, билмайман. Аммо Марат улар орасида эмас, у худди биз каби ғалаба қозонишни кўпроқ истади, бу учун қўлидан келганини қилишга уринди. Энг бошида айтганимиздек, якунда барибир ютуқда бўлмаслигини билса-да, жамоаси ютуқда бўлиши ҳақида кўпроқ ўйлади. Бирор футболчини дангасалик, интизомсизлик, юлдузлик касали ва яна бир қанча иллатлар билан айблаш мумкин, аммо бир ишга жаҳд қилиб, уни амалга ошира олмагани учун танқид қилиб бўлмайди.

Мен Маратни бемалол Роберто Баджо билан тенглаштира оламан. Гап уларнинг ўртасидаги фарқ, яъни италиялик ҳужумчи ўша иккинчи пенальтисини аниқ амалга ошира олганида эмас. Бу шунчаки техника. Битта пенальтини аниқ амалга ошириш нима деган гап?

Муҳими, Марат ҳам худди Баджо сингари иккинчи марта ўша нуқтага бора олди. Менимча, бу анча мушкул вазифа. Қойил.

Қаҳрамон Асланов

Top