17:14 / 02.05.2019
22027

Олтиариқликлар ҳокимликдан норози: Тумандаги кўп йиллик боғ бузилмоқда. Қабристон ўрнида янги боғ ташкил этишмоқчи

Бизлар арра тортмоқдамиз, аррамизнинг тиши йўқ,
Арранг тиши борми деб сўрагани киши йўқ.

Эркин Воҳидов

Сўнгги йилларда бутун республика бўйлаб кўп йиллик улкан дарахтларни кесиш ҳолатлари авж олди. Бу «кампания» водий ҳудудларида ҳам кенг миқёсда олиб борилмоқда. Йиллар давомида одамларга салқинлик улашиб келган дарахтлар ўрнида бийдек кўчалар пайдо бўлмоқда. Олтиариқ туманининг бир гуруҳ фуқаролари ушбу ҳолат юзасидан Kun.uz таҳририятига мурожаат қилишди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Эркин Воҳидовнинг ҳамшаҳарлари нимадан норози?

«Туман марказидаги бу боғ барпо этилганига 70-80 йил бўлди. Бу туманимиздаги ягона боғ. Дам оладиган, ҳордиқ чиқарадиган бошқа жой йўқ. Байрам тадбирлари ҳам шу ерда ўтказилади. Лекин 2 йилдирки бу боғ тақдири хавф остида қолди. Бозоримиздаги тадбиркорларнинг жойлари бузилиши муносабати билан уларга айнан шу ерлардан жой берилар экан. Аввалига бу жойларни 28та дўкон учун ўлчаб бўлиб беришди. Бу биринчи уриниш эди. Бу ишларни айтиб Қурилиш вазири Тўхтаевга ёздим. Шундан сўнг, туман ҳокими бизга «ЎзшаҳарсозликЛИТИ»дан рухсат кутаётгани ҳақида маълумот берди. Бу ташкилот эса ҳокимга рухсат бермади. Иккинчи уринишда эса стадионимиз ва бу ердаги чойхоналарни стандартларга жавоб бермайди, деган важ билан бузмоқчи бўлишди. Аммо очиқ ва ёпиқ спорт мажмуаларини бузиш фақатгина Вазирлар Маҳкамаси рухсати билан амалга оширилади. Бу уриниш ҳам ўхшамади. Аммо боғимиз доим хавф остида қолавермоқда.

Шунингдек, боғ ҳудудида ноқонуний тарзда суд биноси қурилмоқда. Йиғилишда ҳокимнинг ўзи бу суд раиси илтимоси билан қурилганини тан олди. Давлатнинг кўрсатган жойи қолиб шу ерга қуришибди. Куни кеча бу ерда Фарғона вилоят ҳокими сайёр қабул қилди. Ҳокимга бу масала бўйича мурожаат қилдик. Ҳоким бу бино қурилиши нотўғри бўлганини ва бундан бехабарлигини айтди. Бундан ташқари, бу боғ дарахтлари кесилишини ҳам қўшимча қилди. Агар дарахтлар кесилса биз қаерга борамиз. Мана одамлар дам оляпти. Ягона боғимиз кесиб ташланса ёши улуғларимиз дам олгани қаёққа боришади? Олтиариқ халқининг дам олишга ҳаққи йўқми?

Президентимиз халқ фикри билан ўртоқлашинглар деяпти-ку? Бу ноқонуний қурилган жойни Эркин Воҳидов музейига айлантириш таклифи билан чиқмоқчимиз», дейди куюниб Мухторжон Исмоилов.

«Бу боғдаги дарахтлар тарихи узоқ вақтларга бориб тақалади. Бу жойлар аввал ўрмон бўлган. Кейин бу жой Сталин номидаги боғга айлантирилган. Ҳамма байрамлар шу ерда ўтказилган. Лекин, охирги вақтлардаги раҳбарлар сабабли боғимиз борган сари қисқариб боряпти. Шу озгина жой қолди, холос. Бошқа салқин жойимиз йўқ туманда. Ахир, одамларга бундай кўкаламзор жойлар керак-ку?», дейди собиқ ҳоким Акром Эргашев.

