10:55 / 17.02.2019
85354

«Ҳожатхона инқилоби» амалда ҳам бўлдими? Яна ўша ўлмас мавзуга қайтиб

Ҳожатхоналар масаласида кўп ва хўб ёзилди. 2018 йил бошида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистонда мамлакатимиз фуқаролари ва хорижий меҳмонлар учун саёҳат давомида янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳожатхона хизматини такомиллаштириш бўйича кескин ислоҳотлар ўтказилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди. Аввало хорижий сайёҳлар, ўз халқимиз учун қулай ҳожатхоналар жуда камлиги тан олинди ва масала ечими юзасидан қатор чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ҳожатхона қуриб ишга туширганларга бир қанча солиқ имтиёзлари таклиф қилинди. Юртимизда энди «Ҳожатхона инқилоби» рўй берадигандек эди. Аммо ҳануз бир жойда депсиниб тургандекмиз.

Бекобод тумани, Зафар шаҳарчаси, 2017 йил. Фото: KUN.UZ

Ҳожатхоналар муаммоси нафақат бизда, балки бутун дунёда мураккаб муаммолардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон

Дастлаб дунёни қўятурамизда, ўзимиздаги аҳвол тўғрисида гаплашамиз. Оддий мисол, шаҳарларни боғловчи катта йўллар ёқасида тескари қараб ҳожатини чиқараётган одамларга албатта кўзимиз тушади. Аввал бундай ҳолат фақат узоқ йўлларда кузатиларди, ҳозир йирик шаҳарларда, ҳатто пойтахтда ҳам «йўл четига ўтиш» одат тусига кирмоқда.

Йўллар четларига ҳожатхоналар қуриш масаласи бир неча марта кўтарилди ва яна ўшанча марта унутилди. Ёқилғи қуйиш шохобчалари, дўконлар ҳам ҳеч бўлмаса ўз харидорлари учун сифатли хизматни йўлга қўйишни ўйламади, ўйлаганлари, амалга оширганлари ҳам бизнинг «ўта кучли маданиятимиз» туфайли қўлларини ювиб қўлтиққа урдилар. Ишлаб турганларига ҳам сервис нолга яқин бўлгани ҳолда дурустгина пул тўланади. Майли, шуларнинг ҳам борига шукр, ҳарқалай жонга оро киради. Лекин улар жуда кам.

Мисолларга эътибор беринг: пойтахтдаги Ойбек метросидан «Шаҳрисабз» кўчаси бўйлаб Мустақиллик майдонига қадар борайлик. Мақсад ягона — ҳожатхона топиш! Аммо кўчалар гавжум, обод, катта-катта бинолар бисёр, аммо ўша кичкинаси йўқ. Ёки Бунёдкор кўчаси бўйлаб Чилонзор метросидан Новза метросига қадар 3 километрга яқин масофада бирорта ҳожатхона учратмайсиз. Гўёки бундай маскан шаҳар қиёфасини бузадигандек. Хўш, шаҳар қиёфасини ҳожатга зарурати туғилганлар мажбуриятдан бузишмайдими? Бу ҳали давлатимиз маркази бўлган пойтахтдаги аҳвол. Вилоятлардаги вазиятни тасаввур қилиш мушкул эмас.

Ўзбекистонда бу муаммо бўйича алоҳида тадқиқот олиб борилгани, расмий маълумотлар чоп этилганидан бехабармиз. Бир қарашда муаммо у қадар яққол кўзга ташланмаса-да, қилинадиган ишлар ҳали кўп. Қишлоқ ҳудудларида ҳамон чуқурлар шаклидаги ҳожатхоналардан фойдаланилади, айримлари оқар сув ҳавзаларига улаб юборилган, «очиқ осмон ости»дан ҳожатхона ўрнида фойдаланишдан ҳам тўлиқ воз кечилмаган. Туманларда, ҳатто вилоят марказларида ҳам марказий канализация тизимида муаммолар бор, сув таъминоти паст даражада. Тиббиёт тизими етарли ривожлангани, ҳар қандай юқумли касалликларнинг кўпайишига жиддий қаралиши туфайли бу муаммо ортидан келиб чиқиши мумкин бўлган асоратларгина жиловлаб турилади.

