Ўзбекистон | 10:53 / 26.01.2019
17850
8 дақиқада ўқилади

Давлат активларини бошқариш агентлигининг асосий вазифалари маълум бўлди

Фото: Depositphotos

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси бинолари мажмуидан фойдаланиш дирекцияси” ДУКни Давлат активларини бошқариш агентлигининг Бинолардан фойдаланиш дирекциясига айлантириш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Белгиланишича:

Давлат активларини бошқариш агентлигининг Бинолардан фойдаланиш дирекцияси ўзини ўзи молиявий таъминлайдиган муассаса шаклида ташкил этилади ва бюджет ташкилотига тенглаштирилади;

Дирекция таъсисчиси Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳисобланади;

Дирекция ходимларининг чекланган сони Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги тўғрисидаги низомга кўра, агентлик:

давлат активларини бошқариш, хусусийлаштириш, давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш, банкротлик, баҳолаш ва риэлторлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви органи ҳисобланади;

ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси президентига бўйсунади ва ҳисобот беради;

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва давлат, шу жумладан чет элдаги активларини бошқариш, хусусийлаштириш тадбирларини амалга ошириш (шу жумладан давлат улушларини сотиш), давлат активларини ижарага бериш, хўжалик жамиятларида корпоратив бошқарувни жорий этиш, иқтисодий ночор хўжалик жамиятларини молиявий соғломлаштириш, банкротлик, баҳолаш фаолиятида давлат томонидан тартибга солиш ва мулкни баҳолаш стандартларини тасдиқлаш бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;

“Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш маркази” ДУКнинг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Агентлик тизимига қуйидагилар киради:

Агентлик марказий аппарати;

Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари;

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси;

Хусусийлаштириш ва давлат активларини бошқариш муаммоларини ўрганиш маркази;

Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги “Давлат мулкини ижарага бериш маркази”;

Бинолардан фойдаланиш дирекцияси.

Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат активларини самарали бошқариш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш;

ўзига берилган давлат иштирокидаги корхоналар устав капиталидаги давлат акциялари пакетлари (улушлари) бўйича акциядор (таъсисчи ва иштирокчи) ҳуқуқларини амалга ошириш;

илғор хорижий тажриба асосида давлат иштирокидаги корхоналарда замонавий корпоратив бошқарув шакл ва усулларини жорий қилиш, уларни бошқаришда кузатув кенгаши ва акциядорларнинг ролини тубдан ошириш;

давлат иштирокидаги корхоналарни, шу жумладан халқаро молия институтлари тавсиялари асосида босқичма-босқич ички ва ташқи бозорларда рақобатлаша оладиган, самарали корхоналарга айлантиришга кўмаклашиш;

давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятининг самарадорлиги ва шаффофлигини таъминлаш, бошқарув тузилмасини оптималлаштириш, юқори даромадлилик ва капитализацияни ошириш, соҳасига кирмайдиган ва фойдаланилмаётган активларини чиқариб ташлашга қаратилган ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни мувофиқлаштириш;

давлат манфаатларини таъминлаган ҳолда, шу жумладан давлат акция пакетларини (улушларини) ишончли бошқарувга бериш орқали инвестиция фаолиятини амалга ошириш;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг облигация ва акцияларини чиқариш ва реализация қилиш, шу жумладан маҳаллий ва хорижий фонд биржаларида IPO/SPO бўйича эмиссияларни жойлаштириш ҳисобига, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни, шунингдек портфель инвестицияларни жалб қилиш;

давлат активларини реализация қилиш (хусусийлаштириш), шу жумладан, «ноль» харид қиймати бўйича ва ижарага беришнинг очиқ ва шаффоф механизмини таъминлаш, инвесторлар томонидан қабул қилинган инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилиши устидан мониторинг қилиш, шунингдек давлат хусусий шериклик бўйича таклифларни тайёрлашда иштирок этиш;

таҳлил асосида давлат иштирокидаги фаолият юритмаётган, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарни аниқлаш, уларни молиявий соғломлаштириш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;

банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда давлат иштирокидаги корхоналарда самарали дивиденд сиёсатини олиб бориш;

баҳолаш фаолиятининг давлат томонидан тартибга солинишини таъминлаш, мол-мулкни баҳолаш стандартларини тасдиқлаш, шунингдек риэлторларни сертификатлаштириш;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг устав капиталидаги давлат улушини бошқаришнинг бозор механизмларини ишлаб чиқиш;

давлат иштирокидаги корхоналарда замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, ушбу корхоналар фаолиятининг самарадорлиги учун уларнинг бошқарув органлари масъулиятини ошириш.

Агентлик марказий аппаратининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

1) Ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб тузилмалар билан биргаликда Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлаш;

2) давлат активларини бошқариш, хусусийлаштириш, давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш, банкротлик, баҳолаш ва риэлторлик фаолияти соҳасида давлат бошқарувини таъминлаш ва мувофиқлаштириш;

3) ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш асосида давлат активларини бошқариш, хусусийлаштириш, давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш, банкротлик, баҳолаш ва риэлторлик фаолиятини такомиллаштиришни ташкил этиш;

4) давлат улуши мавжуд хўжалик жамиятлари, вазирлик ва идоралардан марказий аппаратда кўриб чиқиладиган, таҳлил қилиш ва ишлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва бошқа ҳужжатларни сўраш ва олиш;

5) Агентлик ваколатига киритилган масалалар юзасидан қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;

6) маҳаллий ва хорижий малакали мутахассисларни ходимлар ва маслаҳатчилар сифатида жалб қилиш, Агентликка юкланган вазифаларни бажариш мақсадида эксперт ва ишчи гуруҳларни ташкил қилиш;

7) ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб тузилмаларни кадрлар билан таъминланишини мувофиқлаштириш;

Агентлик марказий аппарати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Агентликка Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошчилик қилади.

Агентлик директори ўз мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоси ҳисобланади.

Агентлик директорининг биринчи ўринбосари ва ўринбосари Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Директор, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосари мақоми, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шароитлари бўйича тегишли равишда вазир, вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

Агентлик Ўзбекистон Республикаси президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар йили ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 октябридан кечиктирмай Агентлик фаолияти, шу жумладан хўжалик жамиятлари фаолиятида стратегик ўзгаришлар натижалари тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси президенти Администрациясининг тегишли хизматлари раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси бош вазири Агентлик раҳбарларига юкланган вазифалар самарали бажарилиши бўйича улар фаолияти устидан мунтазам мониторинг олиб боради, Агентлик фаолияти самарадорлигига холисона баҳо беради.

Мониторинг ва баҳолаш якунлари бўйича Агентликнинг алоҳида ўрнак кўрсатган раҳбарлари, мансабдор шахслари ва ходимлари рағбатлантирилади ёхуд йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жавобгарликка тортилади.

Мавзуга оид