Ўзбекистон | 08:22 / 02.02.2019
5035
2 дақиқада ўқилади

Мамлакатлар рискини классификациялаш тизимида Ўзбекистоннинг ўрни юқорилади

Фото: Getty Images

1 февраль куни Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ИҲРТ) 30 январда бўлиб ўтган қўмита кенгашининг натижаларига кўра мамлакатлар рискини классификациялаш тизимида Ўзбекистон Республикасининг ўрни 6-гуруҳдан 5-гуруҳга кўтарилгани ҳақида расман эълон қилинди.

Молия вазирлиги хабарига кўра, ИҲРТнинг махсус қўмитаси мамлакатлар рискини классификациялаш тизими орқали дунёнинг 200дан ортиқ давлатини гуруҳларга ажратади. ИҲРТга аъзо мамлакатларнинг экспорт-кредит агентликларидан (агентликлар) ташкил топган ушбу қўмита йилда бир маротаба ҳар бир давлатнинг миқдор ва сифат кўрсаткичларини чуқур таҳлил этган ҳолда 1-гуруҳдан (энг юқори тўлов қобилияти) 7-гуруҳгача (энг паст тўлов қобилияти) классификация қилади.

Маълумот учун, МДҲ давлатларидан Россия 4-гуруҳга, Озарбойжон ва Қозоғистон 5-гуруҳга, аксарият бошқа давлатлар 6- ва 7- гуруҳларга ажратилган. Ривожланаётган мамлакатлардан Бразилия, Туркия, Сербия ва Вьетнам каби мамлакатлар 5-гуруҳда Ўзбекистон билан бир қаторда ўрин олган.

Мамлакатлар рискини классификациялаш тизимида Ўзбекистон гуруҳининг яхшиланиши мамлакатимизга экспорт-кредит агентликларининг кафолати остида жалб қилинадиган кредитлар учун суғурта бадалини сезиларли равишда камайтиради. 

Қолаверса, ушбу кўрсаткичнинг яхшиланиши Ўзбекистон Республикасининг илк халқаро облигацияларини жаҳон молия бозорларида муваффақиятли жойлаштириш учун бевосита ёрдам бериши кутилмоқда.

Республиканинг кўп йиллардан бери расмий мурожаатлари ижобий натижа бермаганлигини инобатга олсак, мазкур воқеа чин маънода тарихий аҳамият касб этади, дейилади хабарда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш