Жаҳон | 12:05 / 14.04.2019
58242
3 дақиқада ўқилади

«Ўз нонимизни ўзимиз топамиз». Тожикистондаги мардикор бозордаги аёллар қисмати 

Фото: Asia-Plus

Баҳорнинг илиқ кунлари бошланиши Тожикистоннинг Бўхтар (собиқ Қўрғонтепа) аёллари учун мардикор бозорининг янги мавсуми бошланганини англатади, деб ёзади АП

Нашрда эълон қилинган мақолада баён қилинишича, Бўхтарда юзлаб аёллар оиланинг барча харжини ўз зиммасига олишга мажбур бўлиб, мардикор бозорга чиқади. Аслида бу ерга яқин туманлардан ҳам аёллар келиб, меҳнат бозорида рақобат қилади. 

«2000-йиллардан бошлаб, Тожикистондаги йирик шаҳарлар марказларида стихияли меҳнат бозорлари пайдо бўла бошлади. Халқ орасида мардикор бозор номи билан аталадиган ёлланма ишчилар тўпланадиган жойларда, аввал, эркаклар кўпроқ кўринарди. Сўнгги пайтларда эса турли ёшдаги аёллар ҳам бозорда фаоллашган. Улар оиласини боқиш учун кўп иш қилишга рози бўлади», —  дейилади мақолада. 

АП Хатлон вилояти маъмурий маркази мамлакатдаги биринчи аёллар мардикор бозори ташкил топган ҳудуд эканлигига урғу берган.

«У ерда ён-атрофда, юзида бахт ифодаланиб турган аёлларни учратмайсиз. Уларнинг ҳаммаси оиласи ҳақида қайғуриш билан банд», — дея таъкидланади мақолада. 

Аёллар уйга қуруқ қайтмаслик учун оғир ишларга, хусусан қурилиш, дала иши ва юк ташишга ҳам рози бўлиши баён қилинган. Таъкидланишича, уларнинг айримлари кунига 30 сомонидан кўп (тахминан 28 минг сўм) маош олмай ишлайди.

«Бизга бир неча маротаба кўмак берилиши айтилган. Завод қурилиши, янги иш ўринлари ҳақида кўп ваъдалар берилган, аммо бу фақат сўзда қолган. Биз энди ҳеч кимга ишонмаймиз, ўз нонимизни ўзимиз топишга ўргандик», — дейди меҳнат бозорида мижоз кутиб турган аёллардан бири .

Бўхтар аҳоли бандлиги ва меҳнат муносабатлари бошқармаси баёнотига кўра, ўша аёлларнинг аксари ўрта махсус таълимга ҳам эга эмас.

«Аёллар биз таклиф қилаётган ишга рози бўлишмайди», — деган бошқарма мутахассиси Зиёдулло Маизода.

Мутахассис аёлларга 500 сомони (тахминан 450 минг сўм) маош берадиган иш таклиф қилинаётганини айтса-да, негадир аёллар мардикор бозори ҳануз оила бағрида бўлмаган хотин-қизлар билан гавжум.

Мавзуга оид