15:45 / 23.02.2019
16842

Ҳафта ўйинлари анонси. «Челси» ва «Сити» ўртасидаги финал, Сульшер «Ливерпуль»га қарши ва бошқалар

Tribuna.uz еврофутболда уик-энднинг энг муҳим ўйинлари анонсини тақдим этади.

СЕВИЛЬЯ – БАРСЕЛОНА (23 февраль, 20:15)

Фото: Gonzalo Arroyo Moreno/Getty Images

Ўтган турда "Реал"нинг кутилмаганда "Жирона"га ютқазиб қўйиши "Барселона"нинг турнир жадвалидаги устунлигини оширди ва қайсидир маънода бу ўйиннинг ҳам интригасини камайтирди. Энди Барселона ва Мадрид клуби ўртасидаги фарқ 9 очкони ташкил этмоқда. Демак, қаторасига икки Эль-класико олдидан "Барселона" бироз енгил тин олиш имкониятига эга.

Бу ҳам жуда зарур, зеро сўнгги пайтларда Вальверде жамоасининг ҳам муаммолари етарли. "Барселона" сўнгги тўрт ўйинда атиги бир маротаба ғалаба қозонди ва ундан ҳам ёмони, мана шу ўйинларда жамоа атиги 2 маротаба рақиб дарвозасини ишғол қила олди холос. Бу голларнинг бири пенальтидан киритилганини ҳам таъкидлаш керак. Хуллас, "Барселона" ҳужум чизиғида, айниқса, вазиятлардан фойдаланиш борасида жиддий муаммоларга учрамоқда. Доимо ноқулай бўлган "Севилья" майдонида бу вазиятни ўнглаш янада қийинроқ бўлади.

"Севилья" ҳам сўнгги турларда муаммоларга дуч келмоқда. Жамоа охирги уч ғалабасиз ўйиндан сўнг, кучли тўртликдаги ўрнини хавф остида қолдирган. Эндиликда, жамоани еттинчи ўриндан атиги уч очко ажратиб турибди холос. Фақат бу орада Европа Лигаси тўқнашувлари муваффақиятли кечгани ва кучли "Лацио" устидан икки ғалабага эришилгани кайфиятни бироз кўтариши мумкин.

Таркиблар борасида айтарли муаммолар йўқ. Фақат мезбонлар таркибида Хесус Наваснинг майдонга тушиши сўроқ остида бўлса, меҳмонлардан Артур майдонга туша олмайди. Лекин ҳар икки жамоа таркибида эътиборга арзигулик қаҳрамонлар бор: Месси 33 голи билан Ла Лигада айнан "Севилья" дарвозасини энг кўп ишғол қилган бўлса, "Севилья" сафида Мунир эски жамоасига қарши майдонга тушиши мумкин. Қизиғи, у каталонияликларга қарши ўйнаган икки ўйинида ("Валенсия" сафида) ҳам гол уришга муваффақ бўлган.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЛИВЕРПУЛЬ (24 февраль, 19:05)

Ўтган йилнинг декабрида "Ливерпуль" салкам беш йиллик танаффусдан сўнг, "Манчестер Юнайтед" устидан АПЛда ғалаба қозона олди. Бу ғалаба шу қадар чиройли ва ишончли қўлга киритилдики, орадан икки кун ўтмай "иблислар" бош мураббийи Жозе Моуриньо истеъфога чиқарилди. "Ливерпуль" ўшанда бу қадар катта устунликка эришиб, балки хато қилгандир, зеро шундан сўнг "МЮ" бошқарувига келган Оле-Гуннар Сульшер жамоани кучайтириб юборди. Ўшандан бери Англия чемпионатида энг кўп очко тўплаган жамоа ҳам айнан "МЮ"дир.

Чемпионлар Лигасидаги имкониятни анча пасайтириб юборган "МЮ" нима қилиб бўлса ҳам, ички чемпионатда тўртликдаги ўрнини сақлаб қолиши керак. "Челси" устидан қозонилган ғалаба ўша ягона мағлубиятни бироз унуттирган бўлса-да, футболчилар айнан "Олд Траффорд" олдида қарздордирлар. Қизиғи, Сульшер жамоаси сафардаги ҳамма ўйинларни ўз фойдасига ҳал қила олмоқда, аксинча, "Олд Траффорд"да бир дуранг ва бир мағлубият кузатилди.

