Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ривожланиш учун энг муҳим омил – оиладаги гармония». Ҳикмат Абдураҳмонов билан суҳбат
Kun.uz шахс сифатида ривожланишни истовчилар ва айниқса ёшлар учун фойдали мавзуларда муваффақиятга эришган инсонлар билан самимий суҳбатларни йўлга қўймоқда.
Фаолияти мобайнида маълум ютуқларга эришган зиёли ҳам тадбиркор ҳамюртларимиз, «Интеллект» лойиҳаси доирасида, ўз ҳаётий тажрибаcи ва фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашади; ёшларга ўз тавсияларини бериб боради.
Лойиҳанинг илк меҳмони – таниқли тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов бўлди. Ўзбек–Хитой савдо уйи ва «Ground Zero» коворкинг-марказлари асосчиси, «Team» университети таъсисчиларидан бири билан суҳбатимиз асосан олий таълим, ижтимоий тадбиркорлик ва оила мавзуларида кечди.
Суҳбатни томоша қилиш асносида бир неча ютуқлардан бирини ҳам қўлга киритишингиз мумкин. Бу ҳақда мақола сўнгида батафсил тўхталиб ўтамиз.
«Кейин тушундимки, биз дунё университетларидан анча орқада қолган эканмиз»
— 16 ёшда Дипломатия университетига, халқаро иқтисодиёт йўналишига ўқишга кирганман. У ерда: «Сизлар оддий бир университет талабаси эмассизлар, сизларга дарс берадиган одамлар – вазирлик, катта идоралар раҳбарлари, кўзга кўринган инсонлар. Улар билим бериш билан бирга, сизларни илҳомлантиради ҳам. Демак, сизлар ҳам жамиятдаги ўзгаришларга ўз ҳиссангларни қўшишинглар керак», деган лозунг остида бўлганмиз.
Бу лозунг мени жуда ҳам руҳлантирарди. Лекин кейинчалик, ўқишни тамомлаб давлат ишига кирганимда, унда ўзимни топа олмадим. Давлат ташкилотларида, хусусан ўша пайтдаги Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги қошида маълум вақт ишлаб, тажриба орттирдим, лекин барибир қониқмадим. Барибир сездимки, давлат иши – салоҳиятимни оширадиган фаолият эмас экан.

Шундан кейин Ўзбек-япон марказида ўқидим. Унга ҳам мана, 15 йил бўлибди. Биласиз, японча услубдаги менежмент жуда ҳам машҳур. Шу йўналишда ярим йиллик экспресс-MBA'да ўқиганман. Шу ерда ўқиб, бизнес тўғрисидаги билимим жуда камлигини яққол сезганман.
Ваҳоланки, бунгача менда илк тадбиркорлик тажрибалари бор эди. 20 ёшимда кичик лойиҳалар қилиб юрардим: компьютер, қурилиш материаллари, машина ҳам сотиб кўрганман. Хуллас, қандайдир йўл билан ўзимга моддий фундамент қуришга ҳаракат қилганман. Чунки сир эмас, у пайт давлат ишида ишласангиз, даромадингиз ҳатто ёқилғи харажатларига ҳам етмасди.
Япон марказида ўқиб, бизнес асослари билан танишгач, бизнес тўғрисида олган билимим жуда ҳам камлигини яққол тушуниб етганман. Бу билимим билан фақат кичик савдо-сотиқ билангина шуғулланишим мумкинлиги, ҳақиқий ва каттароқ лойиҳа қиламан десам, яна кўпроқ ўрганишим кераклигини ўшанда сезганман.
Шундан келиб чиқиб, бир йилга магистратура ўқишга Буюк Британияга, турмуш ўртоғим билан биргаликда кетганмиз. Ундан кейин эса, тасаввур қилинг, сиз инингизда ўсиб улғайган кичик қуш бўлсангиз-у, кейин сизни узоқ-узоқ жойларга олиб боришса... Дунёқарашингиз бутунлай ўзгариб кетар экан.

Ўқишга 1997 йилда кирган бўлсам, 23 йил ўтибди. Олий таълимимизда, афсуски, 23 йил ичида яхши тарафга катта ўзгариш бўлмади (аммо охирги 2–3 йил ичида дадил қадамлар қўйиляпти). Мен ўқиган вақтда ҳам Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг нуфузи жуда баланд эди, лекин барибир ҳозир таққосласам, дунё университетларидан анча орқада қолган эканмиз.
Буюк Британиянинг нуфузли университетига борганимда, ҳақиқий олий ўқув юрти нималигини ўшанда тушунганман.
«Яхши университет танланг ва у ерда ҳамфикр инсонларни атрофингизга жамланг»
— Бир нарсага юз фоиз ишонаман: агар ҳаётда тўсиқлар бўлмаса, бирор нарсага эришиш иложсиз. Ҳар гал ҳаётимда тўсиқ, қандайдир муаммо пайдо бўлганида ўша муаммони ечиш орқали маълум бир кўникма шаклланган. Кейин эса бу нарса мендаги кучли тарафлардан бирига айланган.
Ютуқларингизда жамоанинг аҳамияти катта бўлади. Яхши университет танланг, у ерда ҳамфикр инсонларни атрофингизга йиғинг, деган маслаҳатлар бежиз эмас. Чунки бутун умрингиз давомида улар билан ҳамроҳ бўласиз.
«Жамият ривожи учун энг кучли омил – оиладаги гармония»

