Basic Capital «Учқўрғон-ёғ» акцияларининг 31,8 фоизи эгасига айланди
Тошкентнинг Юнусобод туманида рўйхатга олинган Basic Capital «Учқўрғон-ёғ» ёғ-мой комбинати таркибидаги улушини оширди. Бундан «Тошкент» фонд биржаси маълумотлари дарак беряпти, деб ёзади Spot.
Basic Capital компания устав фондига қимматли қоғозларни киритиш йўли билан ўз улушини 20,9%га ошириб, акцияларнинг 31,8%и эгасига айланди. Basic Capital ҳозирда 324 360 дона акцияга эгалик қилади. Келишув 6 март куни амалга оширилди.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ушбу битимгача Basic Capital «Учқўрғон-ёғ» акцияларининг 10,9 фоизига эгалик қилган, асосий эгаси эса «Ўзпахтаёғ» (51,7 фоиз) бўлган.
Бундан олдин, давлат ёғ-мой саноатидан чиқиб кетишга ҳамда ўз улушларини хусусий тадбиркорларга сотишга қарор қилгани маълум бўлганди. Шунга кўра, «Ўзпахтаёғ» компаниядан ассоциацияга айланади, «Учқўрғон-ёғ» эса бутунлай хусусий секторга ўтиши керак бўлган 25та компаниядан бири бўлади.