"Ливерпуль"нинг ҳам ўз ҳисоби бор. "Манчестер Сити" бу турдаги ўйинини ўтказиб бўлган, демак Клопп жамоаси бу ўйинда очко қўлга киритса, яна биринчи ўринга кўтарилиб олади. Бу психологик тарафдан ҳам жуда муҳим эканини яъши биласиз. Олти ўйиндан бери мағлубият нималигини билмай келаётган, сафардаги сўнгги 13 ўйиндан атиги 1 тасини бой берган "қизиллар" "Олд Траффорд"да осонлик билан мағлуб бўлмасликлари турган гап. Фақат бир жиҳат, "Ливерпуль" сешанба оқшомида "Бавария" билан Чемпионлар Лигаси баҳсида майдонга тушди. Агар Сульшер шогирдлари атиги бир кун олдин, душанба куни "Челси" меҳмони бўлганликларини эътиборга олсак, жисмоний томондан рақиблар у қадар катта фарқда эмаслар.

"Ливерпуль" бу стадионда охирги марта 2014 йилда, Давид Мойес ва Брендон Рожерслар жамоаларни бошқарган даврда ғалаба қозонганди. Ўша ўйинда майдонга тушган футболчилардан мезбонлар таркибида фақат Фил Жонс, меҳмонлардан фақат Даниел Старриж қолган холос. Бу икки футболчи ҳам катта эҳтимол билан асосий таркибда тушишмаса керак.

Асосий таркибларга келсак, "Ливерпуль" Гомес ва Ловреннинг жароҳатларидан сўнг, ҳимоя марказида муаммога дуч келган. Мезбонлар таркибида эса, Валенсия ҳали ҳам тикланиш билан банд. "ПСЖ" билан ўйинда жароҳат олиб майдонни эрта тарк этган Марсиял ва Лингард ҳақида мураббий маълумот бериб ўтди: Сульшернинг айтишича, Марсиял ўйинга тайёр бўлади, Лингарддан ҳам умид қилиш мумкин.  

Энг муҳими, “Манчестер Юнайтед” Алекс Фергюсондан кейин илк маротаба, “Ливерпуль”га қарши, бу рақобатни тўлиқ ҳис қила оладиган мураббий бошчилигида майдонга тушади Сульшер “Ливерпуль”нинг даражасига чиқишимиз керак дейдиган Мойес ёки рақибнинг қанот ҳимоячисини мақтайдиган Жозе Моуриньо эмас. Бир неча йил олдин “Кардифф” билан “Ливерпуль”га 3:6 ҳисобида ютқазгач, журналистлар Сульшердан “қизиллар”нинг чемпионлик учун имконияти ҳақида сўрашганди.

“Мен тупурдим уларнинг имкониятига” деб жавоб берган Сульшер футболчилик фаолиятидаги нафрат ҳали ҳам унинг руҳиятида яшашини ошкор қилганди. Албатта, ҳозир у сал жиддийлашган, аммо яна бир марта “Ливерпуль”ни чемпионлик пойгасида чалиб қолишга уриниши шубҳасиз.

Англия Лига кубоги финали

ЧЕЛСИ - МАНЧЕСТЕР СИТИ (24 февраль, 21:30)

Фото: Michael Regan/Getty Images

Икки ҳафта олдин “Этиҳад”да бу жамоалар ўртасида Премьер-лига ўйини бўлиб ўтган ва мезбонлар 6:0 ҳисобида ғалаба қозонгандилар. “Челси”дан ушбу аламли мағлубият учун реванш олиш имконияти туғилди – қўшимча бонус эса, Англия Лига кубоги.

Ҳар икки жамоа бу совринни беш мартадан ютиб олган ва бу кўрсаткич бўйича, яна икки жамоа («Астон Вилла», «Манчестер Юнайтед») билан биргаликда 2-ўринда боришмоқда. Тарихда энг кўп Англия Лига кубогини эса, “Ливерпуль” ютган – 8 маротаба. Шунингдек, “Манчестер Сити” ҳозирда ушбу совриннинг амалдаги соҳиби ҳисобланади. Эсингизда бўлса, ўтган йили айнан мана шу кубок Пеп Гвардиоланинг Англиядаги илк ютуғи бўлганди. Энди эса, испаниялик мутахассис учинчи йилда тўртинчи совринни қўлга киритишга яқин турибди. Албатта, бу ерда Испания ёки Германиядаги каби маҳсулдорлик йўқ, лекин рақобат ҳам шунга яраша.

