Ўзбекистон | 11:39 / 21.03.2019
49049
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон дунёдаги энг бахтли давлатлар рейтингида нечанчи ўринни эгаллади?

Фото: Сергей Урунбаев

Ўзбекистон дунёдаги энг бахтли давлатлар рейтингида 41-ўринни эгаллади. Бу ҳақди БМТ буюртмаси асосида тайёрланган World Happiness Report 2019 (Дунёдаги бахт тўғрисида ҳисобот)да айтилади.

БМТнинг барқарор ривожланишни таъминлаш усуллари бўйича тармоғи дунёдаги энг бахтли давлатлар бўйича ҳисобот ва рейтингни эълон қилди.

Жами 156 мамлакат рейтингга киритилди. Иқтисодиёт, психология, статистика ва бошқа илмий йўналишдаги соҳа мутахассислари уни тузишда иштирок этишди.

Экспертлар баҳолаш мезонлари сифатида олти омилни танлаб олишди: аҳоли жон бошига тўғри келадиган ҳақиқий ЯИМ, соғлом ҳаёт давомийлиги, яқин атрофдаги бирор кишига суяниш имкони, ҳаётий қарорларни қабул қилишда эркинликнинг субъектив даражаси, коррупциядан ҳимояланганлик ва сахийлик.

Ҳисобот маълумотларига кўра, Ўзбекистон 6,174 индекс билан собиқ СССР ҳудудидаги энг бахтли мамлакат сифатида тан олинди. Таъкидлаб ўтиш жоизки, ўтган йили Ўзбекистон ушбу рейтингда 44-ўринни эгаллаган.

Рейтингнинг юқори ўринларидан Финляндия (1-ўрин), Дания (2), Норвегия (3), Исландия (4) ва Нидерландия (5) жой олди. АҚШ рейтингда 19-ўринни, Буюк Британия эса 15-ўринни эгаллади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид