18:21 / 12.03.2019
10437

Ўзбекистонга «Голланд» гулларининг ноқонуний олиб кирилиши фош этилди

Тошкент вилояти «Ғишткўприк» чегара божхона постида 43,7 миллион сўм қийматдаги «голланд» атиргулларини чегарадан ноқонуний олиб ўтишга уринган шахс фош этилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда

«Ўзининг Lacetti, Сhevrolet Lacetti русумли автотранспорт воситаларини бошқариб, Ўзбекистонга кириб келган фуқаролар И.М. ва А.А.нинг автотранспорт воситалари белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди. 

Натижада, мазкур фуқароларнинг йўловчи божхона декларацияларида ёзиб кўрсатмасдан ҳамда оғзаки сўровда маълум қилмасдан, қиймати 43 750 000 сўмлик 875 дона ҳар хил рангдаги «Голландия» навидаги атиргулларини республикамизга олиб кираётгани фош қилинди», — дея маълум қилинади қўмита ахборотида.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Шунингдек, ушбу чегара пост ходимлари томонидан фуқаро Х.М. холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида, йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда айтилмаган, жами оғирлиги 183 грамм бўлган оқ металлдан ясалган, қиймати 5 490 000 сўмлик 46 дона узук, 48 дона кулон, 6 дона занжир ва 1 дона билакузук заргарлик буюмларини қўшни давлатдан яшириб олиб келаётгани аниқланган.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан фуқаролар ўз эҳтиёжлари учун 65 граммгача заргарлик буюмларини олиб киришга рухсат этилади.

Top