«Эскиларда «Яхшидан боғ қолади, ёмондан доғ» деган мақол бор. Мен шу боғдан сал наридаги уйда туғилганман. Эркин ака Воҳидов билан бир кўчада. Бу адибимизга боғ Марғилонда ташкил этилди. Биз шуни тушунолмаяпмиз. Майли, қаерда бўлса ҳам борармиз деймиз. Бу боғимиз бир тарафи 50 метр, бир тарафи 150 метр жойда. Шунинг ҳам бир чеккасини судга жой қилишибди. Суд биноси аслида бошқа жойда бўлиши керак. Бизга қолса шу боғга Эркин Воҳидовни номи берилса, ноқонуний қурилган суд биноси кутубхонами ёки адиб номига музей қилсак бўлади-ку? Рухсат берилса, Олтиариқ халқи, ёшларимизнинг ўзи бу ишни қилиб олишади. Фарғона каналини 45 кунда қазиган халқ учун бу ишни қилиш ҳеч нарса эмас», дейди Маъруфхўжа Бузрукхўжаев.  

«Қўлимда Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши турибди. Унга кўра, ҳар бир туман марказида 10 гектардан боғ ташкил қилиш лозим. Бизда тайёр боғ бор. Ҳужжатда йўлакчалар, ўриндиқлар ташкил этилиши белгиланган. Кеча Фарғона телевидениесидан келишди ва бу дарахтлар соғлиққа зарарлиги ҳақида кўрсатув қилиб кетишди. Бу аҳолига зиён эмиш, қуриб қолган эмиш. Дарахтлар кесилар эмиш. Мен энди бир фуқаро сифатида Конституциямизнинг 35-моддасига кўра ариза, таклиф ва шикоят бериш ҳуқуқим борлиги сабаб, таклиф билдирмоқчиман. Бузилгандан сўнг, бу жойда нима қилинади? Дўкон қурмоқчи бўлишса, бизга дўкон керак эмас. Бизда юзлаб бундай савдо дўконлари бор. Истироҳат боғимиз эса ягона. Шу боғ қолишини сўраймиз», дейди Шуҳратилло Алихонов.

Ҳафсаласи пир бўлган болалар боғчаси эгаси

Боғ ҳақида ёши улуғларнинг фикрларини эшитдик. Улар кўп йиллардан бери Олтиариқнинг муҳим қисми бўлиб келган боғни сақлаб қолиш учун ҳақли эътирозлар билдиришмоқда. Агар бу жой ҳам бузилса, уларга бошқа дам оладиган, салқин жой қолмайди. Бу боғ бузилиши нафақат оддий аҳолига, балки тадбиркорликка ҳам зарар келтириши мумкин экан. Шу масалада, ушбу боғ бир четидаги болалар майдончаси эгаси Муаззамхон Ўтанова ўз шикоятларини билдириб ўтди.

«2010 йили хусусий дўконимиз бор эди. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан бузилиши айтилган эди. Ер талаб қилганимизда бизга бу жойлар аттракцион қилиш учун берилди. Ер ажратилганидан бери мана 8 йил бўлди. Ўтган йиллар давомида бу ерни шундай кўринишга келтирдик. Ўзимиз емадик, ичмадик. Шу ерни чиройли қилиш учун ҳаракат қилдик. Энди эса ёнимизга суд биноси қурилган, бизнинг аттракционлар бузилиб бу жой олиб қўйилар экан. Бу боғ қандай йўқ қилинади, ҳайронмиз. Бу суд биноси бизнинг аттракционни ҳам тўсиб қолади. Биз Олтиариқ халқи учун, болалар учун шунча меҳнат қилгандик. Агар шунақа бўлаверса, давлатга ишончимиз қоладими?», дейди тадбиркор аёл.

Адиб уйига зиёрат

Олтиариқлик шикоятчилар билан суҳбатлашганимиздан сўнг, марҳум адиб Эркин Воҳидов хонадонига ҳам кириб ўтдик. Адибнинг амакиваччаси Рустамжон Воҳидов билан учрашдик.  

