Иқтисодиёт | 08:27 / 31.01.2019
65973
2 дақиқада ўқилади

Молия вазирлиги: кам иш ҳақи олиб ишловчи ходимларнинг иш ҳақлари ўзгарди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 октябрдаги «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги ПФ-5553-сон фармонига мувофиқ, 2019 йилнинг 1 январига қадар меҳнатга ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткасини қайта кўриб чиқиш вазифаси юклатилган, деб хабар бермоқда Молия вазирлиги.

Хусусан, кам иш ҳақи олиб ишловчи ходимлар иш ҳақини сезиларли даражада ошириш мақсадида, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб энг кам иш ҳақи олувчи ходимларнинг иш ҳақлари ўртача 10 фоизга оширилган.

Жумладан: 

- 1 разрядда иш ҳақи олувчи ходимлар (фаррошлар, қоровуллар, ишчилар ва бошқалар)нинг иш ҳақлари 1,15 баробарга;

- 2 разрядда иш ҳақи олувчи ходимлар (енгил автомобиль ҳайдовчилари, боғбонлар, иш юритувчилар ва бошқалар)нинг иш ҳақлари 1,1 баробарга;

- 3 разрядда иш ҳақи олувчи ходимлар (электриклар, сантехниклар, кассирлар, лаборантлар ва бошқалар)нинг иш ҳақлари 1,05 баробарга оширилди.

Шундай қилиб, энг кам иш ҳақи миқдорларининг оширилиши (2018 йил 15 июлдан 7 фоизга ва 1 ноябрдан эса 10 фоизга) ва кам иш ҳақи олиб 1 разрядда ишловчи ходимларнинг иш ҳақларини оширилиши ҳисобига энг кам иш ҳақи миқдори ўтган йилнинг январь ойига нисбатан 1,35 баробарга (1,07×1,1×1,15) оширилди.

Мисол учун, бюджет ташкилотларида 1 ставкага ишловчи фаррошнинг ойлик иш ҳақи миқдори ўтган йилнинг 1 январь ҳолатига (устама ва қўшимча тўловларни ҳисобга олмаган ҳолда) 426,5 минг сўм (172 240 × 2,476) бўлган бўлса, 2019 йил 1 январидан эса 577 минг сўмни (202 730 × 2,847) ташкил этди, ёки 151 минг сўмга ошган.

Қайд этилишича, энг кам иш ҳақи миқдорининг ва ягона тариф сеткасининг қуйи даражалари тариф коэффициентларининг оширилиши бюджет соҳасида фаолият юритаётган 370 минг ишчининг ойлик иш ҳақини ва шу билан бирга, иқтисодиётнинг турли жабҳаларида кам иш ҳақи олиб ишловчи ишчиларнинг иш ҳақларини ошишига олиб келади.

Мавзуга оид