19:17 / 09.03.2019
265209

Шифокор: кўз касалликлари ичида шундайи борки, агар вақтида даволанмаса, кўзи ожизликка сабаб бўлиши мумкин

Kun.uz «Соғлом ҳаёт» лойиҳаси орқали бугунги кунда кўп учрайдиган касалликлар ҳақида фойдали ва керакли маълумотлар бериб боришда давом этади.

Биламизки, кўз инсоннинг энг муҳим ва керакли аъзоларидан бир ҳисобланади. Кўзларимиз орқали бу ёруғ оламни кўрамиз, асосий маълумотларни оламиз. Лекин афсуски кўз касалликлари ичида шундай касаллик борки агар вақтида аниқланиб даволанмаса, инсоннинг кўзи ожиз бўлиб қолиши мумкин.

Бу кўз касаллиги - глаукома.

Шифокор Азиз Зоҳидов билан айни шу мавзуда суҳбат қурдик.

 Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Глаукома ҳақида қисқача тавсиф

Глаукома – кўзи ожизлик, ногиронликка олиб келувчи оғир, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган кўз касаллиги ҳисобланади. Бугунги кунда дунё бўйича 100 миллиондан ортиқ инсон глаукома билан хасталанган. Шундан 40 миллионга яқини кўзи ожиз беморлардир. Худди шу миқдордаги беморлар ҳали ўзида бу хасталик борлигини билмасдан кўзи ожизлик ривожланиб бораётганлиги маълум. Фақат ўз вақтида аниқлаб тўғри даволанган ҳолда кўзи ожизликнинг олдини олиш мумкин. Шуларни ҳисобга олган ҳолда Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти глаукомани ижтимоий аҳамиятга эга булган муҳим касалликлар руйхатига киритган. Ҳар йили март ойининг иккинчи ҳафтаси дунёда «Жаҳон глаукома ҳафталиги» ташкиллаштирилади. 2019 йил 10 – 16 март кунларида ҳам бутун жаҳон бўйлаб глаукомага қарши тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Республикамизда ҳам 10 йилдан буён бу саналарда глаукомага карши чора тадбирлар, бепул кўриклар, аҳолини тиббий маданиятини ошириш учун мақолалар, бепул акциялар ўтказилади.

Глаукома – кўз ички босими ошиши натижасида кўрув нерви атрофияси ривожланиши ва кўзи ожизликка олиб келиши мумкин бўлган сурункали касаллик. Глуакома касаллиги бошида белгиларсиз кечиб, беморни ҳеч нарса безовта қилмайди. Эрта даврларда уни аниқлаш қийин, кечки даврда, кўрув нерви атрофияси ривожлангандан сўнг бемор кўриши хиралашишини, оғриқни ҳис қилади ва шифокорга мурожаат килади. Глаукома касаллиги эрта аниқланиб, ўз вақтида тўғри даволансагина кўзи ожизликнинг олдини олиш мумкин. Акс ҳолда, глаукома туфайли ривожланган кўрув нерви атрофияси ва кўзи ожизликни ҳозирги кунда даволаш имкони мавжуд эмас.

Глаукомани аниқлаш мушкул, лекин даволаш мумкин ва лозим.

Глаукоманинг қандай белгилари бор?

Глаукома бошида ҳеч қандай белгиларсиз кечади ва бемор кўзидан шикоят қилмайди. Кўз оғриши, кўрув хиралашиши касалликнинг кечки даврларида безовта килади. Одатда беморни бир томонлама тез-тез бош оғриши, кўз олдида вақти-вақти билан туман бўлиши, кўз олдида қора доғлар пайдо бўлиши, ёниб турган лампа олдида камалаксимон ҳалқа бўлиши безовта қилади.

Глаукомани қандай қилиб эрта аниқлаш мумкин?

Глаукомани эрта аниқлаш учун ҳар бир фуқаро шикоятлари бўлмаса ҳам йилига камида бир марта офтальмолог кўригидан ўтиб туриши керак. Ҳар бир фуқаро ўз соғлиги учун масъулият ҳис қилиб, кўз босимини ўлчатиши, кўрув нерви ҳолатини текширтириш лозим. Бугунги кунда Республикамизнинг ҳар бир туман ва шаҳар поликлиникалари кўз босимини ўлчаш ва кўрув нерви ҳолатини контактсиз, оғриқсиз текшириш бўйича замонавий ускуналари билан тўлиқ таъминланган.

Кўз ички босими нормада нечага тенг?

– кўз ички босими нормада 24 мм симоб устунидан паст бўлиши лозим.

Глаукома қандай даволанади?

Глаукома аниқлангандан сўнг биринчи бўлиб дорилар, кўз томчилари ёрдамида даволаниш бошланади. Агар томчилар ёрдамида даволаш самара берса, бемор ушбу дориларни доим томизиб юриши лозим. Агар белгиланган дори самарасиз булса, текшириш натижасида бошқа дорилар тавсия қилинади. Агар ҳеч бир дори таъсир килмаса, бошқа даволаш усуллари тавсия қилинади.

