«Мактаб директори ҳоким олдига кириб мактаб ҳожатхонаси ҳолатини яхшилаб бер, деб талаб қилолмайди» - Исроил Тиллабоев
Мактаб таълими мавзуларини ёритувчи фаол Исроил Тиллабоев Kun.uz'га ҳокимликлар ўз вазифасини бажармаётганидан мактаб жамоаси қийналаётгани ҳақида гапирди. Унинг айтишича, ҳожатхоналарнинг санитар ҳолати ва уни ашёлар билан таъминлашга масъул бўлган ташкилотлар ўз ишларига совуққонлик билан ёндашмоқда.
Тиллабоевнинг таъкидлашича, мактаб ҳожатхоналарига эътибор қаратиши керак бўлган маҳаллий ҳокимликлар ўзига юклатилган вазифасини бажараётгани йўқ.
«30-50 йил олдин қурилган мактабларимиз ҳам сон-саноқсиз. Бу мактабларнинг ҳожатхонасига ким эътибор бермоқда? Анча олдин бу иншоотларни таъмирлаш, қайта қуриш учун катта кампания бошланганди. Афсуски, бу ҳам мактабнинг ўзига ташлаб қўйилган. Ваҳоланки, бу вазифа маҳаллий ҳокимликларга юклатилган.
Қайси мактаб директори ҳокимларнинг олдига бориб, ҳожатхонани керакли ашёлар билан таъминлаб беришини сўрайди? Аслида биринчи саволни шундан бошлаш керак. Чунки ҳеч қайси мактаб раҳбари ҳокимликка кириб, буни талаб қила олмайди. Талаб қила олмадими, ҳожатхонани санитар ҳолатга келтиришнинг бошқа муқобил вариантларини излаб кўришади. Бунда уларда 2 та ечим бор холос: ё ота-оналар, ё ўқитувчилар мактабни шу ашёлар билан таъминлаши керак бўлади. Бу жараёнда ота-оналарга ҳам айта олишмайди. Ўз-ўзидан мактаб раҳбари муассасадаги мавжуд имкониятдан, ўқитувчилар имкониятларидан келиб чиқиб, иложи борича ҳожатхонага керакли маҳсулотларни пул йиғиб олишга ҳаракат қилишади.
Бу ишни эплай олмаса-чи? Бу ҳолатда уларни СЭС ходимлари кутиб турган бўлади. СЭС ходимлари қонун талабларини ушлаб олишади, нималар қилиниши кераклиги кўриб чиқилади, лекин қаралса, ҳеч ким уни бажараётгани йўқ. Қарабсизки, жарима солиб кетилаверади. Ёзилган қонунни ким бажариши керак? Мана шу нарса аросатда қолгани сабабли мактаб жамоаси азият чекиб келишмоқда.
Ҳозирги кунда ҳар қандай ҳолатда СЭСнинг жарима солишга кучи етади. Чунки бунинг тартиби қаердадир ишламаслигини СЭСнинг ўзи ҳам яхши билади. Бу тартибнинг қандай ишлатиш кераклигига СЭСнинг ўзи ҳам таклифлар билан чиқиши керак. Бир йилда мактаблардан шунча млрдлаб жарима олинмоқда, шу жаримани мактаб ҳожатхонасини ашёлар билан таъминлашга ташаббус билан чиқиши учун СЭСга ким тўсқинлик қилади?» – дейди Тиллабоев.
Маълумот учун, президентнинг 2018 йилдаги фармонига кўра, мактабларни таъмирлаш, реконструкция қилиш ва қуриш, шунингдек, уларни зарур санитария-гигиена шароитлари билан таъминлаш маҳаллий ҳокимликлар зиммасига юклатилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Kun.uz мактаб ҳожатхоналари ҳақидаги суриштирув материалини эълон қилганди. Мақоладан сўнг фақат Самарқанд туманида жойлашган мактабларнинг биридаги ўғил болалар ҳожатхонасида ўрнатилган видеокамера юзасидан расмий муносабат билдирилди.
Мавзуга оид
11:37 / 08.11.2024
Тошкент метросининг 9 та бекатида пулли ҳожатхона қурилади
10:15 / 14.05.2024
Зангиотада ҳожатхонага тушиб кетган 2 ёшли бола қутқариб қолинди
16:49 / 30.04.2024
Ўзбекистондаги мактабларнинг 87 фоизида канализация йўқ — Delivery Unit
22:40 / 27.04.2023