Жаҳон | 20:22 / 29.04.2019
17103
2 дақиқада ўқилади

Зеленский штаби Порошенконинг атрофидагиларга жиноий жавобгарлик билан таҳдид қилди

Фото: РИА Новости

Украинанинг бўлғуси президенти Владимир Зеленский штаби амалдаги президент Пётр Порошенконинг атрофидагилар нопок ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкинлигини айтди. 

Зеленский штаби Порошенко атрофидагиларни Россия ОАВ билан ҳамкорлик қилиш ва улар орқали нотўғри маълумот тарқатишда айблаган, бироқ гап қайси ОАВ ҳақида кетаётганини кўрсатмаган. Штабда айтилишича, амалдаги президент атрофидагилар сайловлардаги ғалабасидан кейин оиласи билан Туркияга дам олгани кетган Зеленскийни ёмонотлиқ қилишга уринмоқда.

“Баъзилар ўз мағлубиятини муносиб қабул қилишга тайёр эмас, унинг атрофи эса нопок ҳаракатларини яширишга ҳаракат қилиб тиниқ сувни лойқаламоқда. Бироқ жавобгарлик муқаррар. У тез орада келади. Ахир Зеленскийнинг қисқа муддатли ва етарлича бетинч ҳордиғи тугади. У ишларга қайтмоқда. Баъзилар учун улар жиноий бўлиши мумкин”, деб айтилган Зеленский штаби баёнотида.    

Жумладан, “Блок Пётр Порошенко” партиясидан депутат Владимир Арьев аввалроқ Зеленский Туркиядаги ҳордиғи вақтида Россияга яхши муносабатда бўлган германиялик сиёсатчи Грегори Гизи билан гўёки кабоб тайёрлаганини маълум қилган. Бироқ кейинроқ Арьев ҳеч қандай Гизи бўлмагани, фақатгина турк ресторани ишчиси бўлганини маълум қилган, бироқ дастлабки хабар ОАВда тарқалишга улгурган.

Шунингдек, турли  Телеграм-каналларда Зеленский гўёки Туркияда украиналик олигарх Игор Коломойскийнинг 40 метрлик яхтасида дам олгани ва Россия президенти ёрдамчиси Владислав Сурков вакиллари ҳамда Украинанинг “Мухолиф майдон – Ҳаёт учун” партияси сиёсий кенгаши раиси Виктор Медведчук билан учрашгани таъкидланган.

Мавзуга оид