10:16 / 26.01.2019
32291

Касблар ва лавозимлар классификаторига янги бандлар қўшилди

Фото: 123RF

Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига бир нечта янги бандлар қўшилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг тегишли буйруғида айтилади.

Хусусан, «баллонлар заправкачиси», «водопровод тармоқлари ва қудуқлар назоратчиси», «тўқиш ускуналари оператори», «бўяш ускуналари оператори», «маиший хоналар тозаловчиси» каби касблар қўшилди.

Шунингдек, «табиб», «комплаенс юрист», «судья ёрдамчиси», «божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис», «судья катта ёрдамчиси», «ахборот-коммуникация технологиялари масалалари бўйича техник» сингари лавозимлар ҳам пайдо бўлди.

Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларининг классификатори хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларини тизимлаштириш, ишчиларнинг малака разрядлари диапазонини ва хизматчиларнинг лавозимлари тоифаларини белгилаш, шунингдек таълимнинг йўналиши ва даражасига қўйиладиган талабларни аниқлаш учун мўлжалланган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги эса бозорда янги касблар ва лавозимлар пайдо бўлишини ҳисобга олган ҳолда асосланган таклифлар бўйича унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқига эга.

Top