23:18 / 26.02.2019
7887

Божхона: Почта жўнатмасидаги психотроп таблеткалар ва ички кийимдаги героин фош қилинди

Фото: Давлат

Таркибида психотроп моддалар бўлган дори воситаларини жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб киришга тиббиёт муассасаси томонидан берилган, даволаш курсининг тавсия этиладиган сони кўрсатилган ҳужжатлар мавжуд бўлгандагина рухсат берилади. Шунга қарамай, айрим жисмоний шахсларнинг мазкур тартибларга риоя қилмасдан, таркибида психотроп моддалар бўлган дори воситаларини божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтишга уринишлари кўзга ташланмоқда. 

Яқинда Давлат божхона хизмати органлари томонидан ана шундай уринишлар бартараф қилинди. Жумладан, “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари пойтахт аэропортида Деҳлидан учиб келган фуқаро Г.А.нинг қинғир қилмишларини фош қилишди. Ушбу шахс божхона назоратидан “яшил” йўлак орқали ўтаётиб, 100 дона “Клоназепам” таблеткаларини яширин равишда олиб кирмоқчи бўлган вақтида тўхтатиб қолинди. 

Шунингдек, унинг ёнида оғзаки сўровда маълум қилинмаган 190 қути сифати кафолатланмаган дори воситалари ҳамда 177 дона косметика ва гигиеник воситалар борлиги аниқланди. 

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида эса хорижий давлатдан юборилган почта жўнатмаларидан бирида психотроп таблеткалар борлиги аниқланди. Пойтахтда истиқомат қилувчи фуқаро Б.Н. номига юборилган бу жўнатмада божхона декларациясида кўрсатилмаган 100 дона “Бротизолам” таблеткаси юборилган экан. Ваҳоланки, амалдаги қонунчиликка биноан мазкур турдаги таблеткалар муомаласи Ўзбекистон ҳудудида чекланган.

Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Ғишткўприк” чегара-божхона постида эса нафақат психотроп, балки наркотик моддаларни ҳам олиб киришга уринган қўшни давлат фуқароси тўхтатиб қолинди. У ўзи билан олиб кираётган дори воситалари орасида 149 дона “Трамадол” психотроп таблеткалари ҳам бор экан. Бу шахс холислар иштирокида кўздан кечирилганида, ички кийими орасига 1 дона полиэтилен ўрам яширилганлиги аниқланди. Ўрамдаги 24 граммдан ортиқ модда эса экспертлар хулосасига кўра, героин гиёҳванд моддаси бўлиб чиқди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.   

Top