Ўзбекистон | 15:06 / 26.02.2019
4945
4 дақиқада ўқилади

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди 

Фото: Pinterest

Адлия вазирининг буйруғи билан Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларига киритилаётган ўзгартиришлар

68-банд қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“68. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари: ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, саноат сиёсати, иқтисодиётнинг алоҳида соҳалари ва тармоқлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети билан боғлиқ масалалар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан;

ташқи савдо ва инвестициялар билан боғлиқ масалалар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан;

ташқи сиёсий фаолият билан боғлиқ масалалар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан;

Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолияти соҳасига кирувчи масалалар бўйича -  Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан;

фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига тааллуқли масалалар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан;

Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолияти соҳасига кирувчи масалалар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан;

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги фаолияти соҳасига кирувчи масалалар бўйича - Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан;

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги фаолияти соҳасига кирувчи масалалар бўйича-Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги билан;

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолияти соҳасига кирувчи масалалар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан;

адвокатлик фаолияти ва суд ишини юритиш билан боғлиқ масалалар бўйича- Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан;

тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга бевосита ёки билвосита таъсир қиладиган масалалар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалалар бўйича - Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан;

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли масалалар бўйича - Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан келишилиши лозим.”.

115-банд қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“115. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёхуд уни ўз кучини йўқотган деб топиш ушбу ҳужжатни қабул қилган орган томонидан ёхуд бунга ваколатли бошқа орган томонидан ушбу ҳужжат қабул қилинган тартибда амалга оширилади.

Бошқа вазирлик ва идоралар билан қўшма ҳолда қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга шу вазирлик ва идоралар билан қўшма ҳолда ўзгартириш, қўшимчалар киритилади ёки ўз кучини йўқотган деб топилади.

Бир нечта вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишда, киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар келишилган вазирлик ва идоралардан қайси бирининг манфаатларига ёки ваколатларига дахл қилса, ўша вазирлик ва идоралар билан келишилади.

Бошқа вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шу вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда ўз кучини йўқотган деб топилади.

Агар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар уни қабул қилишда иштирок этмаган вазирлик ва идоралар билан келишилиши лозим бўлса, бундай ўзгартириш ва қўшимчалар ушбу вазирлик ва идоралар билан ҳам келишилиши лозим.”.

Мавзуга оид