21-27 март кунлари Европада қитъа чемпионати учун саралаш босқичининг дастлабки 2 тур ўйинлари ўтказилди. Бу сафарги турнир, хусусан саралаш ўйинлари ҳам бироз фарқли бўлиб ўтаётгани туфайли, аксарият мухлисларда тушунмовчиликлар юзага келган бўлиши табиий. Шунингдек, Миллатлар Лигаси деб номланган янги турнир ташкил этилгани ва бу мусобақанинг ҳам қитъа чемпионати саралашига таъсири борлиги кўпчиликни чалкаштирди.
Шунинг учун Евро-2020 саралаши ва ушбу мусобақага Миллатлар Лигаси орқали чиқиш йўллари ҳақида тушунча бериб ўтишни лозим топдик.
Аввало, шуни таъкидлаш керакки, 21 март куни бошланган ва дастлабки 2 тури ниҳоясига етган саралаш баҳсларининг олдингилардан кескин фарқи йўқ. Фақатгина, саралаш ўйинлари одатдагидек, кузда эмас, етти ой кечроқ, баҳорда бошланганини эътироф этиш мумкин.
Бошқа томондан ҳаммаси тушунарли, 10 гуруҳга бўлинган жамоалар 20 йўлланма учун давравий тизимда кураш олиб боришади. Ҳар бир гуруҳда дастлабки 2 ўринни эгаллаган терма жамоа тўғридан-тўғри қитъа чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.
Европа чемпионатида 24 жамоа иштирок этиши кўзда тутилган. Хўш, 20 терма жамоанинг қандай аниқланиши тушунарли, хўш, қолган 4 йўлланма қандай тарзда ўз эгасини топади?
Аввалги форматда, мана шу гуруҳларда кейинги ўринларни эгаллаган терма жамоалар плей-оффда тўқнаш келиб, 4 йўлланма эгаси аниқланарди. Бу сафарги ўзгариш шундаки, энди мана шундай плей-офф саралаш гуруҳларидаги 3-ўрин соҳиблари ўртасида эмас, Миллатлар Лигасидаги ғолиблар ўртасида бўлиб ўтади.
Шу ўринда Миллатлар Лигаси ҳақида ҳам қисқача эслатиб ўтамиз. Бу турнирда Европадаги терма жамоалар 4 (А, В, С ва D) лигаларга бўлинганди. А лигада энг кучли терма жамоалар, В лигада рейтинг бўйича кейинги терма жамоалар ва ҳоказо тарзда лигалар ажратилганди. Ҳар бир лигада 4тадан гуруҳ бўлиб, 2018 йилнинг кузида ҳар бир гуруҳда ғолиблар аниқланган.
Демак, бир йилдан сўнг, 2020 йилнинг март ойида Миллатлар Лигаси ғолиблари, яъни, ҳар бир гуруҳда 1-ўринни олган жами 16 жамоа иштирокида плей-офф ўйинлари бўлиб ўтади. Масалан, А Лигасидаги 4 гуруҳда ғолиб бўлган 4 жамоа ярим финал ва финал шаклида плей-офф ўйинлари ўтказишади. Ўйинлар уйда ва сафарда тизимида бўлиб ўтади. 4 жамоа иштирокидаги мана шу мини турнирда ғолиб чиққан терма жамоа Евро-2020’га йўлланмани қўлга киритади. Худди шу шаклда, В, С ва D Лигаларидаги гуруҳ ғолиблари ўртасидаги плей-оффлар яна уч иштирокчини аниқлаб беради.
Бу ерда яна бир жиҳат бор. Масалан, Миллатлар Лигасига гуруҳ ғолиби бўлган терма жамоа оддий саралаш гуруҳидаги ўйинлар орқали Европа чемпионатига йўлланмани қўлга киритиб бўлиши мумкин. У ҳолда, плей-оффда унинг ўрнига шу Лигадаги кейинги терма жамоа плей-офф иштирокчисига айланади. Агар масалан, А лигадаги жамоаларнинг ҳаммаси Евро саралашини муваффақиятли якунлашган бўлиб, плей-оффга жамоа топилмай қолинса, қўйи Лигадаги жамолар бу ўринларни тўлдирадилар.


















