Спорт | 17:50 / 24.01.2020
14303
7 дақиқада ўқилади

Ҳафта ўйинлари анонси: «Барселона», «Ювентус», «Лацио» ва «Бавария» учун жиддий синов

Фото: AFP/Getty Images

Ҳафтанинг дам олиш кунлари Европада бир қатор марказий ўйинлар ўтказилади. Tribuna.uz қуйидаги тўрт қарама-қаршиликни томоша қилишни тавсия этади.

 «ВАЛЕНСИЯ» – «БАРСЕЛОНА»
Испания Ла Лигаси. 21-тур.
25 январь (шанба)
Ўйин бошланиш вақти:
 20:00
ТВ-трансляция: «Futbol TV» / «UzReportTV»

 Ла Лиганинг 21-туридаги марказий учрашуви Испания Суперкубогида мағлубиятга учраган икки жамоа – «Барселона» ва «Валенсия» ўртасида ўтади. «Месталья»даги тўқнашув икки жамоа учун ҳам жуда муҳим. Каталония клубини «Реал» таъқиб этиб келмоқда, шу боис Кике Сетьен шогирдларини ғалабадан бошқа натижа қаноатлантирмайди. «Валенсия» эса майдонида ғалабага эриша олса, 7-ўриндан яна кучли бешлик сафига қайтиш имкониятига эга. Аммо, валенсияликларнинг ҳозирги ҳолатига ҳавас қилиб бўлмайди, клуб Испания Суперкубогида «Реал»га мағлуб бўлгач, ҳалигача ўзига келгани йўқ. Альберт Селадес шогирдлари ўтган турда кутилмаганда «Мальорка»га йирик 4:1 ҳисобида мағлуб бўлишди, устига-устак клуб етакчиси Даниэль Парехо ушбу баҳсда майдондан четлатилди. Натижада «Барса»га қарши ўйинда меҳмонлар жароҳат олган Суарессиз тўп суришса, мезбонлар етакчиси Парехо хизматидан фойдалана олмайди. Сетьеннинг Ла Лигадаги дастлабки сафар учрашуви бўлмиш «Месталья»даги ўйин осон ўтмаслиги аниқ. Ҳар ҳолда «Валенсия» сўнгги икки мавсумдан буён мухлислари қаршисида Каталония клубидан очко тортиб олмоқда.

 Валенсиядаги ўзаро сўнгги 5 ўйин:
Валенсия – Барселона – 1:1
Валенсия – Барселона – 1:1
Валенсия – Барселона – 2:3
Валенсия – Барселона – 1:1
Валенсия – Барселона – 0:1

«БАВАРИЯ» – «ШАЛЬКЕ»
Германия Бундеслигаси. 19-тур.
25 январь (шанба)
Ўйин бошланиш вақти: 
22:30
ТВ-трансляция: «Спорт»

Бундеслига 19-тури доирасидаги марказий баҳс Мюнхендаги «Альянц-Арена»да ўтади. Германия чемпионатида 2-ўринда бораётган «Бавария» клуби ўз майдонида азалий рақиби «Шальке»ни қабул қилади. Турнир жадвалида Мюнхен жамоасини уч очколик фарқ билан таъқиб этишда давом этаётган Гельзенкирхен клуби сафардаги ғалаба эвазига очколар ҳисобида етиб олиши мумкин. Аммо ажойиб спорт формасига кириб олган Ханс-Дитер Флик шогирдларини тўхтатиш осон бўлмайди. Бу жамоа ўтган турда «Герта» майдонидан 0:4 ҳисобидаги ғалаба билан қайтгани жамоанинг кучини кўрсатиб турибди. Аммо, «Шальке» ҳам айнан сафар баҳсларида йирик ғалабалар қайд этмоқда. Сўнгги сафар турида ҳам бу жамоа «Гамбург» майдонидан 0:4 ҳисобидаги ғалаба билан қайтганди. Шундай экан, «Альянц-Арена»да шиддатли ўйин кечиши аниқ.

 Мюнхендаги ўзаро сўнгги 5 ўйин:
Бавария – Шальке – 3:1
Бавария – Шальке – 2:1
Бавария – Шальке – 1:1
Бавария – Шальке – 3:0
Бавария – Шальке – 1:1

«РОМА» – «ЛАЦИО»
Италия А Серияси. 21-тур.
26 январь (якшанба)
Ўйин бошланиш вақти:
 22:00
ТВ-трансляция: «Futbol TV» / «UzReportTV»

Италия А Серияси турнир жадвалида ёнма-ён бораётган Римнинг икки клуби «Рома» ва «Лацио» ушбу турда ўзаро тўқнаш келади. «Рим дербиси» дея ном олган баҳс шунчаки ўйин эмас, Колизейдаги жанг мисоли ўтиши аниқ. «Рома» ушбу ўйиндаги ғалаба эвазига орадаги 7 очколик фарқни 4тага етказиш имкониятига эга. «Лацио» ғалаба қозонган тақдирда таъқибчиси ўртасидаги фарқни 10 очкога етказиш билан бирга 2-ўриндаги «Интер»ни қувиб ўтиш имкониятига эга бўлади. Қолаверса, римликлар захирасида яна бир учрашув бор.

Жамоаларнинг сўнгги турлардаги натижасига эътибор қаратсак, «Лацио» ва унинг голеадори Чиро Иммобилени тўхтатиш жуда қийин бўлаётганини кўриш мумкин. Италиялик ҳужумчи А Серияда аллақачон 23та гол уриб, жамоасининг жами голларини тенг ярмига муаллифлик қилган. Амалдаги чемпион «Ювентус»ни мағлуб этган «бургутлар»нинг айнан «бўрилар»га қарши учрашувидаги натижаси, бу жамоанинг скудетто учун курашиши борасидаги режаларини амалда белгилаб берса ажабмас.

 Римдаги ўзаро сўнгги 5 ўйин:
Рома – Лацио – 3:1
Рома – Лацио – 2:1
Рома – Лацио – 1:3
Рома – Лацио – 2:0
Рома – Лацио – 2:2

«НАПОЛИ» – «ЮВЕНТУС»
Италия А Серияси. 21-тур.
26 январь (якшанба)
Ўйин бошланиш вақти:
 00:45
ТВ-трансляция: «Futbol TV» / «UzReportTV»

Италия А Серияси ушбу мавсумида энг кўп пастлаган жамоа «Наполи» бўлди. Ўтган мавсумларда Карло Анчелотти қўл остида пешқадамлар сафида бўлган неаполликлар Анчелотти истеъфосидан кейин ҳам ўзига кела олмаяпти. Гаттузо бошқарувидаги жамоа 10-ўринни эгаллаб турибди. Олдинда эса уларни пешқадам «Юве»га қарши баҳс кутмоқда. Турин клуби «Интер» билан орадаги 4 очколик фарқни сақлаб қолиш учун ҳам ғалабадан бошқа натижани кўзламаслиги аниқ. Сарри шогирдларининг яхши спорт формасида эканлиги, «Наполи» эса аксинча, муаммолардан халос бўлмаётганлигини инобатга олсак, Роналду етакчилигидаги клубнинг устунлигини тахмин қилиш мумкин. Аммо, унутмайликки, бу футбол ва унда ҳар нарса рўй бериши мумкин.

 Туриндаги ўзаро сўнгги 5 ўйин:
Наполи – Ювентус – 1:2
Наполи – Ювентус – 0:1
Наполи – Ювентус – 1:1
Наполи – Ювентус – 2:1
Наполи – Ювентус – 1:3

Усмон Ибодов тайёрлади.

Мавзуга оид