Жамият | 14:42 / 01.02.2019
15347
6 дақиқада ўқилади

Навоий ва Бухорода хорижга чиқиш паспортларининг берилиши қандай амалга оширилмоқда?

2019 йил 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда хорижга чиқиш учун 2 йиллик ОВИР стикерлари бериш тўхтатилди. Бунинг ўрнига фуқароларга қулайликлар тақдим этиш ҳамда оворагарчиликларга барҳам бериш, дунё тажрибасини Ўзбекистонда ҳам қўллаш мақсадида хорижга чиқиш паспорти жорий қилинди. Мамлакатнинг ўзида эса, босқичма-босқич фуқаро шахсини тасдиқловчи ID-карталар тизимига ўтиш белгиланди.

Kun.uz сайти республика ИИВ тизимидаги Миграция ва Фуқароликни расмийлаштириш бошқарма ҳамда бўлимларида янги хорижга чиқиш паспортини бериш билан боғлиқ ҳолат қайдаражада йўлга қўйилгани, фуқароларга бу борада кўрсатилаётган хизматлар сифатини ўрганмоқда. Бу борада Тошкент шаҳридаги дастлабки ўрганиш натижаси Kun.uz сайтида жорий йилнинг 29 январь куни эълон қилинди.

Янги хорижга чиқиш паспортини бериш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича кейинги ўрганишлар Навоий ва Бухоро вилоятларида олиб борилди.

Навоий вилояти

Айни вақтда Навоий вилояти ИИББ Миграция ва Фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида хорижга чиқиш паспортини бериш бўйича ишлар қизғин давом этмоқда.

Бошқарма биносининг биринчи қаватида хорижга чикиш паспортларини расмийлаштириш хонаси жорий этилган. Хонада иситиш, совутиш шароитлари мавжуд бўлиб, юмшоқ ўриндиқлар ва фуқаролар учун етарли шароитлар яратилган. Ушбу йўналишда фуқароларга хизмат кўрсатиш учун бошқарманинг 3 нафар ходими бириктирилган.

Бошқарма бошлиғининг айтишича, хорижга чиқиш паспортларини расмийлаштириш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш ишлари 2019 йилнинг 5 январ кунидан бошланган. Ҳозирги кунга қадар вилоятнинг 1000дан зиёд фуқаросидан хорижга чиқиш паспорти учун ҳужжатлар қабул қилинган. Шундан 200 нафарга яқини вояга етмаган болаларни хорижга чиқиш ҳужжатларини ташкил этади. Айни кунларга қадар 164 дона янги хорижга чиқиш паспорти фуқароларга тарқатилди.

Янги намунадаги хорижга чиқиш паспортлари расмийлаштирилгандан кейин 10 кун муддатда тайёрланмоқда. Бошқармада фуқароларнинг хорижга чикиш паспортларини расмийлаштириш бўйича кунлик қабули 70-75 нафарни ташкил этади. Тартибсиз навбатларни олдини олиш мақсадида ходимлар томонидан мурожаат этган фуқароларга ҳужжатлар тартиби ва кетма-кетлиги тушунтирилмоқда.

Фуқароларга ҳужжатларни тўлдирилиши учун шароитлар яратилиб, тўлдирилмаган бланкалар намуналари қўйилган, фуқароларни ҳужжатларини топширишга керакли бланкаларини расмийлаштириш учун бино ёнида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги «Инновация лойиҳалари ва аҳолига сервис хизматлар кўрсатиш маркази» ДУК Навоий филиали хизмат кўрсатади ва унинг тўловлари белгиланган прейскурант асосида амалга оширилади.

«Барча шаҳар-туман ИИБ МваФРБда фуқаролар тўсиқсиз бланкалари олиши (текинга) ва ўзлари тўлдириши учун шароитлар яратилиб, тегишли эълонлар пештахтаси тайёрланди ва кўринарли жойларга ўрнатилди. Бошқармамиз биноси ёнида «Қишлоққурилишбанк» махсус касса филиали шохобчаси жойлашган бўлиб, ходимлар билан якка тартибда суҳбат ўтказилиб, фуқароларга сифатли хизмат кўрсатиши белгилаб олинди», – дейди Навоий вилояти ИИББ Миграция ва Фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Алишер Ҳожиев.

Ўрганишимиз давомида бошқармада фуқаролар учун барча шароитлар яратилганлигига гувоҳ бўлдик. Яна бир муҳим янгилик шуки, Миграция ва Фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси томонидан аҳолига қулайлик яратиш мақсадида телеграм канали очилган. Вилоят фуқаролари ушбу телеграм канали орқали паспорт билан боғлиқ барча саволларига жавоб олиши мумкин.

Бухоро вилояти

Бухоро вилояти ИИББ Миграция ва Фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидаги янги хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш жараёни билан танишар эканмиз, бу ерда ҳам фуқароларга етарли шароитлар яратилганлигига гувоҳ бўлдик.

Бетартиб навбатлар ҳосил бўлишининг олдини олиш мақсадида бошқарма ходимлари фуқароларга тартиб билан, тез ва сифатли хизмат кўрсатмоқда.

Бошқармада бир кунда 300-320 нафар хорижга чиқиш паспортини олиш учун мурожаат қилган фуқаролар қабул қилинмоқда. Айни кунларда 3000дан зиёд фуқароларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилган. Шундан 700таси тайёр бўлган ва 400дан ортиғи фуқароларга тарқатилган.

«Фуқароларни эрталаб соат 7:00дан бошлаб қабул қилиш бошланади ва қабул то охирги фуқаро қолмагунча давом этади. Фуқароларга хизмат кўрсатишда узоқ навбатда туриб қолишларнинг олдини олиш чоралари кўрилган. Ҳомиладор, ёш болали, ногирон ва кекса фуқаролар навбатсиз қабул қилинмоқда», – дейди Бухоро вилояти ИИББ Миграция ва Фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Жўрабек Ғойибов.

Ўрганиш жараёнида хорижга чиқиш паспортини олган фуқаролар билан ҳам суҳбатлашдик.

«Ўн кун муддатда хорижга чиқиш паспортига эга бўлдим. Ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида ҳеч қандай қийинчиликларга дуч келмадим. Барча шароитлар яратилган. Бошқарма ходимлари тез ва сифатли хизмат кўрсатмоқда», – дейди Рустам Чинқулов.

Эслатиб ўтамиз, хорижга чиқиш паспортини олиш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 120 фоизини ташкил қилади (243 276 сўм). 16 ёшга тўлмаган шахсларга хорижга чиқиш паспортини бериш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 80 фоизини ташкил қилади (162 184 сўм).

Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган фуқаролиги йўқ шахсларга, шунингдек, 16 ёшга тўлмаган шахсларга хорижга чиқиш паспортини бериш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 100 фоизини ташкил қилади (202 730 сўм).

Янги паспорт тўқ қизил рангда ва 48та саҳифадан иборат. Уни олиш учун фуқаролар яшаш жойидаги ички ишлар бўлимига мурожаат қилиши, иш жойи, ўқиш жойи ёки маҳаллий бошқарув идоралари томонидан тасдиқланадиган анкета-аризани топшириши лозим бўлади. Шунингдек, 3,5х4,5 см ўлчамдаги фотосурат, паспорт нусхаси, ҳарбий бўлимдан маълумотнома (ҳарбий хизматга мажбурлар учун) ҳам тақдим қилинади. Паспорт 10 йил муддатга берилади. 

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид