Жаҳон | 21:47 / 12.03.2019
6616
2 дақиқада ўқилади

Masdar компанияси Ўзбекистонда қуввати 500 МВтли шамол электростанцияси қурмоқчи

БААнинг Masdar компанияси Ўзбекистонда қуввати 500 МВтли шамол электростанцияси қурмоқчи. Бу ҳақда сешанба куни бўлиб ўтган иқтисодий, савдо ва техник ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-БАА ҳукуматлараро комиссияси йиғилишида маълум бўлди.

«Masdar компаниясининг давлат-хусусий шериклик асосида қуввати 500 МВтли шамол электростанцияси қуриш лойиҳаси Ўзбекистон томонида катта қизиқиш уйғотди», – деди Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Элёр Ғаниев.

Masdar энергетика компанияси ва Ўзбекистон инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ўртасида 2018 йил октябрда Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-БАА бизнес-форуми доирасида қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасини ривожлантиришда ҳамкорлик қилиш бўйича келишув имзоланганди.

Шунингдек, Ғаниев Ўзбекистон БАА Энергетика вазирлигининг Mubadala Utilities компанияси билан ҳамкорликда республикада электростанциялар қуриш ва мавжуд энергетика объектларини хусусийлаштириш бўйича режаларини қўллаб-қувватлашини қайд этди.

Masdar қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида дунё бўйича 20га яқин лойиҳани амалга оширган. Компаниянинг энг йирик лойиҳаси БААда 2030 йилда қуриладиган 5ГВТли қуёш электростанцияси бўлади.

Мавзуга оид