Ўзбекистон | 18:20 / 25.03.2019
46498
4 дақиқада ўқилади

Мирзиёевнинг БААга ташрифи доирасида 10 млрд доллардан ортиқ ҳажмдаги келишувларга эришилди

Абу-Даби шаҳридаги «Қаср ал-Ватан» саройида БАА раҳбари шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида учрашув ва кенгайтирилган таркибдаги музокаралар бўлиб ўтди.

Унда томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди. 

«Бирлашган Араб Амирликлари тарихан қисқа даврда – эллик йилда саҳро қўйнида мўъжиза яратиб, иқтисодиёт, инновация, савдо, молия ва туризм бўйича дунё марказларидан бирига айланганини, Ўзбекистон шу соҳаларда ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашишдан манфаатдор эканини қайд этди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва давлатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди. 

Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йил 25 октябрда ўрнатилган. Яқинда икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Араб Амирликларидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси тайинланди. 

Ўзбекистонда БАА инвестициялари иштирокида 107та корхона фаолият юритиб келмоқда. Ушбу мамлакат фирма ва компанияларининг 28та ваколатхонаси очилган. Улар асосан тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, мева консервалари, полиграфия, улгуржи савдо, умумий овқатланиш тармоқлари, хизмат кўрсатиш йўналишларида иш олиб бормоқда.

2018 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми қарийб 400 миллион долларни ташкил этган. 

Давлат раҳбари бу кўрсаткич аввалги йилларга нисбатан ўсгани, лекин томонларнинг салоҳиятини ҳисобга олганда, етарли даражада эмаслигини таъкидлаган. Шу боис музокараларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион, банк-молия, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги амалий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилган.

Жорий йил 12 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-БАА ҳукуматлараро комиссиясининг учинчи йиғилиши натижалари ижобий баҳоланди. Ҳукуматлараро комиссия олдига яқин йилларда ўзаро савдо айланмаси ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш, бунинг учун товар етказиб беришни кўпайтириш, хомашёни қайта ишлаш ва қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш вазифаси қўйилган. 

Икки мамлакат ўртасида туризм соҳасида ҳам улкан салоҳият бор. Амирликлар аҳолиси буюк алломаларимиз мақбараларини зиёрат қилиш, табиатимиз манзараларидан баҳра олишга орзуманд. Ўтган йили БААдан Ўзбекистонга келган саёҳатчилар сони 1,5 баробар ўсган.

Президентимизнинг яқинда имзоланган фармонига мувофиқ, юртимизда Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун визасиз режим белгиланди. Бу Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида нафақат туризмни ривожлантириш, балки савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорликни янада фаоллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Кенгайтирилган таркибдаги музокаралардан сўнг икки томонлама имзоланган ҳужжатларни алмашиш маросими бўлди. 

Ўзбекистон Республикаси ва БАА ўртасида Қўшма баёнот қабул қилинди. Инвестициялар, молия, муқобил энергетика, саноат ва инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, божхона маъмуриятчилиги, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик бўйича имзоланган ҳужжатлар алмашилди. Умуман, ташриф доирасида умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишувларга эришилгани маълум қилинди.

Шундан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев ва Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Самимий мулоқот чоғида сиёсат, инвестиция, хавфсизлик соҳалари юзасидан фикр алмашилди. Савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, энергетика ва инфратузилма йўналишида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, фан-технология ва таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди. 

Учрашувда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Мавзуга оид