Саид билан Саида: фильмга кўчган садоқат достони асосли танқид қилинганми?
5 март куни Алишер Навоий номидаги киносаройда режиссёр Нозим Аббосовнинг «Саид билан Саида» фильми томошабинларга тақдим этилганди.

Фильмда Ўзбекистон қаҳрамони, адиб Саид Аҳмад ва шоира Саида Зуннунова ҳаёти ва муҳаббатининг Сталин қатағони давридаги синовлардан ўтиши ҳақида ҳикоя қилинади.
Премьерадан кўп ўтмай, фалсафа фанлари номзоди, журналист Аъло Хўжаев «Новости Узбекистана» сайтида фильм тўғрисида фикрлари билан бўлишади. Муаллиф фильм режиссёрининг постановка маҳоратини юксак баҳолайди, актёрлар танлови муваффақиятли чиққанини яширмайди, бироқ унинг фильм сценарийси тўғрисида фикрлари иккинчи томон эътирозларига сабаб бўлди.
Ушбу мақола турли муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлди. Саид Аҳмад ва Саида Зуннунованинг фарзанди, фильм сценарийси муаллифларидан бири Нодира Ҳусанхўжаева, фильм режиссёри Нозим Аббосов ва журналист Шаҳноза Қурбонбоева танқидий мақолага нисбатан ўз муносабатини билдирди.
Нодира Ҳусанхўжаева ўз раддиясида шундай дейди:
Мен журналист Аъло Хўжаевнинг «Новости Узбекистан»да эълон қилинган «Саид билан Саида» фильмига ёзган тақризини ўқиб чиқдим. Журналист картинанинг ютуқлари ёки камчиликларини таҳлил қилишдан кўра, фильмнинг реал ҳаётдаги прототиплари бўлган таниқли ёзувчи Саид Аҳмад ва шоира Саида Зуннунованинг ҳаёти, ижоди ва шахсияти хақидаги адабий ва тарихий манбаларни шубҳа остига олишни афзал кўрган.
Шу билан бирга, бу икки ижодкорнинг шахсияти ва пок хотирасига нисбатан ҳурматсизлик қилган. Журналист фильмдаги воқеалар икки ижодкорнинг биографиясида бўлмаган, ҳаммаси тўқима, шунинг учун фильм қаҳрамонларининг исмини ўзгартириш лозим эди, дейди. Бутун умр журналистика соҳасида ишлаган Аъло Хўжаев ёзувчи Саид Аҳмаднинг ва Саида Зуннунованинг қатағон йилларидаги ўзаро ёзишмалари, Саида Зуннунованинг кундаликларини ўқимаганми?
Наҳотки Аъло Хўжаев Саид Аҳмаднинг «Офтоб ойим», «Сароб», «Тақдир, тақдир, мунча шафқатсизсан», «Умрим баёни» каби биографик асарларини билмайди?
Муҳтарам Аъло Хўжаев, сиз мақолангизда «фильмдаги қамоқхона ва лагерь ҳаёти ҳаддан зиёд бўрттириб кўрсатилган», дейсиз. Сиз қатағон даврида қамоқхона ва сиёсий маҳбуслар лагеридаги ҳаёт қандай бўлганини қаёқдан биласиз? Ахир у вақтда сиз ёш бола бўлгансиз. Ёзувчи Саид Аҳмад сингари қатағон даврининг машаққатларини ўз бошингиздан кечириб, беш йил умрингизни панжара ортида азобларда ўтказмагансиз. Шуҳрат Аббосов сингари архив ва тарихий манбаларни ўрганиб, бутун дунё тан олган тарихий фильмларни яратмагансиз.
Савол туғилади: Ёзувчининг ҳаёти, ижодидан мутлақо бехабар бўлган, ўзи қатағон йилларининг бутун даҳшат ва азобларини бошидан кечириб кўрмаган журналист бу икки улкан шахснинг ижодини, шахсиятини, улар яшаб ўтган умрни, босган изини ва қолдирган адабий меросини шубҳа остига олишга хақлими?
