Жамият | 20:08 / 29.03.2019
6296
3 дақиқада ўқилади

Давлат божхона қўмитаси «Китоб – менинг дўстимсан» акциясини уюштирди

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Жорий йилнинг 19 мартида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш масалалари қаторида ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда китобхонликка берилаётган эътибор шу кунларда янгича мазмун-моҳият касб этмоқда.

Айни шу анъанадан четда қолмаган ҳолда давлат божхона хизмати органлари томонидан ҳам ёшлар ўртасида китобхонликни, мутолаа маданиятини юксалтиришга қаратилган турли тадбирлар ташкил қилинмоқда.

2019 йил 29 март куни Давлат божхона қўмитаси томонидан бир гуруҳ фаол ёш ходимлар, Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари етакчилари иштирокида пойтахтимиздаги 21-Меҳрибонлик уйида “Китоб – менинг дўстимсан” акцияси уюштирилди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Акция доирасида меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ўзбек ва рус тилларидаги турли қомусий, эртак, бадиий ва шеърий адабиётлар туҳфа қилинди.

Тадбир аввалида ёш божхоначилар тарбияланувчилар билан мулоқотга киришишар экан, китобга ошно бўлишнинг қадри, қиймати ҳақида сўз юритишди.

Дарҳақиқат, китоб инсоннинг ички дунёсига нур олиб киради. Китобга меҳр қўйган, у билан дўст тутинган инсоннинг кўнглига хотиржамлик, маънавий оламига эса гўзаллик ошуфта бўлади. Зеро, ўқишдан тўхтаган одам фикрлашдан ҳам тўхтайди.

Тадбир доирасида турли ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижоди, бадиий асарлар қаҳрамонлари ҳақида бўлиб ўтган савол-жавобларда зукко тарбияланувчилар ўз билимларини синовдан ўтказишди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Китобхонлик кечасига айланиб кетган тадбирда ижодкор божхона ходимлари ва шеър машқ қилаётган ўқувчилар ўз шеърларидан мутолаа қилишди.

Ҳали сиёҳи қуримаган, буёқ ҳиди уфуриб турган янги китобларни ажиб бир иштиёқ билан варақлашга тушган болаларнинг юзу кўзидаги қувонч аслида эзгуликдан нишона. Муҳтарам Юртбошимиз таъбири билан айтганда “Эзгулик кириб борган юракларга ҳеч қачон ёвузлик яқин йўламайди”.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Китобхонлик тарғиботига қаратилган бу каби тадбирлар давлат божхона хизмати органларида давом этмоқда.

Мавзуга оид