Ўзбекистон | 14:04 / 09.02.2019
28947
3 дақиқада ўқилади

Меҳнат вазирлиги Петербургда ҳалок бўлган ўзбекистонлик мигрантлар бўйича янги маълумот берди

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

Аввалроқ, Петербург ва Ленинград областида ўзбекистонлик икки нафар ишчи баландликдан қулаганидан сўнг ҳалок бўлгани хабар берилганди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълум қилишича, 6 февраль куни ишчилардан бири Коломяжский проспектидаги цехда пардозлаш ишларини олиб бораётган вақтда баландликдан йиқилиб, ҳалок бўлган.

Ҳалок бўлган шахс Ўзбекистон фуқароси Алишер Ўсаров бўлиб, 1990 йилда таваллуд топган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов текширув ўтказилмоқда. Жиноий иш қўзғатилади.

Қайд этилишича, айни дамда унинг жасади Санкт-Петербург шаҳри Екатерининский кўчаси, 10-уйда жойлашган Суд-тиббиёт экспертизаси бюроси ўликхонасида.

Шунингдек, 6 февраль куни Мурино шаҳрида Ўзбекистон фуқароси Толибжон Эсонов (1998 йилда туғилган) Воронцов бульваридаги «Краски лета» турар-жой мажмуасида қурилаётган уйнинг 14-қаватидан пастга тушиб кетган. 

Жиноий иш ҳозирча қўзғатилмаган. Айни дамда рўй берган фожиани текшириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳалок бўлган фуқаронинг жасади Ленинград области Токсово шаҳридаги ўликхонага жойлаштирилган.

Меҳнат вазирлиги хабарида айтилишича, жасадларни Ўзбекистонга олиб кетиш бўйича тайёргарликка оид барча дастлабки тадбирлар амалга оширилди, вазирлик ходимлари олиб чиқишга рухсатномани кутишмоқда.

Шунингдек, вазирликнинг маълум қилишича, Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси томонидан 6 февраль куни Россияда ўта оғир ва ёрдамга муҳтож ҳолда қолган Ўзбекистон фуқароси Бобуржон Расулов Ўзбекистонга олиб келинган. 

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

Фуқаро Б.Расулов оғир тан жароҳати оқибатида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз бир неча ойдан буён Россия Федерациясининг Зарайск шаҳар Марказий шифохонасида кома ҳолатида бўлиб келган.

Агентлик томонидан фуқаронинг шахсини тасдиқловчи сертификат ва Ўзбекистонга етиб келиши учун авиачипта тақдим этилган ва масъул вакиллар ёрдамида Б.Расулов Наманганга қайтарилди. Фуқарони Ўзбекистонга олиб келиш билан боғлиқ барча маблағлар жамғарма ҳисобидан қопланди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хорижда қийин аҳволда қолган юртдошларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хусусан, уларни Ўзбекистонга қайтариш чора-тадбирларини жадал давом эттирмоқда, дейилади хабарда. 

Мавзуга оид