«Бу боғни кесиш жуда нотўғри иш бўлади. Ота-бобомиз боғни бу ҳолатга олиб келиш учун қанча тер тўккан. Жуда катта чинорларимиз бор эди, кўпчилиги кесилиб кетди. Бу жудаям ёмон. Марғилонда акам номи қўйилган хиёбони ташкил этилди. Лекин ўзининг юрти бўлган Олтиариқда қилинса ҳам бўларди-ку? Марғилонга борсам, ёши катталар мени чақириб бу боғ аслида марҳум Маъмуржон Узоқов номидаги боғ эди. Эркин акадан кам жойи йўқ дейишди. Тўғри гапиришди», дейди адибнинг қариндоши.

Қабристон устига қурилаётган боғ

Аслида бир боғ чинорлари кесилиши бўйича келган жойимизда яна бир шикоят мавзусига дуч келдик. Бу янги қурилаётган боғ жойи ҳақида экан. Маълум бўлишича, боғ олдин бу жойда бўлган қабристон ўрнига қурилаётган экан. Шикоятчилардан бирининг сўзларини келтириб ўтамиз: «Яқин тарихда ҳам бу қабристон фойдаланишда бўлган. Менинг ота-онам, боболарим ва икки фарзандим ҳам ҳозир шу ерда ётибди. Бу янги қабристон эди. Мен ўзи тадбиркор эдим. Мурожаат қилсам, шу жойга дўкон қуришимни таклиф қилишди. Қандай қилиб? Икки фарзандим, бобо ва эналарим ётган бўлса? Қайси жойда ким ётибди аниқ айтиб беришим мумкин. Яна бир жиҳат, вилоят ҳокими шу юз йилларга бориб тақаладиган боғни кесармиш. Вилоят ҳокими қандай буни айтяпти, ҳайронман. Ахир, у президентимизнинг ишонарли одами-ку?», дейди Тоҳиржон Тожибоев.

Эътирозларнинг барчасини холис томон сифатида охиригача тингладик. Энди бу шикоятлар ўринлими ёки йўқ? Буни билиш учун туман ҳокимияти томон йўлга отландик. Бу жойда масъул ҳоким ўринбосарини топиш қийин бўлмади. Шикоятчилар вакиллари ва ҳокимият томон билан мулоқот бошланди.

Ҳокимиятдаги баҳс

«Дарахтлар кесилиши осонгина айтиладиган жараён эмас. Ҳар бир дарахтнинг кесилиши учун алоҳида экологиядан рухсат олинади, нарх белгиланади. Кейин қарор қабул қилинади», дейди ҳоким ўринбосари Назиржон Назаров.

Амалдорнинг бу сўзларига жавобан шикоятчи Исмоилов Мухторжон эътироз билдирди: «Вилоят ҳокими яқинда сайёр қабул қилди. Ўша мажлисда ҳам шуни кўтариб чиқдик. Вилоят ҳокими мени ёнига чақириб бу боғ кесилиши, дарахтлар эскириб қолгани ҳақида гапирди. Дарахтлар яхши ҳолатда турганини, ўзи муштдеккина боғимиз борлигини айтдим. Бу боғимиз ҳам бузилса, одамлар қаёққа боради? Боғни кесиш бу сизнинг фикрингиз, лекин халқ бунга қарши, дедим».

«Ҳамма нарса ўзгаряпти. Келажакда туман марказлари кенгайиши бор. Ўзидан-ўзи ҳеч ким кесиб, бузиб ташламайди. Қайсидир фармон ёки қарорга асосланиб бўлади ҳаммаси. Ҳозирча бу жойларни бузиш режада йўқ. Янги боғ ҳам ташкил қилиняпти. Ҳозирча бузиш учун ҳеч қандай асос йўқ бизда», дейди мансабдор шахс.

Шундан сўнг, шикоятчилар ҳоким ўринбосарига ўз эътирозларини билдиришди. Ҳокимият ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги бу тортишувлар ҳозир ҳам давом этмоқда. Олтиариқнинг баҳаво ҳудуди бўлган ушбу боғ дарахтлари масаласи ҳамон очиқлигича қолмоқда.

Баҳодир Аҳмедов – мухбир
Муҳаммаджон Ғаниев - тасвирчи

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top