Фильмда актриса Шодия Тўхтаева ижро этган сталинчи раҳбар аёл образини шоира Зулфия ва Ҳалима Худойбердиевага қиёслаб, Аъло Хўжаев эл ардоғидаги икки атоқли шоиранинг пок хотирасига нисбатан ҳурматсизлик қилган. Шодия Тўхтаева ижро этган образнинг прототипи реал ҳаётдан олинган бўлса-да (Тошкент шахар партия марказкомида аёллар бўлимининг бошлиғи Х. Мухитдинова), барибир бу умумлаштирилган бадиий образдир ва уни бирор тарихий шахсга боғлашнинг ўзи ғирт хато.
Тарихий фильмларда ҳам маълум қадар бадиий тўқима ишлатилади. Айниқса иккинчи, учинчи даражали персонажлар хақида гап кетганда. Лекин кўп йиллар кино соҳасида юқори лавозимларни эгаллаб келган Аъло Хўжаевнинг бундан хабари йўққа ўхшайди. Фильмдаги тўқима персонажларни, масалан, актриса Дилноза Кубаева ижро этган майор аёл образи, старшина Тўғайбей ва бошқа персонажларнинг прототипларини реал ҳаётдан қидириш ва аллакимлар билан солиштириш мумкин эмас! Чунки, «Саид билан Саида» картинаси - БАДИИЙ ФИЛЬМ!
«Старшина Тўғайбей маҳбусларни тириклайин ёқиб юборган»,- деб ёзади Аъло Хўжаев. У старшинани Беларусь ва Украинада қонли жиноятлар содир этган фашистлар билан қиёслайди. Старшина Тўғайбей баракка ўт қўймаган. Бундай эпизод фильмда йўқ. Ёнғин иситиш печидан чиққан. Тўғайбей Сталинград жанги иштирокчиси, фронтда контузия бўлган. Унинг бошида осколкаси бор, шунинг учун у ўзини баъзида идора қилолмайди. Тўғайбейни ўта кетган фашист деб атаб бўлмайди! У ҳам фильмдаги бошқа персонажлар қатори ўша давр қурбони.
Журналист мақолани чоп этишдан олдин ҳеч бўлмаганда фильмнинг муаллифларидан картинага оид маълумотларни сўраб, билиб, тушунмаганини аниқлаб олиши мумкин эди-ку!? Лекин у бундай қилишни лозим топмаган. Нега? Чунки Аъло Хўжаевнинг асл мақсади Саид Аҳмад ва Саида Зуннунованинг порлоқ хотирасига лой чаплаш бўлган.
Аъло Хўжаев сценарий адибларнинг фарзанди Нодира Ҳусанхўжаеванинг хотираларига асосланган деб таъкидлайди. Фильм сценарийси менинг хотираларим асосида ёзилган эмас, чунки мен у даврда ҳали туғилмаган эдим (Ахир қандай қилиб ўзим кўрмаган воқеалар хақида хотиралар ёзишим мумкин?). Сценарийни отамнинг автобиографик ҳикоялари, ота-онамнинг қатағон йилларида бир-бирига ёзган мактублари, онамнинг ўша даврда тутган кундаликлари асосида Шуҳрат Аббосов билан икковимиз ҳамкорликда ёзганмиз.
Аъло Хўжаев мақоласида «Фильмда Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова қахрамон қилиб кўрсатилган. Бу икки адибни қаҳрамонлик супасига кўтариш хато, чунки улар реал ҳаётда унчалик идеал инсонлар бўлмаган», деб сўзларининг исботи сифатида шоир Шукрулло томонга ишора қилади. 97 ёшга чиққан адиб ва шоир Шукрулло домладан «Саид Ахмад ва Саида Зуннунова хақида Аъло Махсумовичга нима деган эдингиз?», деб нуроний устоздан қандай сўраймиз энди? Бу нафақат журналистика этикасига, балки одамийликка ҳам тўғри келмайди-ку?
