Глаукома – кўзи ожизлик, ногиронликка олиб келувчи оғир, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касаллик ҳисобланади. Бугунги кунда дунё бўйича 100 миллиондан ортиқ инсон глаукома билан хасталанган, шундан 40 миллионга яқини кўзи ожиз беморлардир. Яна шунча беморлар ҳали ўзида бу хасталик борлигини билмасдан, кўзи ожизлик ривожланиб бораётганлиги маълум. Фақат ўз вақтида аниқлаб, тўғри даволанган ҳолда кўзи ожизликнинг олдини олиш мумкин. Шуларни ҳисобга олган ҳолда Жаҳон соғликни сақлаш ташкилоти глаукомани ижтимоий аҳамиятга эга бўлган муҳим касалликлар рўйхатига киритган. Ҳар йили март ойининг иккинчи ҳафтаси дунёда «Жаҳон глаукома ҳафталиги» ташкиллаштирилади.

Бу хавфли касаллик ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида Kun.uz кўз касалликлари шифокори Улуғбек Каримов билан суҳбат қилди.

Глаукома қандай касаллик?

Глаукома – кўз ички босими ошиши натижасида кўрув нерви атрофияси ривожланиши ва кўзи ожизликка олиб келиши мумкин бўлган сурункали касаллик. Глаукома касаллиги бошида белгиларсиз кечиб, дастлаб беморни ҳеч нарса безовта қилмайди. Эрта даврларда уни аниқлаш қийин, кечки даврда, кўрув нерви атрофияси ривожлангандан сўнг бемор кўриши хиралашишини, оғриқни ҳис қилади ва шифокорга мурожаат қилади. Глаукома касаллиги эрта аниқланиб, ўз вақтида тўғри даволансагина кўзи ожизликнинг олдини олиш мумкин. Акс ҳолда, глаукома туфайли ривожланган кўрув нерви атрофияси ва кўзи ожизликни ҳозирги кунда даволаш имкони мавжуд эмас.

Глаукомани тузатиш мушкул, лекин даволаш мумкин ва лозим

Бу касалликнинг кандай белгилари бор?

Глаукоманинг очиқ бурчакли тури бошида ҳеч кандай белгиларсиз кечади ва беморни ҳеч нарса безовта қилмайди, кўз оғриши, кўрув хиралашиши касалликнинг кечки даврларида безовта қилади. Одатда беморни бир томонлама тез-тез бош оғриши, кўз олдида вақти-вақти билан туман бўлиши ва қора доғлар пайдо булиши, ёниб турган лампа олдида камалаксимон халқа бўлиши безовта қилади. Кейинги даврларга бориб беморнинг бош оғриқлари кучаяди ва тезлашади. Касалликнинг охирги даврларига бориб кўрув майдони аввалига бурун томонидан, кейин эса ташқи томондан секин-секин торайиб, бемор найча орқали кўрганда ташқи томонни кўра бошлайди.