11:50 / 21.02.2019
18047

Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши, шаҳар бош режаси ва прописка. Ҳикмат Абдураҳмонов билан суҳбат

Kun.uz сайти мухбири Тошкент шаҳри ҳокимлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши раиси, тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов билан суҳбат қурди. Суҳбат давомида Ҳикмат Абдураҳмонов ҳокимлик қошидаги Жамоатчилик кенгашининг вазифалари, пойтахтдаги муаммоли масалалар – дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ва уйларнинг огоҳлантиришсиз бузилиши, шунингдек, прописка ҳамда инвестициялар киритилиши каби масалаларга тўхталиб ўтди.

Жамоатчилик кенгашининг вазифалари нима ва 2018 йилда нималар қила олди?

Маълумот учун, Тошкент шаҳри ҳокимлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши 2018 йилнинг июнь ойида ташкил этилган. Ҳикмат Абдураҳмонов Жамоатчилик кенгаши фаолияти ва унинг вазифаларига тўхталди.

«Жамоатчилик назорати тўғрисида 2018 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва июль ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинганди.

Ўтган йилнинг май ойларида Тошкент шаҳар ҳокимлиги жамоасидан менга қўнғироқ қилишди. Жаҳонгир Обидовичнинг шаҳар ҳокими лавозимига тайинланишидан кўп ўтмай бир таклиф бўлди. Жамоатчилик кенгаши тузилганига ҳам 7-8 ой бўлиб қолди. Бу тузилма мустақил Ўзбекистон учун ҳам, Тошкент учун ҳам янгилик.

2018 йилда фаолиятимизнинг асосий қисмида биз институционал шаклланиш борасида иш олиб бордик. Бугун Жамоатчилик кенгашининг 13 йўналишда экспертлик гуруҳлари бор.

Улар билан биргаликда «Тошкент-2025» концепциясини ёзишни бошладик.

Ушбу концепциямиз бўйича биз 2019 йилда кўпроқ амалий ишлар қилишимиз мумкин бўлади. 2018 йилда эса турли йўналишларда 45та лойиҳани амалга оширдик ва уларнинг кўплари давом этмоқда.

Хусусан, биз 2018 йилда ТОП-500 - фаол тадбиркорлар ва инвесторлар форуми, «Шаҳарга ўриндиқ ҳадя этинг» ташаббусини амалга ошириш, «Chilla Fest» ёзги шаҳар оммавий сайли, бир ҳафталик «Дўстлик» сайли концепцияси тузиш ва уни ташкиллаштиришда Жамоатчилик кенгаши мутахассисларининг бевосита иштироки, «Сиэтл» паркини тиклаш, Юнусобод туманидаги кўп қаватли тураржой биносининг ташқи қисмини қайта тиклаш, истироҳат боғлари ва бошқа жамоат жойларида ўтказиладиган «Open art-space» сайли концепциясини ишлаб чиқиш, Тошкент шаҳрининг брендини яратиш учун танлов ташкил этиш каби ишларни амалга оширдик. Жамоатчилик кенгашининг фаолияти ва йиллик ҳисоботи билан gorod.uz сайти орқали танишиш мумкин», дейди Ҳикмат Абдураҳмонов.

Унинг айтишича, Тошкент шаҳри ҳокимлиги қошидаги Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифаси шаҳар ҳокими ва аҳоли вакиллари ўртасида кўприк бўлиш ва турли масалаларда экспертлик фикрларини беришдан иборатдир.

Тошкент шаҳрининг қиёфаси ўзгариши бўйича қандай ишлар қилинди?

Жамоатчилик кенгаши раиси шундай дейди: «Ёзда Москванинг етакчи «Стрелка» компаниясининг вакиллари, шунингдек, Туркия ва Франция давлатларидан архитектура соҳасидаги етакчи мутахассислар келишди.

Дастлаб улар шаҳарнинг тасдиқланган бош режаси йўқлигига эътибор қаратишди. Бу Тошкент шаҳар ҳокими томонидан ҳам кўпгина матбуот анжуманларида айтиб келинади. Бош режанинг йўқлиги аниқлик ва келажакка ишонч билан қарашга халақит берарди.

Сўнгги ярим йил ичида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва архитекторлари шу масала устида ишлашмоқда. Хусусан, бунда Тошкент шаҳрида кўпроқ аҳоли яшаши учун шароит яратиш, инфратузилмага аниқлик киритиш, боғларни тиклаш, йўлларни тўғрилаш ва уларни тирбандликлар пайдо бўлмаслиги учун оптималлаштириш бўйича ишлар олиб борилди. 2019 йилда, яқин ойларда шаҳар бош режаси тасдиқланиши йўлида ҳаракатлар бўлади».

Прописка, прописка ва яна ўша прописка

Ҳикмат Абдураҳмонов пойтахт олдида турган кўп йиллик муаммо – прописка тўғрисида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди: «Жамоатчилик кенгаши – тавсия беради, биз ҳеч қандай қарор учун ижроия органи эмасмиз. Бизнинг асосий функциямиз – биринчидан, кўприк функциясини бажариш.

Иккинчидан, билимларимиздан фойдаланган ҳолда янги ташаббусларни амалга оширишда ёрдам беришдир. Жаҳон тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, умуман, прописка деган тушунча советлар давридан қолиб кетган тушунча. Ҳар бир шаҳарнинг ривожланиши ва аҳолиси сони ошиши бозор иқтисодиёти омиллари асосида ўзгариб бориши керак. Тошкент шаҳрида, албатта, бу муаммо бор. У инфратузилманинг чекланишларида кўринади. Тошкент шаҳри аҳолиси 2,5-3 миллион эмас, 6 миллион бўлганида нима бўларди деб савол берсангиз, мутахассислар бу коллапсга олиб келади деб айтиши мумкин. Электр энергияси етишмаслиги, инфратузилманинг моддий ва маънавий ўзгариб кетгани каби сабаблар бор. 

Шунинг учун бунга режали асосда ўтишимиз керак. Умуман, 2019 йилда урбанизация, шаҳарлар аҳолисининг ошиб бориши – бу табиий тенденция. Тошкентнинг бу жараёнга қанчалик тез, балки ўрта муддатда тайёр бўлишини, албатта, рақамлар орқали кўришимиз керак. Тадқиқот қилишимиз, илмий ўрганишимиз зарур.

Тавсиям шуки, замонавий технологиялар орқали бу жараённи максимал соддалаштирган ҳолда олиб бориш керак. Давлат хизматларини кўрсатиш агентлиги бор, Тошкент шаҳрида яна 15та шундай марказ очилади. Менимча, марказлар ташаббус ва ўзгаришларнинг амалда ҳам тез, ҳам сифатли кечишига ёрдам беради».

Суҳбатни тўлиқ шаклда Kun.uz’нинг YouTube ва Mover’даги саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube 

 

Top