Фильмга бағишланган кичкинагина тақризда Ян Райнис ва Аспазия, Александр Корнейчук ва Ванда Василевская, Жорж Санд ва Фредерик Шопен, Александр Фадеев ва Ангелина Степанова, Нина Чавчавадзе, Александр Грибоедовнинг номлари тилга олинади. Бу номлар кенг китобхон оммасига таниш эмас. Демак, Аъло Хўжаев билими чуқур, дунёқараши кенг журналист экан, деб ўйлайди содда ўқувчи. Шунча дунёвий илми бор экан, унда нимага ўзбек адабиётининг йирик намояндалари бўлган Саид Аҳмад ва Саида Зуннунованинг биографияси ва ижодидан хабари йўқ? Шундай кўп йиллик тажрибага эга журналист бўлиб туриб-а?!... Хабари бор, жуда яхши хабари бор. Лекин, нимагадир ўзини кўриб кўрмаганга, билиб билмаганга олади.
Тирноқ ичидан кир қидириб, тарих ва адабиётда муносиб из қолдирган улуғ инсонларнинг номини ҳуда-беҳудага ҳурматсизлик билан тилга олиб Аъло Хўжаев нима манфаат топади? Тарихий ҳужжатларни кўриб туриб кўрмаганга олишнинг асл сабаби нима? Мангу абадийликка ўтиб кетган улуғ инсонларнинг руҳини безовта қилиш, гумонларга ва тахминларга асосланган уйдирмаларни тарқатишдан нима мақсад? Билмадим... Билмадим... Бу саволлар Аъло Хўжаевнинг виждонига ҳавола...
Ҳурмат билан Нодира Ҳусанхўжаева».
Нодира Ҳусанхўжаева Kun.uz’га Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова ўртасидаги севги ва садоқат билан битилган синовли йиллардаги ёзишмалар, ҳужжатларни, шунингдек, фотосуратларни ҳавола қилди (ҳужжат ва фотосуратлар материал давомида тақдим этилади):



Аъло Хўжаевнинг «Новости Узбекистана» нашрида эълон қилинган «Икки ижодкор муҳаббатига бағишланади» тақризига «Саид билан Саида» бадиий фильми постановкачи-режиссёри Нозим Аббосов ўз муносабатини шундай билдиради:
«Ҳурматли Аъло Махсумович, мен сизнинг фильмимизга билдирган тақриз-мақолангизни диққат билан ўқиб чиқдим ва бизнинг мураккаб постановкали ишимизни таҳлил қилганингиз учун сиздан жуда миннатдорман. Шу билан бирга, мен сизнинг баъзи иддаоларингизни рад этмоқчиман. Сизнинг мақолангиз фильмимиз қаҳрамонларини, қолаверса, фильмнинг ҳақиқий прототипларини шубҳа остида қолдиради. Шунингдек, Ўзбекистон адабиётининг буюк намояндалари ва ватанимизнинг асл қаҳрамонлари – ёзувчи Саид Аҳмад ва унинг аёли шоира Саида Зуннунова ҳақида бутунлай ноҳақ фикрларни келтириб чиқаради.
