Ўзбекистон | 13:05 / 25.04.2019
6539
3 дақиқада ўқилади

«Ўзстандарт» фаолияти такомиллаштирилади. Ҳукумат қарори қабул қилинди

Фото: Ўзстандарт

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги (“Ўзстандарт”), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ташқи савдо ва инвестициялар вазирлигининг қуйидаги тартибни жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Ушбу тартибга мувофиқ:

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг мувофиқлигини декларациялаш йўли билан тасдиқлаш ҳуқуқи берилган тадбиркорлик субъектлари календарь йил якунида ишлаб чиқарилган декларацияланган маҳсулотлар реализацияси бўйича мувофиқлик белгисидан фойдаланганлик учун бир марталик тўловни амалга оширади;

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларининг "Маҳсулотлар ва хизматлар сифати соҳасидаги хизматлари учун” мукофоти лауреатлари бўлган маҳаллий корхоналар номзод маҳсулот бўйича мувофиқлик сертификати амал қилиш муддатида мувофиқ белгисидан фойдаланганлик учун бир марталик тўловдан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 12 декабрдаги ПҚ-4059-сон қарорига мувофиқ:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар стандартлаштириш ва метрология бошқармалари тугатилиб, Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилинишини таъминлаш департаменти ташкил этилган;

Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 3 октябрдаги 342-сон қарори билан ташкил этилган “Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштиришни ривожлантириш махсус жамғармасининг қўшимча харажатлари моддалари назарда тутилган.

Белгилаб қўйилишича:

Департамент тугатилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар стандартлаштириш ва метрология бошқармаларининг 2018 йил 12 декабрга қадар имзоланган шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Фаолиятни сифатли амалга ошириш учун автотранспорт воситаларини, алоқа ва Интернет ресурсларини ажратиш, шунингдек, Департамент ҳудудий инспекторларининг эҳтиёжлари учун бошқа моддий-техника воситаларини ажратиш билан боғлиқ бўлган ва “Ўзстандарт” агентлиги томонидан аниқланадиган харажатлар Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва шаҳарлардаги синов ва сертификатлаштириш марказларининг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.

Мавзуга оид