Алоҳида масала – ҳожатхонадан фойдаланиш маданияти.

Бу муаммо яхлит қаралганда қарс икки қўлдан чиқаётгани яққол кўзга ташланади. Бизда жамоат ҳожатхоналари йўқ ҳисоби, борларидан ҳам лозим даражада фойдалана олмаймиз, кириб чиқарканмиз, ўзимиздан кейинги аҳволни фақат ўзимиз биламиз.

Буни бир мисол билан тушунтириш мумкин. Янги масжидлар қурилмоқда, мавжудлари таъмирланмоқда. Уларда биринчи навбатда ва қурилиши зарур бўлган бино таҳоратхоналардир. Янги масжид, янги таҳоратхона. Кирганингизда баҳри-дилингиз очилади. Ҳар қадамда ҳожатхонадан фойдаланиш одоби ҳақида эълонлар осилган. Аммо масжид ходимлари ҳар қанча ҳаракат қилишмасин, ортимиздан тозалашмасин, кўп ўтмай ҳар қандай таҳоратхонани абгор ҳолатга келтирамиз қўямиз.

Аслида бор ҳожатхоналарни ҳам бадбўй қилаётган, ўзидан кейин бировни яқинлаштирмай қўядиган, бу жараёнга фақат бурун жийирадиган ҳолат деган тушунчани онгимизга сингдириб олган сизу биз эмасми?! Туризм бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон умумий уйимиз деймиз, уйимизга кўп сонли ва обрўли меҳмонлар келишмоқда. Хўш, уларни қандай кутиб оламиз? Қандай жиҳатлар билан меҳмонлар ёдида қоламиз?! Давлат ҳожатхоналар муаммосига жиддий киришгудек бўлса, биз уларни лозим даражада сақлай оламизми?

Ўзимизку бирорта бундай маскан қуришни, ишга туширишни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Аммо боридан тўғри фойдалана билишни ҳам боплаймиз. Жамоат ҳожатхоналарининг кириш эшигидан тортиб энг ички хонасигача, сув сақлагич бакигача турли-туман огоҳлантирувчи ёзувлар илиб ташланган: «Ифлос қилманг!», «Сувни ҳайданг!», «Қоғозни челакка ташланг!», «Писта чақманг», «Нос туфламанг!», «Чекманг!»... Дарвоқе, чекувчилар!.. О, бу энди алоҳида мавзунинг ичидаги алоҳида мавзу. Чекиш ва ҳожат жараёнини уйғунлаштира билган, ўзи ҳар икки «лаззат»дан баҳра олгани етмагандай, кетганидан сўнг қолдирган ҳидига суварак ҳам маст бўлиб ағдариладиган бундай инсонлар қандай пайдо бўлади, қаердан келади, буниси энди роса катта савол.

Дунё – «Бутунжаҳон ҳожатхона ташкилоти»

Ҳа, айнан мана шундай тузилма бор ва у жуда жиддий ташкилот ҳисобланади. Сингапурда асос солинган «Бутунжаҳон ҳожатхона ташкилоти» айнан мана шу масала билан дунё миқёсида шуғулланади ва уларнинг тадқиқотлари ҳайратга солади.

Йигирма биринчи асрга келиб ҳам қашшоқ давлатларда қишлоқлар қолиб, бутун бир шаҳарлар ҳам марказий канализация тизимига эга эмас ва давлатларнинг иқтисодий аҳволига кўра яқин йилларда эга бўлмайди ҳам. Инсонлар эса яшашда давом этади, улардаги табиий жараёнлар ҳам тўхтаб қолмайди, албатта. Ва шусиз ҳам абгор ҳудудлар яна инсон организмидан чиқаётган чиқитга ботиб кетаверади.