Ушбу фильм устида иш бошларканмиз, биз, фильм муаллифлари – отам Шуҳрат Аббосов, Саид Аҳмаднинг қизи Нодира Ҳусанхўжаева ва мен Сталин қатағонининг даҳшатли суронлари ёшгина оиланинг, икки севишганнинг ҳаётини тўсатдан қандай остин-устун қилиб юборганини тўлақонли ва холис кўрсатишни мақсад қилганмиз. Биз картинада ҳеч кимни улуғлашни истамаганмиз, чунки бундай кўргилик совет иттифоқининг бошқа миллионлаб оилаларини ҳам четлаб ўтмаган. Ўйлайманки, Шуҳрат Аббосовга нисбатан ҳурмат ва отамнинг ҳаётий тамойиллари бу оиланинг қайғули қисматини қандайдир ёлғон талқинда ифода этишга изн бермаган бўларди менга. Ишни бошларканмиз, аввало, тарихий ва архив ҳужжатларини чуқур ўрганиб чиқдик. Биз нафақат Саид Аҳмаднинг шахсий архиви, балки Ҳарбий архивнинг шифрланган ҳужжатларини ўргандик, Ўзбекистондаги икки музей – ИИВ ва Интернлаштирилган япон ҳарбий асирлари музейи мутахассисларини ҳам жараёнга жалб этдик (директор Жалил Султонов). Падари бузрукворим тарихнинг бу даврида ўзи яшаган, шунинг учун жуда яхши билган ва унинг билимлари даврни, ўша давр одамларининг табиати, уларнинг орзу-умидларини фильмда ҳаққоний тасвирлашда пойдевор бўлиб хизмат қилган. Ўша машъум йилларда халқимиз озмунча азоб ва синовларни бошидан ўтказмаган. Аъло Махсумович, сиз отамни – дўстингиз ва ҳамкасбингиз Шуҳрат Аббосовни яхши танигансиз. Сизнинг мақолангиз уни масъулиятсизлик ва алдоқчиликда айблаши мумкинлигини биласизми? Ўйлайманки, сиз буни хоҳламагансиз, бироқ мақолангизда барчаси айнан шундай ифода касб этмоқда. Шуҳрат Аббосов - Саид Аҳмад ва Саида Зуннунованинг яқин дўсти бўлган. Улар биргаликда гўзал «Муҳаббат можароси» бадиий фильмини яратишган, бир-бирларини ҳақиқатпарварлиги ва адолатга муҳаббати учун чуқур ҳурмат қилишган.
Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова қисматидаги бу қора, қайғули давр ҳақида кўп гапириш мумкин. Бироқ мен ўйлайманки, барча ноҳақ иддаолар ва чиркин миш-мишларни фактларга тўла ҳужжатлар – суд, коммунистик мажлисларнинг протоколлари яксон қилади. Ушбу ҳужжатларни сохталаштириш мумкин эмас ва улар бу мард оиланинг асл ўтмиши хақида гувоҳлик қилади. Ҳар бир чинакам инсон, ҳар бир фуқаро ўз юртининг Саид Аҳмад ва Саида Зуннуновадек буюк инсонларини ҳимоя қилиши шарт. Бундай инсонлар – Ўзбекистоннинг ғурури ва шу ўлканинг маънавий бойлигидир. Сизнинг «ёзувчи Саид Аҳмад Сталин томонидан сийланган» деган иборангиз нимаси, ахир у айнан Сталинни деб умрининг беш йилини қамоқда ўтказган-ку!?

Сиз фильм Саид Аҳмаднинг қизи хотиралари асосида яратилганини ёзгансиз. Биз фильмнинг бошланишида картина Саид Аҳмаднинг биографик ҳикоялари, ўша йилларда Саида Зуннунова ёзган кундаликлари ҳамда қатағон даврида икки севишган бир-бирларига битган хатлари асосида олинганини титрларда аниқ-тиниқ кўрсатиб қўйганмиз. Сиз мақолангизда негадир халқ шоираси Зулфияга урғу бергансиз.

Аслида бу фанатик коммунист аёлнинг образи – асло шоира Зулфиянинг образи эмас. Қандай қилиб хаёлингизга бу фикр келганига ҳайронман. Бу Ҳалима Муҳитдинова, МКнинг хотин-қизлар масалалари бўйича мудираси. Бу ҳақиқий тарихий шахс. Айнан шу аёл Зуннуновани корейс мактабига ишга жойлаштирган.
Фильмдаги майор аёл эса Саидага меҳр ва ҳамдардлик кўрсатган ўзбек аёлининг ўйлаб топилган бадиий образидир. У аёллар қамоқхонаси ёки назорат-тафтиш идорасининг бошлиғи ҳам бўлиши мумкин. Бунинг ҳеч қандай тушунарсиз жойи йўқ. Гўзал аёл қайда бўлмасин, ҳатто Жезқозғон даштларида ҳам ишлаши мумкин. Саид Аҳмад Жезқозғондаги сиёсий маҳбуслар халқаро лагерида япон ҳарбий асирлари билан бирга ўз муддатини ўтаган.