— Эр-хотин биргаликда ривожланиши кераклиги – Ўзбекистонда унча яхши ёритиб берилмаган мавзу. Афсуски, оилавий низолар, эр хотинини ургани кабилар ҳақида тез-тез эшитиб турамиз. Эркак киши аёлига ҳурмат билан муомала қилиши, унга керакли шароит яратиб бериши керак деймиз, лекин мен бунга қўшимча тарзда чақириқ ташлаган бўлардим: кейинги қадамни ҳам қўяйлик – эр-хотиннинг биргаликда ривожланиши ғоясини тарғиб қилайлик.
Бир мақсад томон интилмаган икки инсон биргаликда бахтли бўла оладими?
Оилалар бузилишининг сабабини таҳлил қиладиган бўлсак, асосий сабаблардан бири – эри ишлайди, аёли уйда ўтиради. Шунда уларнинг дунёқараши ўртасидаги фарқ борган сари катталашиб бораверади. Бошида улар бир-бирини севади, қанақадир умумий фикрлар бўлади, лекин кейинчалик, вақт ўтиб, умумий қизиқишлар йўқола боради. Бу – оила ривожига катта минус.
Шунинг учун эр-хотин фикр алмашиши, бир-бирини тинглаши ва бир-бирининг фикрларини инобатга олиши жуда ҳам муҳим.
Мен муболағасиз айтишим мумкин, эришган натижаларимда турмуш ўртоғимнинг роли катта. Чунки биз кўп нарсалар ҳақида суҳбатлашамиз. Бир-биримизга психолог вазифасини бажарамиз.
Мен кўпинча ишимдаги муаммолар, қайсидир масалани ҳал эта олмаётганим ҳақида айтаман. Худди шундай, Азиза ҳам ишхонасида ёки жамиятда қандайдир бир нарсани кўрса-ю, ундан рози бўлмаса, биринчи бўлиб албатта менга айтади. Биргаликда таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.
Ва албатта, бу суҳбатларимизни фарзандларимиз ҳам кузатишади, улар ҳам қатнашишади. Менимча, бу – улар учун ҳам тўғри муҳит. Жамиятдаги муаммолар, уларга қандай муносабатда бўлиш кераклиги, нималарга эътибор қилиш зарурлигини оилада кўришади.
Менимча, жамиятимиз ҳар тарафлама ривожланиши учун энг кучли омил – оиладаги гармония.
***
Ҳикмат Абдураҳмонов суҳбат давомида фарзандлар таълими, бизнесни ўқитиш, TEAM университети; Америка, Англия ва Россия таълим тизимлари; коворкинг марказлар каби мавзуларда ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Интервьюни тўлиқ Kun.uz'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилинг.
Нафосат Тожибоева суҳбатлашди.
Тасвирчи – Муҳаммаджон Ғаниев.
«Интеллект» лойиҳаси меҳмонлари YouTube'даги видео остида энг яхши изоҳ қолдирган томошабинларга совғалар тақдим этиб боради.
Сиз ҳаётингизда мотивацияни кимдан ёки нимадан оласиз? Ҳаётингизда қайси воқеа кейинги ютуқларингиз учун бурилиш нуқтаси бўлган? Интервьюдан қандай хулосалар олдингиз?
Шу каби саволларга YouTube'даги изоҳларда ёзилган энг яхши 3та жавоб эгаларини Ҳикмат Абдураҳмонов қуйидаги совғалар билан тақдирлайди:
- TEAM (Тошкент) ва LSBU (Лондон) университетларининг бренд сувенири ва поло-футболкаси;
- Ҳикмат Абдураҳмонов дастхати туширилган китоб;
- TEAM университетининг инглиз тилини ўргатиш бўйича Pre-foundation курсида ўқиш учун сертификат.
Ғолиблар – суҳбат эълон қилинган кундан бошлаб, 2021 йилнинг 1 январигача қолдирилган изоҳлар орасидан танлаб олинади. Суҳбатни тўлиқ томоша қилинг ва ўз фикрингизни билдириб, тўрт хил ютуқдан бирини қўлга киритинг!
Мавзуга оид
14:57 / 28.10.2025
35 ёшдан кейин ҳаётини янгидан бошлаган аёллар — кеч эмаслигининг жонли исботи
12:52 / 30.12.2023
Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича 87 та илғор давлатлар қаторидан ўрин олди
14:00 / 29.12.2023
Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадлари халқаро рейтингида 8 поғона кўтарилди
09:59 / 09.08.2023