Ўзбекистон | 00:03 / 27.04.2019
8267
3 дақиқада ўқилади

OECD: Ўзбекистонда давлат ва хизмат сирларининг аниқ рўйхати шакллантирилиши лозим

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD)нинг Ўзбекистон бўйича мониторинг ҳисоботига кўра, мамлакатда давлат ва хизмат сирлари тушунчасига аниқлик киритилиши, бундай сирларга қандай ахборотлар кириши аниқлаштирилиши лозим. Бу ҳақида Тashkent Law Spring форуми дастуридаги «Ҳукуматнинг очиқлиги ва шаффофлиги» муҳокама сессиясида ташкилот консултанти Мурод Ҳусанов маълум қилди.

Консултант OECDнинг Ўзбекистонда ҳукумат шаффофлигини таъминлашга оид тавсияларини баён қилди. Унга кўра, коррупцияга қарши, хусусан, мазкур ҳолат кузатилиши эҳтимоли юқори бўлган божхона ва солиқ тизимида аниқ механизмларни йўлга қўйиш, мамлакатда мавжуд электрон ҳукумат (е-government)нинг имкониятларини кенгайтириш, очиқ маълумотларнинг интернет тармоғида эълон қилинишининг тартибларини белгилаш, давлат бюджети билан боғлиқ ҳисоб-китобларни очиқ амалга ошириш керак. «Давлат cирлари тушунчаси остида ахборотларга санкция қўйилиши устидан аниқ механизмлар назорат олиб бориши лозим», ─ дейди OECD вакили.

Маълумот учун, «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги қонун 1997 йилда қабул қилинган. Унинг 9-моддасида «Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирдан иборат ахборотни беришлари мумкин эмас», ─ деб белгилаб қўйилган.

Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича Молия бошқариш сектори раҳбари Арман Ватян ҳам Ўзбекистонда ҳукумат шаффофлигини таъминлаш бўйича тавсияларни келтириб ўтди. «Фуқаролар давлат ва жамият учун дахлдор ҳар қандай қарорнинг қабул қилиниш жараёнида иштирок этиши лозим. Ҳукумат айнан қайси халқаро рейтингларда юқори поғоналарга қараб интилиш кераклигини белгилаши керак. Эътибор қаратилиши керак бўлган яна бир муҳим жиҳат бор: тўғри, кўп ҳолларда маълумотлар очиқ эълон қилинаётган бўлиши мумкин, аммо улар қанчалик сифатли ва ишончли?» ─ дейди мутахассис.

Сессия панелида ҳукумат шаффофлигини таъминлашда давлат бюджетининг очиқлиги роли хусусида ҳам фикрлар билдирилди. «Норма» МЧЖ директори Михаил Перпернинг баён этишича, 2017 йилда давлат бюджети ҳақидаги аниқ рақамлар мутлақо ошкор этилмаган, фақатгина фоизлар ва умумий структура кўрсатилган. 2018 йилда эса давлат бюджетининг ҳисоботи эълон қилинди, 2019 йил учун мўлжалланган бюджет режаси омма эътиборига ҳавола этилди. «Тест режимида ишлаётган OpenBudget портали орқали фуқаролар бюджет нималарга сарфланиши ҳақида маълумотга эга бўлиши, қайси соҳаларга маблағ ажратиш бўйича ўз таклифларини билдириши мумкин», ─ дея қайд этди Перпер.

Аввалроқ пойтахтда Тashkent Law Spring халқаро юридик форумининг иш бошлагани ҳақида маъулумот берилган эди. Биринчи маротаба ўтказилаётган мазкур форумда 37 хорижий мамлакатдан мингдан зиёд юридик соҳа вакиллари иштирок этмоқда.

Мавзуга оид