Лазер нури ёрдамида даволаш. Кўз ички суюқлигини димланишига сабаб булган йўллар лазер нури ёрдамида очилиб, кўз босими туширилади. Лазер жарроҳлиги мутлақо оғриқсиз ва хавфсиздир. Глаукоманинг барча турларида ҳам лазер нури самара бермаслиги мумкин.

Жарроҳлик усулида даволаш. Ҳозирги кунда энг самарали усул ҳисобланади. Жарроҳлик усули юқори самарали бўлиши билан бир қаторда маълум ножўя жиҳатлари бўлганлиги туфайли биринчи даволаш усули сифатида қўлланилмайди.

Кўпчилик ҳолларда ўз вақтида дори томизмаслик, кўз шифокори назоратида турмаслик, шифокор тавсияларини тўлиқ бажармаслик бемор кўришини ёмонлашиши ва тикланмас кўзи ожизликка олиб келади.

 Кимлар глаукома билан касалланиши эҳтимоли баланд?

Яқин қариндошларида глаукома бўлган инсонлар, сурункали кўз касалликлари билан касалланган беморлар (миопия, гиперметропия, увеит, кўз жароҳатлари), доимий кўз зўриқиши билан ишловчилар, мигрень, қандли диабет, неврологик касалликлар билан хасталанган шахсларда глаукомага мойиллик бўлади.

Глаукома касаллиги аниқланган беморлар учун махсус тартиб

·        Соғлигингиз тўғри келгунча меҳнат қилишингиз мумкин, фақат асабий ва жисмоний зўриқиш тавсия қилинмайди. 10 кг.дан ортиқ юк кўтариш тавсия қилинмайди;

·        Ишлаётганда ёки ўқиётганда ёруғлик чап томондан тушиши лозим ва етарли ёруғлик бўлиши лозим. Ҳар 15 минутда танаффус қилинг;

·        Энгашиб ишлаш тавсия қилинмайди. Масалан: агар сиз ҳовлида жўякларни тозаламоқчи бўлсангиз, чизмоқчи, тикмоқчи бўлсангиз узоқ вақт энгашмасдан стулчада ўтириб ишлаш тавсия қилинади;

·        Кўз учун машқлар қилиб туриш фойдали;

·        Умумий ҳолатингизга эътибор беринг. Юрак, қон-томир тизими, ўпка касалликлари, қандли диабет, буйрак ва жигар касалликлари кўзингиз ҳолатига салбий таъсир кўрсатади;

·        Телевизор кўриш тақиқланмайди, фақат бошингизни тўғри тутиб, яхши ёритилган хонада кўринг. Чироқни ўчириб, узоқ вақт телевизор кўриш тавсия қилинмайди;

·        Бўйинни қисиб турувчи, тор елкали свитерлар, кийимлар ва галстуклар тақманг;

·        Чекиш мутлақо мумкин эмас! Алкоголь истеъмол қилиш қон-томир системасига ва кўзга ҳам салбий таъсир кўрсатади;

·        Иссиқ ҳаммом тавсия қилинмайди;

·        Узоқ вақт қуёшда қолиш тавсия қилинмайди. Қуёшдан ҳимоя қилувчи кўзойнаклардан фойдаланинг (глаукома учун махсус яшил фильтрли кўзойнаклар мавжуд). Қоронғи хонада ҳам узоқ вақт қолманг;

·        Тунги уйқу ва кечки сайрлар фойдали. Уйқусизлик салбий таъсир кўрсатади. Ётишдан олдин оёғингизга иссиқ ванна қилиш, бир қошиқ асал истеъмол қилиш фойдали;

·        Махсус парҳез талаб қилинмайди. Қўй гўшти, ёғли, аччиқ овқатларни чегараланг. Витаминларга бой озиқларни (сабзавотлар, мевалар, балиқ) кўпроқ истеъмол қилинг;

·        Бирданига кўп суюқлик истеъмол қилманг. Чой ва бошқа кофеинли ичимликлар кўзда қон айланишини яхшилайди. Агар сиз кофе ичишни одат қилган бўлсангиз «Кофе синамаси»дан ўтинг, бунинг учун сизнинг кўз ички босимингиз кофе ичишдан олдин ва 1 соат кейин ўлчаб кўрилади. Агар кўз босими сезиларли даражада кузатилмаса, сизга кофе ичишда чегараланиш йўқ;

·        Шифокор тавсия қилган дориларни ўз вақтида томизинг. Уйингиздан бирор жойга кетмоқчи бўлсангиз ўзингиз билан кўз томизғиларини олиш ёддан чиқмасин;

·        Шифокор кўригига ҳар ойда бориб туринг.

Маълумот ўрнида эслатиб ўтамиз : 2019 йил 10 – 16 март кунлари сиз яшаб турган туман ва шахар поликлиникаларида ва баъзи хусусий шифохоналарда бепул ва тўлиқ офтальмологик кўрикдан ўтишингиз мумкин. Бунда кўз босимингизни ўлчашни ва кўз тубини текшириб, кўрув нерви ҳолатини аниқлашни шифокордан сўрашни унутманг.

Раҳматилло Исроилов тайёрлади

Top