Спорт | 14:40 / 27.03.2019
10777
5 дақиқада ўқилади

Евро-2020 саралаши ҳақида нималарни биламиз?

21-27 март кунлари Европада қитъа чемпионати учун саралаш босқичининг дастлабки 2 тур ўйинлари ўтказилди. Бу сафарги турнир, хусусан саралаш ўйинлари ҳам бироз фарқли бўлиб ўтаётгани туфайли, аксарият мухлисларда тушунмовчиликлар юзага келган бўлиши табиий. Шунингдек, Миллатлар Лигаси деб номланган янги турнир ташкил этилгани ва бу мусобақанинг ҳам қитъа чемпионати саралашига таъсири борлиги кўпчиликни чалкаштирди.

Шунинг учун Евро-2020 саралаши ва ушбу мусобақага Миллатлар Лигаси орқали чиқиш йўллари ҳақида тушунча бериб ўтишни лозим топдик.

Аввало, шуни таъкидлаш керакки, 21 март куни бошланган ва дастлабки 2 тури ниҳоясига етган саралаш баҳсларининг олдингилардан кескин фарқи йўқ. Фақатгина, саралаш ўйинлари одатдагидек, кузда эмас, етти ой кечроқ, баҳорда бошланганини эътироф этиш мумкин.

Бошқа томондан ҳаммаси тушунарли, 10 гуруҳга бўлинган жамоалар 20 йўлланма учун давравий тизимда кураш олиб боришади. Ҳар бир гуруҳда дастлабки 2 ўринни эгаллаган терма жамоа тўғридан-тўғри қитъа чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.

Европа чемпионатида 24 жамоа иштирок этиши кўзда тутилган. Хўш, 20 терма жамоанинг қандай аниқланиши тушунарли, хўш, қолган 4 йўлланма қандай тарзда ўз эгасини топади?

Аввалги форматда, мана шу гуруҳларда кейинги ўринларни эгаллаган терма жамоалар плей-оффда тўқнаш келиб, 4 йўлланма эгаси аниқланарди. Бу сафарги ўзгариш шундаки, энди мана шундай плей-офф саралаш гуруҳларидаги 3-ўрин соҳиблари ўртасида эмас, Миллатлар Лигасидаги ғолиблар ўртасида бўлиб ўтади.

Шу ўринда Миллатлар Лигаси ҳақида ҳам қисқача эслатиб ўтамиз. Бу турнирда Европадаги терма жамоалар 4 (А, В, С ва D) лигаларга бўлинганди. А лигада энг кучли терма жамоалар, В лигада рейтинг бўйича кейинги терма жамоалар ва ҳоказо тарзда лигалар ажратилганди. Ҳар бир лигада 4тадан гуруҳ бўлиб, 2018 йилнинг кузида ҳар бир гуруҳда ғолиблар аниқланган.

Демак, бир йилдан сўнг, 2020 йилнинг март ойида Миллатлар Лигаси ғолиблари, яъни, ҳар бир гуруҳда 1-ўринни олган жами 16 жамоа иштирокида плей-офф ўйинлари бўлиб ўтади. Масалан, А Лигасидаги 4 гуруҳда ғолиб бўлган 4 жамоа ярим финал ва финал шаклида плей-офф ўйинлари ўтказишади. Ўйинлар уйда ва сафарда тизимида бўлиб ўтади. 4 жамоа иштирокидаги мана шу мини турнирда ғолиб чиққан терма жамоа Евро-2020’га йўлланмани қўлга киритади. Худди шу шаклда, В, С ва D Лигаларидаги гуруҳ ғолиблари ўртасидаги плей-оффлар яна уч иштирокчини аниқлаб беради.

Бу ерда яна бир жиҳат бор. Масалан, Миллатлар Лигасига гуруҳ ғолиби бўлган терма жамоа оддий саралаш гуруҳидаги ўйинлар орқали Европа чемпионатига йўлланмани қўлга киритиб бўлиши мумкин. У ҳолда, плей-оффда унинг ўрнига шу Лигадаги кейинги терма жамоа плей-офф иштирокчисига айланади. Агар масалан, А лигадаги жамоаларнинг ҳаммаси Евро саралашини муваффақиятли якунлашган бўлиб, плей-оффга жамоа топилмай қолинса, қўйи Лигадаги жамолар бу ўринларни тўлдирадилар.

Тасаввур қилинг, А Лигадаги 12 терма жамоадан 10таси оддий саралаш ўйинлари орқали йўлланмани қўлга киритиб бўлсин. Яна 2 терма жамоа плей-оффда қатнашади ва уларга рақиб сифатида қўйи лигадан 2 терма жамоа қўшилади. Фақат, эътиборли тарафи шундаки, бу қўшиладиган 2 терма жамоа гуруҳ ғолиблари бўлмаслиги керак. Чунки, гуруҳ ғолиби бўлган терма жамоа ўз лигасидаги рақиблар билан плей-оффда ўйнаши мантиқан тўғрироқ. Агар гуруҳ ғолиби юқори лигадаги плей-оффни тўлдириш учун тепага чиқарилиб, кучлироқ рақибга дуч келса-ю, гуруҳда ғолиб бўлмаган жамоалар осонроқ рақиблар билан ўйнашса, адолатдан бўлмасди. 

Дарвоқе, Евро-2020 финал босқичига қуръа 2019 йилнинг 30 ноябрь куни бўлиб ўтади. Яъни, қуръа пайтида фақат 20 иштирокчи аниқ бўлади, холос. 2020 йилнинг март ойида юқорида тилга олинган плей-офф ўйинлари ўтиб олгач, плей-оффда йўлланмани қўлга киритган 4 жамоа учун қўшимча қуръа ташкил қилинади.

2 тур натижаларига кўра гуруҳлардаги вазият қуйидагича кўриниш олган:

Мавзуга оид