Бу жамоалар юқорида тилга олинган учрашувдан ташқари, йил бошида “Уэмбли”да ҳам тўқнаш келгандилар. Ўшанда “Манчестер Сити” Агуэронинг дубли эвазига 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Аргентиналик ҳужумчи АПЛ баҳсида ҳам “Челси” дарвозасига хет-трик қайд этганини эътиборга олсак, лондонлик ҳимоячилар асосан кимдан эхтиёт бўлишлари лозимлигини айтиш шарт эмас.

Хуллас, “Челси” Сарри бошчилигида қийин даврни бошдан кечирмоқда. Бир ҳафта олдин жамоа Англия кубогидаги иштирокини ҳам тўхтатди. Жамоа ҳали курашни давом эттираётган Европа Лигаси ва албатта, мана шу финал лондонликларга асосий таянч нуқтаси бўлиши лозим. Сабаби, нафақат майдонда, майдон ташқарисида ҳам муаммолар етарли – УЕФА “Челси”га икки трансфер ойнаси пайтида янги футболчини ўз сафига қўшиб олишни тақиқлади. “Челси”да агар муваффақиятсизликлар давом этса, жамоа нафақат янги юлдузларни жалб қилиш, балки ўз етакчиларини ушлаб қолишда ҳам қийинчиликларга дуч келиши аниқ.

Нима бўлгандаям, Англиянинг сўнгги йиллардаги энг совриндор жамоалари, бири яраланган шер, иккинчиси оч бўри мақомида навбатдаги финалда, навбатдаги соврин учун майдонга тушадилар.

БОРУССИЯ Д – БАЙЕР (24 февраль, 22:00)

Фото: Getty Images

Петер Бош Дортмундга қайтмоқда. Келажаги катта мураббий сифатида Дортмундга ташриф буюрган, аммо муваффақиятсиз натижалар туфайли истеъфога чиқарилган мураббий Германияни тарк этмади ва ана энди, “Байер” билан янги марралар учун йўлга чиқди. “Ҳақиқий Бошни ҳали дунё кўрмади” – худди шундай сўзлар билан январда янги жамоасини қўлга олди ва айтиш керакки, натижалар ажойиб.

“Байер” янги мураббий билан илк ўйинни ўз майдонидаги мағлубият билан бошлаган бўлса-да, уёғига жуда кучли ўйин кўрсатмоқда. Қаторасига тўрт ўйиндан учтасини йирик ғалаба, шунингдек, “Бавария” устидан ишончли 3:1 ҳисобидаги зафар “Байер”нинг жуда яхши спорт формасига кириб бораётганини исботлайди. Шу орқали, жамоа кучли тўртликка аста-секин яқинлашиб бормоқда.

“Боруссия” эса аксинча, февраль ойини жуда ёмон ўтказди ва қаторасига уч ўйинда дуранг натижа қайд этди. “Айнтрахт” билан, майли, аммо “Ҳоффенҳайм” билан ўйинда 3:0 ҳисобидаги ғалабанинг оқибатда дурангга айланиши дортмундликларга ёмон таъсир қилгани шубҳасиз. Йўқотилган очколар қимматга тушди ва энди, “Бавария” билан ўртадаги фарқ атиги 3 очкони ташкил қилмоқда холос. “Бавария” исталган пайтда жуда кучли серияни амалга ошира олишига ишонсак, энди, “Боруссия”нинг очко йўқотишга ҳаққи йўқ.

Еврокубокларда эса, ҳар икки жамоанинг кайфияти тушиб кетган бўлса керак. “Боруссия” Лондонда “Тоттенҳэм”га йирик ҳисобда имконни бой берди ва амалда турнир билан хайрлашиш арафасида турибди. “Байер” эса, Краснодардаги қониқарли дурангдан сўнг, ўз майдонида имкониятни қўлдан чиқарди. Сафардаги гол қоидасига биноан россияликлар кейинги босқичга чиқишди, “Байер” камида ёзгача еврокубокларсиз қолди.

