Спорт | 10:00 / 24.04.2019
4958
3 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқда велоспорт бўйича Осиё чемпионатининг очилиш маросими бўлиб ўтди

23 апрель куни Тошкент вилоятининг Чорбоғ сув омборида велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича Осиё чемпионатининг очилиш маросими ўтказилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси, мамлакат велосипед спорти федерацияси раиси Танзила Норбоева, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов, Осиё Велоспорт Конфедерацияси (ASS) президенти Осама Аҳмад Ал-Шафар, хорижлик меҳмонлар, спорт жамоатчилиги ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

«Тадбирда сўзга чиққанлар Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистонда спорт соҳасини янада ривожлантириш, истеъдодли спортчиларни камол топтириш учун бир қатор ишлар амалга оширилаётганини, бунинг самарасида нуфузли халқаро турнирлар, жаҳон чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинларида спортчиларимизнинг юқори натижаларни қўлга киритаётганини таъкидлашди. Шунингдек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини юксалтириш, улар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, аҳоли ўртасида Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган велоспортни янада оммалаштириш бўйича саъй-ҳаракатлар қилинаётгани ҳақида тўхталиб ўтди», дейилади Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Маълумот учун, ушбу мусобақа ўсмирлар, катталар ва паралимпиячилар ўртасида ташкил этилиб, унда Хитой, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Вьетнам, Ҳонгконг, Малайзия, Филиппин, Таиланд, Мўғулистон, БАА, Иордания, Эрон, Саудия Арабистони, Яман ва Ливан каби 40га яқин мамлакатдан келган 500 нафардан ортиқ велопойгачилар иштирок этади.

Осиё чемпионатида эркаклар ва аёллар 2020 йилда Токиода бўладиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун ҳам ўзаро рақобатлашади.

Осиё чемпионати Тошкент шаҳрининг марказий кўчалари ҳамда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг Тошкент – Чимён – Сижжак йўли йўналиши бўйлаб ўтказилади.

Мусобақа доирасида, 25 апрель куни Халқаро ҳамкорлик марказида Халқаро велосипедчилар иттифоқи (UCI) томонидан антидопинг семинари бўлиб ўтади. Ушбу семинарда 40га яқин давлат вакиллари иштирок этади. 26 апрель куни Тошкент шаҳридаги «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида Осиё велосипед спорти конфедерациясининг навбатдаги Конгресси ҳам ўтказилади.

Бундан аввалроқ 22 апрелдан 28 апрель кунига қадар Тошкент вилояти ҳудудида велосипед спортининг шоссе йўналиши бўйича Осиё чемпионати ўтказилиши муносабати билан Бўстонлиқ туманига олиб борувчи айрим йўлларда ҳафта давомида автомобиль ҳаракати тўхтатилиши маълум қилинганди.

Мавзуга оид