Жамият | 21:36 / 23.07.2023
25267
8 дақиқада ўқилади

“Фуқаролик жамиятидан очиқчасига қўрқиш” — фаоллар Жамоатчилик палатаси унутиб юборилгани ҳақида

Жамиятда муаммолар, ечимини кутаётган турли даражадаги масалалар кўп. Бу муаммолар, масалалар ҳақида ҳар куни ўнлаб ОАВ, фаоллар гапиради, турли расмий, норасмий давраларда улар ҳақида сўз боради.

Муаммоларни гапиришдан мақсад эса уни ҳукуматга, тегишлилиги бўйича масъулларга етказиш. Ечимини кўриш.

Бундан 3 йил аввал, 2020 йилнинг 16 апрелида Ўзбекистон президенти томонидан Жамоатчилик палатаси номли тузилма ташкил қилиниши ҳақида фармон чиқаркан, кўпчилик хурсанд бўлганди. Улар бугун ечимини кутаётган муаммолар энди масъулларга, президентга тезроқ етиб бориши, ечимини топишига ишона бошлаган эди.

Аммо мана, орадан уч йил ўтяпти ҳамки, халқ ва ҳокимият ўртасида кўприк бўлиши керак бўлган бу тузилмадан ҳалигача дарак йўқ. Фармон чиқишга чиқди-ю, шу билан палата ҳақида барчаси унутилгандек.

Kun.uz мухбирининг навбатдаги ўтказган интервюси Жамоатчилик палатаси, тузилма фаолият бошлаши йўлидаги тўсиқлар ҳақида бўлди. Интервюда сиёсатшунос Фарҳод Толипов, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева ва тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов меҳмон сифатида иштирок этди.

— Жамоатчилик палатаси нима ўзи? У қандай мақсадда, кимлардан тузилади, давлат ва жамият ҳаётида аҳамияти қандай, ички ва ташқи зарурати нима?

Дунёда, демократик давлатларда бу каби тузилмаларнинг аналоги, қолипи борми ва у нима учун хизмат қилади?

Фарҳод Толипов:

 — Халқ ва ҳокимият ўртасида кўприк бўлиб, боғлаб туриш — жамоатчилик палатасининг вазифаси. Асосий таърифи шу. Бу кенгаш орқали жамият билан бевосита мулоқот механизми яратилади. Бундан ташқари, демократиянинг асосий тамойили бўлмиш тийиб туриш сиёсатининг бир кўриниши ҳам.

Биз одатда Суд, Ижро ва Қонун чиқарувчи органларни тийиб туриш механизмининг асосий объекти сифатида оламиз, бу — макроёндашув. Микроёндашувда эса мана шу айтилаётган жамоатчилик палатаси каби бўғинлар катта рол ўйнайди. Демократик давлатларнинг деярли барчасида бундай кенгаш бор, ҳатто умумий ЕИда бор бундай кенгаш. Макроёндашувдаги органларда ҳам оғишлар кузатилиши мумкин, шундай пайтда жамоатчилик палаталари улар учун тийиб турувчи бўлади. Жамоатчилик палатаси бевосита давлат раҳбари билан халқни боғлайди.

Сайёра Хўжаева:

— Халқаро экспертлар ҳам биздан нима учун 3 йилдан бери жамоатчилик кенгаши тузилмаганини сўрайди. Ўтган йили Қозоғистон ҳам жамоатчилик кенгаши тузди.

Бизда бу кенгаш президент қошида тузилиши назарда тутилган, бошқа давлатларда парламент қошида бўлади. Кенгашда 18 нафар аъзони президентнинг ўзи тайинлайди, яна 18 нафар аъзо эса маҳаллий нодавлат, нотижорат ташкилотлар томонидан тавсия этилади.

2018 йилда Президент қарори билан давлат ташкилотлари қошида жамоатчилик кенгашлари тузилди. Ўша пайтда Мирзо Улуғбек туманидаги кенгашга раис бўлиб сайланганман мен ҳам. Яхши ишладик, лекин ўша пайтдаги ҳоким ишдан кетгач, тўхтаб қолди бу нарса. Шахсга ҳам кўп нарса боғлиқ экан. Нима учун 3 йилдан бери тузилмаётганини аниқ билмайман. Лекин бу нарса жуда яхши натижаларга олиб келарди.

Ҳикмат Абдураҳмонов:

 — Турли ривожланган давлатларда кузатаман. Уларда жамоатчилик билан мулоқот қилувчи бундай тузилмалар кўп ва хилма-хил. 2017 йилда мен ҳам Тошкент шаҳар ҳокимлигидаги жамоатчилик кенгашида ишлаганман. Халқ билан мулоқот масаласи кун тартибига чиққан пайтда кўтарилди бу ғоя ҳам.

Фуқаролар билан мулоқот қилиш, уларни эшитиш турли шаклда бўлиши мумкин. Лекин буни кун тартибга қўйиш, муаммоларни тизимлаштириш муҳим бўлади. Жамоатчилик палатаси — яхши ғоя, лекин кўп нарса умид қилиш қийин, чунки тийиб туриш механизми ишламаса, бу палата ҳам ёрдам беролмайди. Бундан ташқари, шахс омили ҳам муҳим. Айтилган муаммолар ечилмаса, кенгаш аъзоларининг ҳам тезда ҳафсаласи сўнади.

