Фан-техника | 23:26 / 13.03.2019
5561
1 дақиқада ўқилади

Volkswagen электрокарларини ривожлантириш учун 7 минг ишчидан воз кечишга қарор қилди

Volkswagen яқин беш йилда 7 мингта ишчи ўринни қисқартирмоқчи. Қарор 2016 йилда эълон қилинган режани тўлдиради. Режада компания Германиядаги ходимлари сонини 23 мингга қисқартиришини эълон қилган. Бу эса барча ходимларнинг 19 фоизини ташкил қилади. 

Қисқартиришлар маъмурий лавозимларга тааллуқли бўлади. Компанияга электрокарларни ишлаб чиқиш учун маблағ зарур, шу сабабли у бош офисдан бошлаб фабрикаларгача ишчи жараённи оптималлаштиради. Шунингдек, компания офисдаги жараёнларни автоматлаштириш ва ахборот технологиялари сотиб олишга 4,6 млрд евро ажратади.  

Қисқартиришлар Volkswagen’нинг Германиядаги ходимларининг 6 фоизини ва бутун дунё бўйлаб 1 фоизини ташкил қилади.  Шу билан бир вақтда компания электромобиллар яратишга ихтисослашган 2 минг нафар дастурчи ва муҳандисни ишга олади. 

2018 йилда компаниянинг тадқиқотлар ва ишлаб чиқишга харажатлари 13,6 млрд еврогача етган. Компания ўз автомобилларини 2023 йилгача электрлаштиришга харажатларни 30 млрд еврогача баҳоламоқда.  

Мавзуга оид