Ўзбекистон | 18:01 / 20.02.2019
4548
2 дақиқада ўқилади

ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси аҳолига мурожаат билан чиқди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасининг республика аҳолиси ҳамда ташкилот, корхона ва муассасаларнинг раҳбарларига мурожаатномасини эълон қилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

«Азиз ҳамюртлар! Об-ҳавонинг совиб кетиши натижасида газ ҳамда электр иситиш мосламаларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж ортиб боради. 

Бундай пайтларда айрим фуқароларнинг эҳтиётсизлиги оқибатида кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлиши мумкин.

Уларнинг олдини олиш мақсадида, газ ва электр ускуналардан ҳамда иситиш мосламаларидан фойдаланишда қуйидаги ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилишингизни сўраймиз:

  • қўлбола ва носоз газ ва электр иситиш мосламаларидан фойдаланманг;
  • иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг тавсияси ва йўриқномаси талабларига риоя қилинг;
  • иситиш мосламалари яқинида ёнувчан буюм ва осон алангаланувчи маҳсулотларни сақламанг;
  • газ ускуналарини улаш тартиб-қоидаларига риоя қилинг;
  • мабодо газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан асло фойдаланманг, дарҳол хонани шамоллатиш чорасини кўринг ва бу ҳақда газ хизматига хабар беринг;
  • иситиш печлари ва уларнинг мўриларини созлигига эътибор беринг.

Ушбу қоидаларга риоя этиш билан Сиз, ўзингиз ва яқинларингизни ҳамда уй-жойингизни ёнғиндан асраб қолган бўласиз», – дейилади мурожаатномада.