— Мен юқорида Жамоатчилик палатаси тузилгани-ю, ўтган вақт давомида унутиб юборилгани ҳақида айтдим. Сизлар балки ҳокимият ҳаракатларини тушуниб, тахмин қилиб, балки тажрибангиздан келиб чиқиб, айтинг-чи, Жамоатчилик палатаси нега унутилди?

Бу нима, қўрқувми, ҳафсаласизликми ё шунча институтлар ишламаяпти-ю, бу нима берарди, деган бир тафаккурми? Ундай бўлса, фармон нега чиқди?

Фарҳод Толипов:

— Ўтган йили декабрь ойида Президент сиёсий тизимда қўл бошқаруви шаклланиб қолганини айтди. Давлат органлари, ташкилотлар қонун-қоидалар ўрнига субъектив омилни устун қўяди бундай бошқарувда. Президент аралашмаса, ишламай қолаверади.

Президент айтган қўл бошқаруви барча тармоқларга таъсир қилди. Мана шу омил ҳам бир сабаб бўлолади Жамоатчилик палатаси ишламаётганига. Ўзи умуман қўл бошқаруви юзага келиши юзасидан ҳам саволлар бор. Дейлик, кадрлар масаласи, коррупция ва бошқалар. Бундан ташқари, демократлашишга интилаётган давлатда консерватив кучлар ҳам бўлади. Бу икки куч ўртасидаги кураш ҳам бор. Реформаларни истамаётган кучлар ҳам йўқ деёлмаймиз.

Бизда қабул қилинган қонунлар, қарорлар жуда тўғри ва демократик тамойилларга жавоб беради. Лекин амалда ижро бошқача. Тўғри, ривожланган мамлакатларда ҳам қонун ва амалиёт масаласи бор, лекин кўп эмас. Бизда эса бу муаммо анча катта. Умуман, шу каби омиллар бизда жамоатчилик палатаси тузилмаганига сабаб бўляпти.

Сайёра Хўжаева:

— Президентимиз 2016 йилдан бери анчагина яхши қарорлар чиқарди фуқаролик жамияти борасида. Лекин ижро этиш масаласида оқсаляпти. Президентнинг 2018 йилдаги қарори сурилиб-сурилиб, ҳали ҳам бажарилгани йўқ. Ҳатто халқаро форумларда ҳам айтилди бу муаммо.

Менимча, масала барибир кадрлар салоҳияти, потенциалига бориб тақалади. Қўрқув ҳам йўқ эмас. Жамоатчилик кенгаши аъзолари Президентга ҳақиқатни айтадиган бўлса, вазият бошқачароқ бўлади. Чунки президентга доим ҳам очиқча ҳаммасини айтаверишмаса керак. Ишнинг бундай чўзилиб кетиши — халқаро ҳамжамият олдида кулги бўлиш. Биз ҳам ривожланган давлатлардаги каби кенгаш яратишимиз мумкин.

Халқнинг эътибори кўпроқ жамоатчилик кенгашига қаратилишидан қўрқишяпти. Фуқаролик институтларидан доим қўрқишган. Масалан, биз, фуқаролик институтлари Вазирлар Маҳкамасининг қарорига қарши чиқдик. Вазир ўринбосари бизни чақириб, сизлар инқилоб қилмоқчисиз, деган гапларни айтди. Тўғри, ҳамма жойда ҳокимият ўзини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади, лекин биздагидек бу даражада эмас. Европарламент ҳам танқид қилди Ўзбекистонда фуқаролик институтларига босим бўлаётганини. Ҳимоя қилиш Адлия вазирлигининг иши, лекин ҳозир Адлия вазирлигининг ўзи фуқаролик институтларини душман деб биляпти, менимча. Ҳокимиятдагилар хоҳлайдими, йўқми, фуқаролик институтларининг кучи, таъсири бўлади барибир.

Ҳикмат Абдураҳмонов:

— Давлат органларида ишлайдиган дўстларимни кузатаман, ўзлари ҳам айтишадики, босим жуда катта, кўп ишлашади, кўп функционал иш бажаришади. Қўшимчасига жамоатчилик кенгаши назорати уларга ҳам ёқмайди. Шунинг учун давлат томонидан ходимларнинг функцияларини камайтириш муҳим. Демократик жамиятларда кўп масалаларни фуқароларнинг ўзи ҳал қилади. Бу жараёнда энг самаралиси нотижорат ташкилотлар. Биз англаб олишимиз керакки, мамлакатдаги муаммолар фақат ижро ҳокимиятига тегишли эмас. Чет элда кўп муаммолар хусусий сектор орқали ҳал этилади. Масалан, олий таълимда хусусий ОТМларга ишонч билдиряпти давлат. Бошқа соҳаларда ҳам худди шундай қилиш мумкин.

Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид