07:51 / 25.03.2019
6577

Халқ таълими вазирлиги: вазирлик дарсликларда камчиликлар борлигини ҳеч қачон яширмаган

Фото: Depositphotos

Халқ таълими вазирлиги «Adolat» газетасининг 2019 йил, 15 март, 11-сонида чоп этилган «Журналист ёлғон гапирди…(ми)?» мақоласи юзасидан изоҳ билан чиқди

“Халқ таълими вазирлиги дарсликларда камчиликлар борлигини ҳеч қачон яширмаган ва уларни бартараф этиш устида иш олиб бормоқда. Жорий йилнинг 13 март куни кенг жамоатчиликни ушбу жараёнга жалб этиш мақсадида “Дарсликларни биргаликда такомиллаштирайлик” мавзусида танлов эълон қилинди”, - дейилади вазирлик хабарида.

Қайд этилишича, муаллиф ўз мақоласида 7-синфлар учун мўлжалланган “Ўзбекистон тарихи” ва “История Узбекистана” дарсликларида Абу Наср Форобий туғилган  ва вафот этган йилларида хатоликларни кўрсатган. 

Шу билан бирга, муаллиф “Ўзбекистон тарихи” китобининг 2017 йилда чиққан нашри ва “История Узбекистана” дарслигининг 2013 йилда чоп этилган, ҳозирда амалда фойдаланилмайдиган нашрларини солиштирган.

Ижара асосида фойдаланиладиган дарсликларининг даврийлигига кўра, дарсликлар ҳар 4 йилда қайта нашр этилади. 2013 йилда чоп этилган “История Узбекистана” 2017 йилда қайта чоп этилган ҳамда бу хатолик тўғриланган.

Ҳозирда  Вазирликнинг eduportal.uz порталида 7-синф учун “История Узбекистана” дарслигининг электрон шакли 2017 йилги нашри бўлиб,  янгиланган ҳолда чоп этилган, дейилади вазирлик изоҳида.

Бундан олдин, Халқ таълими вазирлиги Сарвар Отамуродовнинг танқидига жавоб қайтарганди.

Top