Спорт | 18:35 / 15.02.2019
23635
2 дақиқада ўқилади

Манба: «Нестеровнинг четлатилишида тушунмовчилик юзага келган»

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон терма жамоаси ва Саудия Арабистонининг «Уҳуд» клуби дарвозабони Игнатий Нестеров тақиқланган моддани истеъмол қилмаган, деб хабар беради Kun.uz манбаси.

Аввалроқ, Goal SA нашри Осиё Футбол Конфедерацияси Нестеровни Осиё Кубогида тақиқланган моддани истеъмол қилганликда гумонлаб, футболдан четлатгани ҳақида хабар берган эди.

«Нестеров Осиё Кубогида шамоллаб қолган эди. Ўша пайтда қандайдир дориларни истеъмол қилган шекилли. Шу туфайли, тушунмовчилик юзага келган. Ҳозирги вақтда шифокорлар бу ҳолат юзасидан ОФК билан боғланиб, тушунтириш беришяпти. Тез орада ҳамма нарсага ойдинлик киритилса керак», - деди вазиятдан хабардор бўлган манба.

Қайд қилиш жоизки, ОФК сайтида Нестеровнинг допинг таҳлили ижобий натижа бергани ва унинг футболдан четлатилгани ҳақида ҳеч қандай расмий хабар йўқ.

Аммо «Уҳуд» клуби Нестеров футболдан четлатилганини рўкач қилиб, унинг ўрнига бошқа дарвозабонни рўйхатдан ўтказишни сўраб, Саудия Арабистони футбол федерациясига расман мурожаат қилган. 

Шу пайтга қадар Нестеров «Уҳуд» таркибида 2 марта майдонга тушди ва ҳар иккала ўйинда жамоаси ғалаба қозонди. Сўнгги турдан ўрин олган «Ат-Таъвун» клубига қарши баҳсда эса қайдномага киритилмади.

Мавзуга оид