ФИОРЕНТИНА – ИНТЕР (25 февралга ўтар кечаси, 00:30)

Фото: AFP

Петер Бош ҳолатига ўхшаши Флоренцияда кузатилиши мумкин. Мезбонларнинг бугунги устози Стефано Фиоли 2017 йилнинг ноябрида “Интер” бош мураббийи этиб тайинланган, аммо орадан бир йил ўтмасдан истеъфога чиқарилган эди. Шартнома охиригача имконият бермаган собиқ жамоага қарши ўйинда ўзининг нималарга қодирлигини намойиш қилиш истаги – мураббийлар учун яхши мотивация.

“Интер”нинг эса, ўз муаммолари бор. Ҳозир Миланда Фиолини эсдан чиқариб ҳам юборишган, барча Мауро Икардининг ҳолати ва “Милан”нинг қаторасига ғалабалар қозониб, “Интер”га жуда яқин келиб қолгани ҳақида гапирмоқда. “Милан” Пёнтек мисолида ўз қаҳрамонини топган бир пайтда, “Интер” ана шундай сермаҳсул ҳужумчи билан муаммоларга дуч келди. Икардидан сардорлик боғичи олиб қўйилди, шу билан бирга, ҳужумчи яхши спорт формасида бўлишига қарамасдан, асосий таркибдан четда қолмоқда. Умуман ўз вақтида Дзанетти, Бергоми каби ҳақиқий қоялар сардор бўлган жамоада Икардининг “йўлбошчи” этиб тайинланганининг ўзиёқ, бироз хато қарор бўлганди аслида.

Хўш, ўз майдонида анча кучли ўйин намойиш этадиган “Фиорентина”га қарши ўйинда ҳам Икарди таркибдан четда қоладими?

Бонус: САНТА КЛАРА – НАСЬОНАЛ (24 февраль, 20:30)

Фото: Hélder Santos

Энди ҳар ҳафта нигоҳимиз кучли бешликдан ташқари, Португалия чемпионатига ҳам қадалса, ажаб эмас. Зеро ҳамюртимиз Сардор Рашидов Суперлигада дебют қилди. Дастлабки учрашув “Бенфика”га қарши ўта омадсиз кечган бўлса-да, иккинчи ўйинидаёқ Сардор бутун Португалияни ўзи ҳақида гапиришга мажбур қилди.

“Фейренсе” дарвозасига уч гол урган Сардор Рашидов ўша турнинг рамзий терма жамоасига киритилди. Умумий баҳо бўйича эса, фақат “Спортинг” етакчиси Бруно Фернандешдан ортда қолди холос. Рашидовнинг Португалия чемпионатидаги навбатдаги ўйини ҳам мухлисларимиз учун қизиқ бўлса керак.

Мадейра жамоаси ўтган турда ўзининг етти ўйиндан иборат ғалабасиз сериясига нуқта қўйди, аммо ҳали хавфли зонадан у қадар узоқлашиб кетгани йўқ. Жамоани 18-ўриндаги “Авеш” билан атиги 2 очко ажратиб турибди холос. Демак, “Насьонал” ҳар ўйинда очколар учун жиддий кураш олиб бориши лозим. Рақиб – “Санта Клара” эса, “Насьонал”дан 4тага кўпроқ очко жамғарган ҳолда, 9-ўринни банд этган. Қайсидир маънода турнир жадвалида қўшни бўлган бу жамоаларнинг ўйини кескин курашлар остида ўтиши табиий. Сардор Рашидовга эса, нафақат аутсайдер билан, мана энди, тенгма-тенг курашлар остидаги учрашувларда ҳам ўзини кўрсатишини тилаб қоламиз. Омад.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

23 февралль. Бёрнли – ТОТТЕНҲЭМ (17:30), БАВАРИЯ – Ҳерта (19:30), ПСЖ – Ним (21:00)

24 февраль. ПСВ – Фейеноорд (18:30), АРСЕНАЛ – Саутҳэмптон (19:05), АТЛЕТИКО – Вильярреал (20:15), Парма – НАПОЛИ (22:00), Бешиктош – Фенербахче (23:00), Леванте – РЕАЛ (25 февралга ўтар кечаси, 00:45) 

Top