Бу факт. Уларнинг бараклари алоҳида бўлган ва лагернинг қарама-қарши томонида жойлашган, холос. Бу сиёсий маҳбуслар зоналари Халқаро Қизил Хоч ва Яримой ташкилоти назорати остида бўлган. Японларни ўз тарихий ватани – Японияга жўнатишдан олдин уларни коминтернчилар каби қайта тарбиялашган. Буларнинг бари Ҳарбий архивдан. Мазкур ҳужжатларда маҳбуслар қанча маош олгани, уларни қандай боқишгани ва уларнинг яшаш шароитлари қандай бўлгани – бари-бари ҳақида маълумотлар келтирилган. Буларнинг бари – асл ҳужжатлар! Ҳеч қандай уйдирмага ўрин йўқ!
Энди, сержант Тўғайбей шахсига тўхталсак. Бу ўйлаб топилган персонаж – ўзига хос бир сталинчи фанат образи. Унинг бошида темир парчаси қолиб кетган, у фронтдан қайтган ногирон, шу сабабли баъзан ўзидан кетади, муроса қилмайди. У ҳам уруш қурбони. Фильмда Тўғайбей барак ва одамларни ёқиб юборгани кўрсатилмаган, диққат билан томоша қилиш керак эди фильмни. Тўғайбей ёнғиндан сўнг куйган бош ва оёқлар сони тўғри чиқиши унинг учун муҳимлигини, маҳбуслар тирик ёки ўлик бўлиши унга аҳамиятсизлигини айтган. Ёнғин маҳбусларнинг нам ички кийимлари қуритиладиган печкадан келиб чиқади. Бундай ёнғинлар ҳаётда кам бўлади деб ўйлайсизми? Кремль ҳам, Қатортол ҳам ёнган, кўнгилочар клублар-у, бар, рақс майдончалари ҳам ёнаверади. Одатда фалокатларда калитбонлар, қоровуллар, қўриқчиларни айблашади.
Биз учун фильмда даҳшатли ёнғин Сталин даврининг зулми ва шафқатсизлигининг бадиий тасвири сифатида зарур эди. Биз қуруқ схоластик архив ҳужжатли фильмини эмас, бадиий фильм яратдик. Сизга ҳурмат сақлаган ҳолда айтаманки, қадрли Аъло Махсумович (сизга ҳурматим- ҳақиқат) – бизнинг бадиий фильмимиздан кўра сизнинг мақолангизда уйдирмалар кўпроқ. Мен фильмдаги ва реал ҳаётдаги қаҳрамонларимни ҳимоя қилишни ўз бурчим деб биламан. Юқорида келтирган барча фикрларимга илова сифатида ҳужжатларнинг бир қисмини жўнатаман. Шубҳаланманг – булар асл ҳужжатлар.
Қадрли Аъло Махсумович. Сизнинг менга, оиламга, отам – яқин дўстингиз ва ҳамкасбингиз хотирасига нисбатан муносабатингиз қандайлигини жуда яхши биламан. Ўртамизда жиддий тушунмовчиликлар бўлиши мумкин эмас. Сиз биз учун доим қадрлисиз. Биз учун ниҳоятда оғир меҳнат эвазига тушган, отам, оиламиз дўстлари Саид Аҳмад ва Саида Зуннунованинг хотираси жо бўлган ушбу фильмга нисбатан сиз тутган позиция билан мен ҳеч қачон муроса қила олмайман.
Биз бу кенг масштабли ишни, олдимизга қўйилган вазифанинг барча жиҳатларига максимал даражада тайёрланган ҳолда бажардик. Бизнинг виждонимиз тоза ва фильмимизни ҳар қандай босқичда шараф билан тақдим эта оламиз деб ҳисоблайман.
Бундай мавзу доимо кескин ва фавқулодда қарама-қарши қарорлар марказида бўлади. Бир кескин фикр билан тарихнинг чигалликларга тўла даври хақида бир томонлама қарор чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳамма фикр билдириш ҳуқуқига эга, шу жумладан, мен ҳам ўз фикримга содиқ қоламан ва қаҳрамонларим, уларнинг прототипларини ҳимоя қилишни бурчим деб биламан.
