Спорт | 00:30 / 24.02.2019
21563
4 дақиқада ўқилади

Шамиль Исеев нормативлар ва Сервер Жепаровнинг тестдан ўта олмагани ҳақида

Ўтган мавсумдан бошлаб клубларимиз лицензиялаш талабларини бажаришлари учун футболчилардан жисмоний нормативлар қабул қилмоқда. Шу кунларда Сервер Жепаровнинг ЎФА ўтказган тестдан ўта олмагани кўп муҳокама қилинди. Чунки Сервер Ўзбекистондаги энг машҳур футболчилардан бири. Унинг атрофидаги ҳар қандай хабар муҳокама қилинади.

Бу борадаги миш-мишларга ойдинлик киритиш мақсадида ЎФА қошидаги техник ривожлантириш бошқармаси илмий-методик бўлими бошлиғи Шамиль Исеев билан суҳбатлашдик.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Нормативлар бўйича жавобгар Шамиль Исеев барча клублардан нормативни шахсан ўзи қабул қилмоқда. Мутахассисни «Қўқон-1912» жамоасидан норматив қабул қилаётган вақтда учратдик. Футболчилар тестдан ўтиб бўлишгач, Исеев бизнинг саволларимизга жавоб берди. Унинг айтишича, нормативлар қайсидир футболчини тестдан йиқитиш учун эмас, уларнинг жисмоний ҳолатини яхшилаш учун ташкил қилинган:

«Ўзбекистон футбол ассоциацияси ишлаб чиққан регламентда Суперлига ва Про-Лига футболчиларининг жисмоний тайёргарлигини аниқлаш мақсадида махсус нормативлардан ўтишлари керак экани белгиланган. Биз халқаро майдонда яхши иштирок этишимиз учун Европа даражасида демайман, ҳеч бўлмаса Осиё даражасида яхши тайёргарликка эга бўлишимиз керак. Шу сабабдан ўтган мавсумдан бошлаб футболчилардан норматив қабул қиляпмиз.

Футболчилар 5 хил норматив топширишади. Булар: бошланғич тезликни аниқлаш, дистанцион тезликни аниқлаш, узунликка сакраш, 7 марта 50 метрга югуриш ва «Yo-yo» тест. Бундай турдаги нормативлар бутун дунёда ўтказилади. Бироқ улар ҳақида маълумотлар ошкор қилинмайди, чунки бу маълумотлар фақат клубларнинг ўзи учун керак.

Биз бу нормативларни бирдан олиб қўймаймиз. Ҳар бир клубга, мураббийга бу борада протокол берамиз. Унда футболчилар қандай ҳолатларда тестдан ўтгани аниқ кўрсатилган бўлади. Тестлар ўтгач ҳам клубларга ким улардан ўтгани ва ким ўтмагани ҳақида маълумот юборилади.

Тестларни унчалик мураккаб деб ҳам бўлмайди. Футболчилар белгиланган 5 та нормативнинг 2 тасидан ўтса, чемпионатда ўйнаши мумкин бўлади, яъни тестдан ўтган бўлади. 5 та нормативнинг ҳеч бўлмаса 2 тасини топширолмаса, тестдан ўтмаган ҳисобланади. Бироқ бу футболчи учун ҳаммаси тугади дегани эмас. У чемпионатнинг 1-2 та тур ўйинларини ўтказиб юборади ва такрорий тест топшириш имконига эга бўлади. ПФЛ белгилаган муддатда футболчи тестларни қайта топшириши ва керакли натижаларни қайд этиши мумкин.

Сервер Жепаров ёки бошқа футболчиларнинг тестдан ўта олмагани улар чемпионатда қатнаша олмайди дегани эмас. Юқорида айтганимдек, уларга яна имкон берилади. Тестлар ёши катта футболчилар учун қийинлик қилади дейиш ҳам тўғри эмас. Мана, ҳозир кўз ўнгингизда Шаҳбоз Эркинов (32 ёшда) нормативларни яхши топширди. Футболчи жисмонан тайёр бўлса, унда ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Нормативларни иккинчи йил қабул қиляпмиз ва футболчиларда ўсиш бўлаётганини таъкидлашни хоҳлардим. Шу сабаб нормативларга ўзгартириш киритдик ва талабларни бироз кучайтирдик. Масалан, ўтган йили 30 метрга югуришда 4,25 сония минимум натижа қилиб белгиланганди, бу йил ушбу кўрсаткични 4,20 га туширдик. Турган жойидан сакраш учун ўтган йилги вазифа 2,55 метр эди, бу йил 2,65 бўлди. «Yo-yo» тестни ҳам бу йил профессионал даражада қабул қиляпмиз.

Ўтган йили бу борада китоб чиқарганимизни ҳам таъкидлаш керак. «Футболчиларнинг жисмоний тайёргарлиги» деган китобдан 200 дона чиқариб клубларга, ҳудудий футбол ассоциацияларига тарқатдик. Унда футболчилар қандай тест топширишлари, уларга қандай тайёрланиш ва жисмоний ҳолатни яхшилаш учун нима қилишлари кераклиги аниқ кўрсатилган»,- дейди Исеев.