“Бизнес учун биринчи қадам осонлаштирилди”

Ҳасан Мамасаидов – Office Market, Дели ва Декос компаниялари асосчиси, MFaktor лойиҳаси муаллифи:

— Ўтган йили тадбиркорлар куни белгиланганидан кейин, бу йил ҳам анъанавий тарзда давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашувида қатнашдик. Самимий учрашув гувоҳи бўлдик.

Кўп масалалар кун тартибига қўйилди. Булар ичида тадбиркорлик фаолиятининг кесимларга бўлингани айниқса катта нарса бўлди. Чунки микробизнес, яъни бир миллионгача бўлган айланмадаги бизнес тури ёш тадбиркорларга, стартаперларга қулай бўлади. Кичик, ўрта ва юқори бизнеслардан кўра катта қулайликлар яратилгани ёш тадбиркорларнинг бизнесга кириб келишини енгиллаштиради.

Энди енгиллаштирилган тартибда ёш тадбиркор бир йилда 20 млн сўмгача пул тўлаб, 6 ойлик ҳисоботни қилмаслиги мумкин. Олдин янги касбларга оид бизнесни йўлга қўймоқчи бўлганлар – масалан, айти бизнесига кирмоқчи бўлганларда қўрқув бўларди: солиқ бобидаги, ёки бухгалтерияга оид хатолар уларнинг маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиб қоларди. Ҳақиқатан, 1 млрд сўмгача айланмага эга микробизнесни юритадиганлар учун бизнес юритиш осонлаштирилади – бухгалтерия ҳисоби каби катта қийинчиликлар талаб қилинмайдиган кўринишда олиб борилади. Чунки 1 млрд сўм ва ундан юқори айланмаси бўлган ҳолатларда ҚҚС тизимига ўтса, учётда ҳисоб-китоб олиб бориш қиммат турарди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аҳолининг 70 фоизи – ёшлар. Ёшларнинг биринчи бизнесга кириб келишини осонлаштириш келажакда уларнинг кейинги поғонага чиқишига стимул бўлади.

ҚҚС 12 фоизга ўтиши ҳам тадбиркор, ҳам истеъмолчиларга қулайлик яратади, бизнеснинг қоронғиликдан ёруғликка ўтишида ўзига хос стимул вазифасини бажаради.

“Асл ислоҳот – қонун устуворлигининг таъминланиши бўлади”

Мурод Назаров – “Murad Building” компанияси асосчиси

— Ҳар йили президентнинг ўзи тадбиркорлар билан кўришиб, муаммоларини эшитиб, қаерда нотўғри кетяпмиз, нотўғри кетаётган бўлсак тўғрилайлик деган маънодаги фидбек тадбир ўтказишини ҳурматга лойиқ деб биламан.