Улар менга ниҳоятда яқин инсонлар, мен бу фильмга, замонимизнинг асл ватанпарварлари, қаҳрамонлари бўлган ушбу икки улкан адибнинг ҳаёт ҳақиқатига бор ишончимни жо этганман.
Аъло Максумович, орамизда қизишишга ҳеч қандай ўрин йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас, биз ўз позиция ва иқрорларимизда собит турдик, холос. Бу табиий. Фурсатдан фойдаланиб, апрель ойининг бошларида (сизга аниқ санани алоҳида ўзим айтаман) Шуҳрат Аббосовнинг бир йиллик хотира маросими ҳақида хабар бермоқчиман. Аминман, сиз мана шу хайрли маросимга ташриф буюрасиз ва биз билан бирга отамнинг хотирасини ёд этасиз. Тез кунда кўришгунча, Аъло Махсумович, бағримга босиб қоламан, ўзингизни асранг. Ҳурмат билан Нозим Аббосов».
Журналист ва санъатшунос Шаҳноза Қурбонбоева Саид Аҳмаднинг Жезқозғондаги қамоқхонада кечирган кунлари, турмуш ўртоғи қамоқдалик пайтида Саида Зуннунованинг шеърлари чоп этилмаганининг шубҳа остига олиниши ва адибнинг раҳбарлар томонидан «эркалатиб юборилиши» тўғрисидаги иддаоларга нисбатан шундай муносабат билдиради:
«Аъло Хўжаевнинг «Новости Узбекистана»да чоп этилган «Посвящается любви двух творцов» сарлавҳали мақоласини ўқиб чиқдим. Мақолада яқинда суратга олинган «Саид билан Саида» бадиий фильми ҳақида фикр юритилади. Унда муаллиф «Фильмдаги воқеалар тўқима, реал ҳаётдан узоқ, тарихий фильмни суратга олишда, айниқса фактлар билан ишлашда эҳтиёт бўлиш керак», деган фикрларни билдиради.
Аъло Хўжаев ўз мақоласида ёзувчи Саид Аҳмадни Жезқозғондаги лагерда япон маҳбуслари билан бирга жазо муддатини ўтаганини шубҳа остига олган. Ваҳоланки, япон ҳарбий асирлари Жезқозғондаги сиёсий маҳбуслар лагерида сақлангани ҳақида кўплаб архив материаллари мавжуд.
Саид Аҳмад ўзининг «Офтоб ойим» ҳикоясида Жезқозғондаги япон маҳбуслари билан боғлиқ хотираларини ёзиб қолдирган. Бу асар XX аср ҳикоялари антологиясига киритилган ва катта ададда нашр қилинган. Бу ҳикоя «Халқ сўзи» газетасида чоп этилганда ўша йиллардаги Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Кёко Накаяма матбуотда муаллифга ўзининг чуқур миннатдорчилигини изҳор қилган.
Саид Аҳмаднинг туҳмат билан қамалиб, не-не қора кунларни бошидан кечиргани, унинг умр йулдоши шоира Саида Зуннунова қандай азобларга ва хўрликларга дучор бўлганини нафақат адабиёт аҳли, балки Саид Аҳмаднинг ижодига қизиққан барча китобхонлар яхши билишади.
Аъло Махсумович, сиз мақолангизда Саида Зуннуновани «халқ душманининг рафиқаси» деб асарлари матбуотда чоп этилмаганини шубҳа остига олгансиз. Саида Зуннунованинг ўша даврдаги ҳаётини ҳатто «ҳавас қиларли тақдир» деб атайсиз. Уюшмадан қувилиш, мутлақо ишсиз қолиш, тунлари студентлар учун конспект кўчириб, шунинг пулига рўзғор тебратиш, ҳатто трамвайга сариқ чақа тополмай университетга пиёда бориш, қиш мавсумида йиртиқ калишда ўқишга қатнаб оёқларини совуққа олдириш ва ниҳоят оғир дардга чалиниш.
