Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг хабар беришича, департаментнинг Олтиариқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда субсидия маблағларини ўзлаштирган фермер хўжаликлари аниқланган.

Жумладан, “A.S.” ва “I.Y.” фермер хўжаликлари масъул шахслари “M.B.” хусусий корхонаси раҳбари Р.М. билан ўзаро тил бириктириб, ушбу фермер хўжаликлари ерларига ҳақиқатда ўрнатилмаган 14 629 дона шпалерлар учун жами 219,3 млн сўм субсидия маблағлари ажратилишига эришиб, пулларни “M.B.” хусусий корхонаси орқали нақдлаштириб олганликлари аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.