2015 йилда БМТ очиқ осмон остида ҳожат чиқаришга бутунлай барҳам бериш бўйича чақириқ билан чиққан. Бунга етарли асослар бор. Ҳиндистон, Бангладеш, Кения, Ҳаити, Сьерра-Леоне каби давлатларда миллиардлаб одамлар етарли шароит йўқлиги туфайли кўчалардан ҳожат чиқаради. Бу атроф-муҳит, тозаликка таъсир қилмай қолмайди.

Маълумот учун: Ҳар йили антисанитар ҳолат, зарарли сув ортидан келиб чиққан касалликлар туфайли 1,5 миллион нафарга яқин бола нобуд бўлади. Мазкур ҳолат ҳожатхоналар муаммосига узвий боғлиқ. Бу безгак, қизамиқ ва ОИТС каби касалликлар туфайли юз берадиган ўлимлар сони жамланганида ҳосил бўладиган рақамдан ҳам кўпроқдир!

Кўп давлатларда қизлар ҳайз кўришдаги ноқулайликлар, ҳожат чиқариш учун шароит йўқлиги каби сабаблар туфайли мактабга умуман боришмайди. Айниқса, Ҳиндистонда катта аҳоли пунктларида ҳам ҳожатхоналарнинг умуман йўқлиги асрлардан буён муаммо бўлиб келмоқда. Кўчалардан ҳожатхона сифатида фойдаланиш одат тусига кириб қолган, бунга қарши курашда инглизларнинг жазо қўллаши-ю, сабр билан сабоқ беришлари ҳам, Махатма Гандининг «Санитария биз учун мустақилликдан муҳимроқ!» деган изтиробли ундови ҳам керакли натижани бермаган. Ҳиндистонда ҳамон бу одатдан воз кечилмаяпти.

1,33 миллиард одам яшовчи бу давлатда аҳолининг деярли ярми (даҳшатли рақам) ё тўғри келган очиқ жой ёки оддий ва ифлос чуқурлардан ҳожатхона ўрнида фойдаланади. Қишлоқ аҳолисининг 72 фоизи яшаш учун минимал шароитга ҳам эга эмаслиги ҳисоблаб чиқилган. Муаммо ортидан чиқиб келган асоратлар ҳам жуда жиддий – 2015 йилнинг 4 июлида 17 ёшли қиз кўчада ҳожат чиқаришга уялган, ота-онаси эса ўзларининг асрий одатидан воз кечмаган ҳолда ҳожатхона қуришмаган. Бу эса қизнинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлган. Уттар-Прадеш штатидаги икки ўсмир қиз кечаси табиий эҳтиёж туфайли кўчага чиққан ва бир гуруҳ зўравонлар томонидан зўрланиб, осиб ўлдирилган.

2012 йил статистикасига кўра, дунё бўйича 1 миллиард одам мунтазам равишда очиқ осмон остидан ҳожатхона ўрнида фойдаланган ва рақам камайгани йўқ. Шу боис, дунёнинг энг бой инсонларидан бири Билл Гейтс ҳам инсонларни ҳеч бўлмаганда минимал шароит билан таъминлашга бел боғлаган ва унинг фонди кичик ҳамда арзон ҳожатхоналар лойиҳаси ечими учун 5 млн доллар маблағ ажратгани, бунинг учун дунёнинг етакчи тадқиқот марказлари ўз таклифларини киритганлари бежиз эмас.

Хулоса қисқа – инсон ўз умрининг тахминан 6 ойини ҳожатхоналарда ўтказади. Уят ҳисобланган бу жараёнга сарфлаган вақтимиз санаторий ёки курортда дам олишимиз, аксарият яқин қариндошларимиз билан бирга ўтказган онларимиздан ҳам кўпроқ.

Аброр Зоҳидов

Top