Наҳотки, шуларнинг барчасини «ҳавас қилса арзигулик тақдир» деб аташ мумкин? Имоним комил, бундай «бахтли» тақдирни сиз ўз қизингизга сира раво кўрмаган бўлардингиз!
Сиз мақолангизда Саида Зуннунованинг бир қанча китобларини санаб, қатағон йилларида шоиранинг асарлари нашр этилмагани ёлғон, дейсиз. «Озод Шарқ қизининг қўшиқлари» шеърий тўплами 1950 йил бошида, яъни Саид Аҳмад ҳибсга олингунга қадар чоп этилган. Ёзувчи туҳмат билан қамалганидан кейин Саида Зуннунованинг 3000 нусхада босилган ушбу китоби сотувга чиқарилмай, нашриёт омборхонасида қолиб кетган. Бу маълумотни тасдиқловчи ҳужжатлар бор.


Саида Зуннунованинг бу ҳақида Ўзбекистон Совет Ёзувчилари Президиумига ёзган аризаси сақланиб қолган. 1953 йилда Сталин оламдан ўтгач, Хрушчёв даврида мамлакатдаги сиёсий вазият бирмунча юмшагандан сўнг, «халқ душмани» деб тамға босилганларнинг иши қайта кўрилиб чиқилади. Ана шу даврда, яъни 1954 йилда Саида Зуннунованинг «Гуллар водийси» номли ягона олтмиш икки бетдан иборат шеърий тўплами чоп этилади. Мақолангизда санаб ўтилган Саида Зуннунованинг қолган асарлари 1955 йилдан кейин, яъни турмуш ўртоғи оқланганидан кейин нашр этилган китоблардир.
Мақолангизда Сталиндан бошлаб Ислом Каримовгача бўлган раҳбарлар Саид Аҳмадни ёзувчи сифатида «эркалатиб» келишган деган фикр олға сурилган. Муҳтарам Аъло Махсумович, айбсиз бир адиб бутун бир эл олдида «халқ душмани» деб ноҳақ жазоланишини ва Жезқозғондаги мис конига беш йилга бадарға қилинишини қандай қилиб «эркалатиш» деб аташингиз мумкин?
Одатда «эрка ёзувчи» дейилганда, давлат раҳбарларининг атрофида гирдикапалак бўлиб, шуҳрат ва унвонларга осонликча эришган иқтидорсиз шоир ва ёзувчилар назарда тутилади. Саид Аҳмад эса ўзининг истеъдоди, ўткир қалами, тинимсиз меҳнатининг меваси бўлган мукаммал асарлари билан халқнинг ва давлатнинг эътирофига эришган. Советлар даврида ёзувчининг «Дружба народов» ордени билан мукофотланиши, Ислом Каримов даврида «Буюк хизматлари учун» ва «Дўстлик» ордени билан тақдирланиши, халқ ёзувчиси ва Ўзбекистон қаҳрамони унвонига сазовор бўлиши - бу адибнинг матонати, ўз ватанига чексиз муҳаббати, тинимсиз меҳнати ва талантига берилган юксак баҳодир. Буни «эркалатиш» деб атамоқ - мутлақо нотўғри!
Киночиларимиз шунча узоқ муддатдан сўнг жиддий тарихий фильмларни суратга олаётганига биз хурсанд бўлишимиз керак. Ҳам ўзининг ибратли ҳаёти, ҳам асарлари билан бизга намуна бўлган бу икки буюк шахс ҳақида фильм халқимизга жуда керак. Айниқса, ҳозирги кунда ёшларимизнинг тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган бундай фильмлар ниҳоятда зарурдир.
Ҳурматли Аъло Махсумович, сизнинг гумонларга ва миш-мишларга асосланган, шахсий субъектив муносабатингиз таъсирида ёзилган мақолангизни ўқиб, очиғи, индамай кетаверишга виждоним йўл қўймади. Агар билдирган фикрларим сизга малол келган болса, сиздан узр сўрайман».
