Ўзбекистон | 07:51 / 25.01.2019
15729
3 дақиқада ўқилади

Президент: корхоналарнинг ўз маблағини яна айлантириб, фаолиятини ривожлантиришга рағбатлантириш керак

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 24 январь куни 2019 йилда Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларига оид маълумотлар билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари 2018 йил 21 декабрь куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида пойтахтимизга йирик бизнес вакиллари ва салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш, шаҳарда энг қулай инвестиция муҳитини яратиш зарурлигини таъкидлаган эди. 

Шунга мувофиқ, жорий йил 4 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрини инфратузилмавий ривожлантиришга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга кўра, 2019 йилда Тошкент шаҳри иқтисодиётига 2 миллиард 700 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этиш, бунинг эвазига 273 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. 

Тақдимотда мазкур лойиҳаларнинг соҳалари ва жойлари, маблағларни ўзлаштириш муддатлари таҳлил қилинди.

Металлургия, тўқимачилик, озиқ-овқат, қурилиш, фармацевтика, нефть-кимё ва бошқа саноат тармоқларида жами 115 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 103 та, турар жойлар йўналишида 55 та лойиҳа режалаштирилган. Бу 37 мингга яқин иш ўрни яратиш ва аҳолининг маиший шароитларини янада яхшилаш имконини беради.

Президент лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги ва ижтимоий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Хорижий инвесторларга кўмаклашиш, лойиҳаларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

Инвестиция бўлмаса, иқтисодиёт ривожланмайди. Инвесторларга муҳит, инфратузилма яратсак, иш жойи бўлади, маҳсулот кўпаяди, солиқ тушади. Корхоналарнинг ўз маблағини яна айлантириб, фаолиятини ривожлантиришга рағбатлантириш керак, деди Шавкат Мирзиёев.  

Давлат раҳбари 8 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида инвестицияларнинг асосий қисмини ўзлаштиришни йилнинг охирги ойларига қолдириш амалиётига чек қўйиб, барча тармоқлар ва ҳудудларда буни биринчи ярим йилликда камида 35 фоизга, тўққиз ойликда 70 фоизга етказиш бўйича топшириқ берган эди. Шунга мувофиқ, Тошкент шаҳрида ҳам жорий йилги инвестицияларнинг 70 фоизини I-III чоракларда ўзлаштириш режалаштирилган. Ҳар бир лойиҳанинг босқичлари, масъуллари ва муддатлари аниқ белгиланган. 

Тақдимотда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни мониторинг ва назорат қилиш механизми ҳақида ҳам сўзлаб берилди. Унга кўра, Тошкент шаҳар прокуратураси бошчилигида пойтахтнинг ҳар бир туманида ишчи гуруҳлар тузилган. Инвесторларга ер ажратилишидан бошлаб, лойиҳа фойдаланишга топширилгунча бўлган барча босқичлардаги чора-тадбирлар аниқ белгилаб қўйилган. Бу лойиҳаларни расмийлаштириш ва амалга ошириш жараёнида шаффофликни, ҳалолликни таъминлайди, коррупцияга йўл қўймайди.

Шавкат Мирзиёев лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, уларни амалга оширишда юзага келадиган масалаларни тезкор ҳал қилиш, корхоналар ишга тушгандан кейин ҳам уларнинг самарали фаолият кўрсатишига ёрдам бериш зарурлигини таъкидлади, дейилади хабарда.

Мавзуга оид