Мақола сўнгида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова оиласи ҳақидаги хотирасини бўлишишни жоиз деб топдик:
Саида Зуннунова гўзал ва дардли шеърлар ёзган шоира эди. Саида Зуннунова теран мантиқли ҳикоялар ёзган адиба эди. Саида Зуннунова – вафодор аёл, пўлат иродали инсон эди…
Устозим Саид Аҳмад аканинг хонадонида кўп бўлганман. Саида опанинг дастурхонидан туз ичганман. Бир қанча асарларим қўлёзмасини Саид Аҳмад ака билан бирга Cаида опа ҳам ўқиган. Самимий, жўяли маслаҳатлар берган…
Бир сафар Саид Аҳмад ака билан Водилга бордик. Устоз ўзининг «теша тегмаган» хушчақчақ гурунги билан даврани обод қилиб ўтирди. Иттифоқо, бир киши Саида опанинг ҳаётдан эрта кетгани ҳақида ўкиниб гапириб қолди. Саид Аҳмад ака индамай ўрнидан турди-да, сигаретининг учини эзғилаган кўйи нари кетди. Анчагача устоздан дарак бўлмагач, кўнглимга ғулғула тушди. Излаб борсам, сой бўйидаги каттакон ҳарсангтош устида сигарет чекиб ўтирган экан.
Сувнинг шовуллашидан келганимни эшитмадими, қайрилиб қарамади. Яқин бориб қарасам, ботиб кетаётган қуёшга тикилиб ўтирибди. Икки кўзи жиққа ёш! Қўрқиб кетдим. «Унақа қилманг, устоз» деб елкасига кафтимни қўйган эдим, чуқур хўрсинди. «Болам, бу дунёга нуқул азоб чекиш учун келган эканман»,- деди-да юзини кафти билан тўсиб олди…
Шу кеча бошига тушган савдоларни бирма-бир айтиб берди. Умрининг энг бахтли онлари ҳам бахтсизлик билан қоришиб кетганини айтди. Саида опага уйланган куни Тошкентда тўй бўлган, Андижонда — аза! Ўша оқшом Саида опанинг укаси тўсатдан вафот этиб қолган… Ёш келин-куёв бир-бирининг дийдорига тўймай туриб, 1950 йил баҳорида кўчада кетаётган ёш ёзувчини икки сўхтаси совуқ икки қўлидан ушлаб, машинага тиққан-у, «ҳе йўқ — бе йўқ» «халқ душманисан», деб ўн бир ой «одиночка»га ўтқазиб қўйган. Гуноҳи нималигини билмаган одамнинг, айниқса кўнгли қоғоздек оппоқ ижодкорнинг салкам бир йил қоронғи камерада бир ўзи ўтиришини тасаввур қилинг!
Kun.uz таҳририяти журналист Аъло Хўжаевнинг «Икки ижодкор муҳаббатига бағишланади» («Посвящается любви двух творцов») тақризига нисбатан раддиялар тарихий фактлар ва архив ҳужжатларига асосланиб, ҳар томонлама пухта ёндашиб ёзилгани сабабли уни ўқувчининг эътибори ва холислик тарозисига ҳавола этишни зарур деб билди.
Мирзаёр Эркинов
Тавсия этамиз
ЖЧ-2026 саралаши: Эронга қарши ўйин олдидан
Спорт | 15:16
Киевга яна зарба берилди. Қурбонлар бор
Жаҳон | 13:57 / 23.03.2025
Янги “иномарка”лар савдоси 2 баробардан кўпроққа камайиб кетди
Иқтисодиёт | 10:04 / 23.03.2025
Яна учта муҳим ўйин. Ўзбекистонга мундиалга чиқиш учун қандай натижалар керак?
Спорт | 17:29 / 22.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Лукашенко еттинчи марта Беларус президенти бўлди
Жаҳон | 17:25
-
Кўзга оҳак ёки ёт жисм кирганда нима қилиш керак? Мутахассис жавоб берди
Жамият | 16:55
-
Хавер Милей холокостдан кейин Аргентинадан бошпана топган нацистларга оид ҳужжатларни махфийликдан чиқаришни буюрди
Жаҳон | 16:53
-
Тез юришга рағбат ёхуд яна 10 km/h «погрешность» ҳақида
Ўзбекистон | 16:46